Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 2024 йилда 5,5 фоизни ташкил қилади, кейин эса 2025 йилда 5,6 фоизгача ошади, дея прогноз қилмоқда Осиё тараққиёт банки ўзининг «Осиё ривожланиши истиқболлари» ҳақидаги янги ҳисоботида.

Тартибга солинадиган нархлар ошишининг уй хўжаликлари даромадига таъсири туфайли ўсиш секинлашиши кутилмоқда, бу эса истеъмол талабининг пасайишига олиб келиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Ўзбекистон ЯИМининг амалдаги ўсиши ҳукумат ҳисоб-китобларига кўра 6 фоизни ташкил қилган. ОТБнинг ўтган йилги худди шундай прогнозида Ўзбекистоннинг 2024 йил учун ЯИМи ўсиши 5 фоизга баҳоланган эди.

«Ўтган йили саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги барқарор кўрсаткичлар туфайли Ўзбекистонда таҳсинга сазовор иқтисодий ўсиш кузатилди, — деди ОТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Канокпан Лао-Арая. — Ушбу кучли ўсишни кучли инвестиция муҳити ва асосий озиқ-овқат маҳсулотларини солиқдан озод қилиш бўйича стратегик сиёсат қўллаб-қувватлади, бу эса қатъий пул-кредит сиёсати билан биргаликда инфляциянинг сезиларли секинлашишига ёрдам берди».

ОТБ маълумотларига кўра, 2024 йилда ўсиш суръатларининг секинлашиши прогноз қилинаётганига қарамай, иқтисодий прогнозлар эҳтиёткорона ижобий бўлиб қолмоқда.

Хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида ўсиш суръати секинлашиши кутилмоқда, шу билан бирга, хусусий истеъмол ва инвестициялар бироз сустлашиши кутилмоқда. Энергетика соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ва пул-кредит сиёсатининг қатъийлашиши таъсирларининг мувозанатлашуви ҳисобига инфляция суръатларининг барқарор даражада сақланиб қолиниши прогноз қилинмоқда

«Бироқ бюджет-солиқ сиёсати муаммоларга дуч келмоқда, чунки таркибий ислоҳотлар ва ижтимоий харажатларнинг кўпайиши бюджет консолидацияси ва тақчилликни камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни чеклаши мумкин. Бинобарин, импортнинг ошиши ва тушумларнинг камайиши сабабли бюджет тақчиллигининг ошиши ва тегишлича жорий ҳисоб тақчиллигининг ортиши кутилмоқда», — дея прогноз қилади ОТБ.

Банк таҳлилчиларининг фикрича, Ўзбекистоннинг «яшил» иқтисодиётга ўтишида «яшил» ривожланиш сиёсати ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳозирги вақтда яшил сиёсатнинг турли вазирликлар ва идоралар ўртасида бўлиниши яшил иқтисодиётга самарали эришиш учун хавф туғдиради. Иқлим сиёсати бўйича махсус кенгаш тузиш Ўзбекистонга саъй-ҳаракатларни оптималлаштириш, мувофиқлаштиришни яхшилаш ва мамлакатнинг барқарор иқтисодий амалиётга ўтиш жараёнини тезлаштириш учун самарали ечим сифатида таклиф қилинмоқда.