Ўзбекистонда 2023 йилда ўсиш суръати секинлашиши кутилмоқда, бунинг сабаби сифатида иқтисодиётда талабнинг, айниқса, хусусий истеъмол ва хизматлар соҳасида талабнинг пасайиб бориши кўрилмоқда. Бундай хулоса Осиё тараққиёт банкининг 6 апрель куни тақдим этган «Осиё тараққиёти истиқболлари» ҳисоботида келтирилди.

ОТБ Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2023 ва 2024 йилларда 5 фоизга ўсишини прогноз қилмоқда ва бу ўтган йилги 5,7 фоиз даражасидаги ўсишдан бир оз пастроқ.

«Хатарлар Россияга қарши давом этаётган санкциялар ва улар Ўзбекистон экспортига бўлган ташқи талабга қандай таъсир қилиши кўринишида сақланиб қолмоқда», — дейилади ҳисоботда.

«Ўзбекистон ҳукумати иқтисодиётни тез тиклаш ва янада ривожлантириш бўйича дадил ва ишончли қадамлар ташлади. 2021 йилда пандемиядан кейин тикланиш рўй берганидан сўнг ўсиш секинлашган бўлса-да, у чидамлиликни намойиш этди ва кучли бўлиб қолди», — деди ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори в.б. Энрико Пинали.

Углеводородларга бўлган талабнинг ўсиши, шунингдек, асосан Россиядан бўлган кийим-кечак ва қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларига кучли ташқи талабга жавобан тўқимачилик, озиқ-овқат ва тоғ-кон саноатида камтарона тикланиш натижасида саноат 2023 ва 2024-йилларда 5,5 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, озиқ-овқат, уй-жой, омборхона ва транспорт хизматларига талаб пасаяётгани сабабли хизматларнинг ўсиши ҳар икки йилда ҳам 5,5 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда. Хусусий истеъмол ва инвестицияларнинг ўсиши меъёрида бўлиши кутилмоқда.

Инфляция босимининг давом этиши — бу қисман амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар ва ижтимоий харажатларнинг ортиши билан боғлиқ. Бироқ, пул-кредит сиёсати қатъий бўлиб қолаётганлиги сабабли ўртача инфляция 2023 йилда 11 фоизга, 2024 йилда эса 10 фоизга тушиши кутилмоқда. Озиқ-овқат инфляциясини жиловлаш учун ҳукумат истеъмол қилинадиган ёғлар, парранда гўшти, буғдой, ун ва гуручни импорт божидан озод қилишни 2023 йил охиригача узайтирган.

Ижтимоий ҳимоя, таълим ва соғлиқни сақлашга кутилаётган юқори харажатлар бюджет тақчиллигининг давом этишига олиб келади. Олтин заҳираларининг кўпайиши ҳисобига 2023 ва 2024 йилларда ялпи валюта захиралари 37 миллиард долларгача ошиши кутилмоқда. Ҳар икки йилда кенг пул массаси 25 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда.

Ҳисоботда қайд этилишича, аҳоли сони йилига 2 фоизга ўсаётганини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонда кўпроқ умумтаълим мактаблари ва яхши таълим талаб этилади. Ўрта таълимга, жумладан, касб-ҳунар ўқув юртларига давлат томонидан 2022 йилда таълим соҳасига қилинган харажатларининг қарийб 72,3 фоизи сарфланган. Мактабга қабул қилишни яна 1,2 миллион ўқувчига ошириш учун ҳукумат тахминан 1961 та мактаб қуриши ёки дарсларни икки сменада олиб боришга имкон яратиш учун ўқув кунини қисқартириши керак.

Ўрта таълим сифати ташвишга солмоқда. Ўзбекистон ҳали ҳам ўрта мактаб таълими сифатини қиёсий баҳолаш учун халқаро талабаларни баҳолаш дастурини ўтказиши керак. Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистон иқтисодиётини диверсификация қилиш учун фан, технология, муҳандислик ва математика (STEM) бўйича кўникмаларга эга бўлган малакали ишчи кучига эҳтиёж мавжуд.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган. Ўшандан бери ОТБ мамлакатга 10,8 миллард доллар миқдорида қарз, грант ва техник кўмак тақдим этган.