15 апрель куни Нью-Йоркда АҚШ собиқ президенти Дональд Трампнинг порноактриса Сторми Дэниэлсга қилган тўловлари бўйича ишга доир суд жараёни бошланди, деб хабар бермоқда CNN. Трамп АҚШ тарихида жиноий жавобгарликка тортилган биринчи собиқ президентга айланди.

Трамп бизнес ёзувларини сохталаштириш билан боғлиқ 34 та банд бўйича айбланмоқда. Иш материалларига кўра, 2016 йилги сайловлар олдидан Трамп адвокат орқали Дэниэлсга у билан бўлган алоқалари ҳақида гапирмаслиги учун 130 минг доллар тўлаган.

Тўловнинг ўзи қонунбузарлик эмас эди, бироқ Трамп ва унинг адвокати буни юридик харажатлар учун тўлов сифатида белгилаган, бу эса Нью-Йорк штатида ҳисоботларни сохталаштириш ҳисобланади ва жиноий қонун билан жазоланади.

Собиқ президент унга қўйилган айбловни тан олмаяпти ва Дэниэлс билан алоқаси борлигини рад этмоқда.

Ҳар бир банд бўйича максимал тўрт йиллик қамоқ жазоси кўзда тутилган. Бироқ судья жазо муддатини ўз хоҳишига кўра белгилаш ҳуқуқига эга, у Трампни синов муддатига ҳукм қилиши ҳам мумкин.

Суд мажлиси бошланишидан олдин журналистлар, Трампга қарши намойишчилар ва унинг тарафдорлари суд биноси олдида тўпланди. Суд жараёнига сиёсатчининг ўзи келди. Матбуот билан қисқа суҳбатда у жараённи «таъқиб» ва «Америкага ҳужум» деб атади. «Ҳеч ким ҳеч қачон бундай нарсани кўрмаган», — деди собиқ президент.

Суд жараёни олти ҳафта давом этиши кутилмоқда. Судья Трампга чекловлар қўйди ва гувоҳлар, прокурорлар, суд ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари ҳақида очиқ гапиришни тақиқлади. Прокурорлар аллақачон ижтимоий тармоқлардаги учта пости учун Трампни тақиқни бузганликда айблаб, суддан унга жарима солишни сўради.

  • Сторми Дэниэлсга тўлов иши ҳозирда яна президентликка қайтишга уринаётган Трампга нисбатан тергов олиб борилаётган тўртта жиноий ишдан биридир. Гап Грузиядаги 2020 йилги сайлов натижаларини бекор қилишга уриниш, 2021 йил январида Капитолийга бостириб кириш ва махфий ҳужжатлар билан ноқонуний муомала қилиш ҳақида бормоқда. Трамп барча айбловларни рад этади.
  • Март ойида Трамп Республикачилар партиясидан президентликка расмий номзодликни қўлга киритиш учун праймеризда етарлича делегатларни қўлга киритганди.