26 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани суди Ўзбекистон президентининг оиласи ҳақидаги видеога ҳақоратли фикр билдиргани учун туманда яшовчи шахсга нисбатан ҳукм чиқарди. «Газета.uz» мазкур ҳукм билан танишиб чиқди.

Иш материалларига кўра, ёз фасли бошида 19 ёшли И.Д. Instagram ижтимоий тармоғида President family видеоси остида Шавкат Мирзиёев ҳақида изоҳ қолдирган. Суд экспертизаси унда президентни «ҳақоратлаш ва обрўсизлантириш» билан боғлиқ ҳаракатларни аниқлади.

Судланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, дўстларининг маслаҳатидан сўнг изоҳини ўчириб ташлаганини айтди. Орадан вақт ўтиб, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилганидан хабар топгач, 24 август куни ўз ихтиёри билан чет элдан Ўзбекистонга қайтган.

«У Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсатдан норози эмаслиги, шунчаки ёшлик қилиб, тушунмасдан ҳақоратли сўз ёзиб қўйганини айтди», — дейилади суд қарорида.

И.Д қилмишидан пушаймон бўлиб, суддан жазони енгиллаштиришни сўраган.

Судья Т.Алмаматов уни Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисми (Ўзбекистон Республикаси президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш)назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди. Йигитга нисбатан 2 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Суд, шунингдек, dilshod_oke9377 Instagram саҳифасини блоклашни буюрди ва бу вазифани Рақамли технологиялар вазирлигига юклади.

«Газета.uz» мазкур модда бўйича 10 га яқин суд қарорини ўрганиб чиқди, унга кўра, судланувчиларнинг эркинликлари чекланган. Шундай қилиб, бу кўп ойлардан буён президентни ҳақорат қилгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилган биринчи суд қарори саналади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил март ойида Жиноят кодекси телекоммуникация тармоқлари ёки интернетдан фойдаланган ҳолда президентни оммавий ҳақоратлаш ёки туҳмат қилиш учун жавобгарликни белгиловчи модда билан тўлдирилган.