Тошкент шаҳри ҳокимлиги Австралиянинг Сидней шаҳри тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ягона код доирасида маҳалла ва кўчаларни ободонлаштириш ва реконструкция қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов 9 апрель куни маҳаллаларга ташрифи чоғида маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири.

3 апрель куни Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимида бир йилдан ортиқ вақт давомида ишлаб келган Шавкат Умурзоқов шаҳар ҳокимлиги раҳбари этиб тасдиқланганди. Кейинги кунларда у ишчи гуруҳ билан пойтахтнинг барча ҳудудларида бўлди. 9 апрель куни «Газета.uz» учта туманда бўлиб ўтган йиғилишларда иштирок этди, унда ҳоким бир қатор маҳаллаларни «қизил» тоифадан чиқариш бўйича чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди.

Илк йиғилиш Юнусобод туманидаги Шоштепа маҳалласида бўлиб ўтди. Туман ҳокими Баҳодир Абдувалиев Шоштепа ва Акбаробод маҳаллалари инфратузилмаси ва қиёфасини яхшилаш юзасидан тақдимот қилди.

баҳодир абдувалиев, сидней кодлари, тошкент, шавкат умурзоқов, юнусобод тумани, дизайн коди

Шаҳар ҳокимининг айтишича, президент Шавкат Мирзиёев Юнусобод туманидаги Қашқар маҳалласига ташрифи чоғида реконструкция қилинган ва кенгайтирилган 5-мактаб билан танишар экан, чекка маҳаллаларни ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берган.

«Давлатимиз раҳбари мактабдаги шароитлар билан танишиб, бундай шароитлар нафақат Қашқар маҳалласида, балки шаҳарнинг барча, жумладан, чекка маҳаллаларида ҳам бўлиши керак, деган топшириқлар берди… Раҳбар мендан нега шаҳар марказида бундай шароитлар бору, чекка маҳаллаларда йўқлигини сўради. Ҳамма жойда шароитлар шундайми, деб сўради. Сукут сақлашдан бошқа иложим қолмади. Президентимиз томонидан ҳар бир маҳаллага етарли миқдорда маблағ ажратилмоқда, ободонлаштириш ва амалга ошириш — масъул шахсларнинг пассив ҳаракатлари самараси. У шундай деди: «Нега? Бир маҳаллага кўп пул ажратиб, бошқасига кам ажратяпманми? Ёки турлича имкониятлар тақдим этяпманми? Ҳаммага бир хил миқдорда ажратяпман, шунинг учун ҳам масъул раҳбарларга, фаолларга мурожаат қилмоқчиман: биз кўзланган натижага фақат биргаликда эриша оламиз», — деди Шавкат Умурзоқов.

«Нафақат шаҳар марказида, балки энг оғир ва чекка маҳаллаларда ҳам, хоҳ ободонлаштириш, хоҳ қашшоқликка қарши кураш бўлсин, идеал шароитлар бўлиши керак», — деди у.

Шаҳар ҳокими 47 гектар майдонда жойлашган Шоштепа маҳалласидаги 17 та кўп қаватли уйда 5,5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётганини таъкидлади. У «гарчи бундай бўлмаслиги керак» бўлса ҳам «қизил» тоифага киритилган.

Шавкат Умурзоқов кўча ва маҳаллаларни ободонлаштириш Сидней тажрибасидан келиб чиқиб амалга оширилиши кераклигини айтди. Сиднейнинг «кўча кодлари» 2021 йилда қабул қилинган. 443 варақдан иборат ҳужжатда кўчалар учун лойиҳа кодлари ва техник шартлар, уларни лойиҳалаш ва таъмирлаш бўйича кўрсатмалар ва талаблар, инфратузилма (шу жумладан, кўча ёритгичлари, мебеллар, ободонлаштириш, кўча санъати), жамоат жойлари ҳамда қурилиш ишлари учун материаллар рўйхати келтирилган.

«Авваллари ободонлаштириш 2−4 та уйдаги муаммоларни бартараф этишни англатарди ва бўлди. Биз бу ёндашувдан узоқлашамиз. Энди аҳоли сонидан келиб чиқиб, биз атрофида қанча скамейка бўлиши кераклигини аниқлаймиз, масалан, 1 ёки 17 та уй, нечта ўйин майдончаси бўлиши ва улар қаерда қурилиши керак, қанча воркаут зонаси керак, болалар майдончаси қаерда бўлсин, кексалар қаерда дам олиши керак, амфитеатр, хиёбон қаерда бўлиши керак, дарахтни қаерга экиш керак, яъни қаерларда уларни суғорса бўлади, қанча чиқиндини йиғиш пунктлари бўлиши керак, сут дўконини қаерга қўйиш керак, қаерларда ноқонуний бинолар бор ва ҳоказо», — деди Тошкент шаҳри ҳокимлиги раҳбари.

Ҳоким барча маҳаллаларда қўлланадиган стандарт ва нормалар ишлаб чиқилишини таъкидлади.

баҳодир абдувалиев, сидней кодлари, тошкент, шавкат умурзоқов, юнусобод тумани, дизайн коди

Туман ҳокими Баҳодир Абдувалиев коллеж ҳудудидаги 40 сотих бўш ерни «ўқувчиларнинг ўқув жараёнига таъсир қилмасдан» аукцион савдосига қўйиш режалаштирилаётганини айтди. Тошкент ҳокими бу ҳудудда янги уй қурилмаслигини таъкидлади.

«Биз уй қурмаймиз, бунга қаршимиз. Аксинча, ўтган сафар прокурор норозилиги билан ушбу маҳаллада дарахтлар кесилиши мумкин бўлган уй қурилиши бекор қилиниб, ерлар ҳокимлик заҳирасига қайтарилган эди. Бу ерда нима қуриш кераклиги ҳақида сиз билан маслаҳатлашамиз. Маҳалла муаммоларидан бирини ҳал қилиш керак. Яъни бу иш ўринлари яратиш, таълим муассасаси ёки хизмат кўрсатиш пункти лойиҳаси бўлиши мумкин. Фойдали элемент бўлиши керак», — деди Шавкат Умурзоқов.

Баҳодир Абдувалиев маҳаллани реконструкция қилиш режаси билан таништирди, марказда «диққатга сазовор жой», шунингдек, пиёдалар йўлаклари, амфитеатр ва бошқа объектлар бўлади. Пойтахт ҳокими пиёдалар ҳаракатига халақит бермаслик учун маҳалла чегарасида пиёдалар йўлакларини велосипед йўлакларидан ажратиб, велосипедчилар учун зоналар ташкил этишни таклиф қилди.

Унга кўра, маҳаллада тасдиқланган коэффициентлар доирасида фаолият юритаётган мактаб ва боғчалар етарли.

баҳодир абдувалиев, сидней кодлари, тошкент, шавкат умурзоқов, юнусобод тумани, дизайн коди

Туман ҳокими Mega Planet савдо мажмуаси ёнидаги 26,5 гектар майдонда жойлашган Акбаробод маҳалласини ривожлантириш чора-тадбирлари ҳақида ҳам сўз юритди. У ерда 21 та уйда 3248 нафар аҳоли истиқомат қилади.

2024 йилда бу ерда 9,5 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилиши режалаштирилган:

  • 5000 кв. м ички йўлларни асфальтлаш — 675 миллион сўмга;
  • Янги шаҳар кўчаси бўйлаб 600 м пиёдалар йўлаги ва хиёбон ётқизиш — 1,2 миллиард сўмга;
  • маҳалла ичида 600 м пиёдалар йўлаги ётқизиш, болалар ва спорт майдончалари, дам олиш масканлари, кексалар учун дам олиш маскани ва хиёбон қуриш — 4,2 миллиард сўмга;
  • 7200 кв. метрлик 6 та уйнинг том ва фасад қисмини таъмирлаш — 2,7 миллиард сўмга;
  • яна бир «Махсустранс» чиқинди йиғиш пункти қуриш — 100 миллион сўмга;
  • 6000 кв. метрни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш — 600 млн сўмга.

Бошқарув компанияси ва «Махсустранс» корхонаси маблағлари ҳисобидан 2,8 миллиард сўмлик, бўш турган ва фойдаланилмаётган объектларни аукцион савдолари орқали сотиш ҳисобига 6,7 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилади.

Яна 22,5 миллиард сўмни (1 сотих учун 65 минг доллар) 27,5 сотихлик учта бўш ер участкасини аукционда сотиш орқали жалб қилиш режалаштирилган. Маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга 15,8 миллиард сўм сарфланади.

«Бу дастлабки ҳисоб-китоблар. Сизнинг топшириқларингиз бўйича аҳоли учун „Сидней кодлари“ бўйича шароитлар яратилади, шунинг учун ўриндиқлар, кўчаларни ёритиш ва бошқа элементлар сони ўзгариши мумкин», — деди туман ҳокими.

Тошкент шаҳри ҳокими маҳаллалар раисларига белгиланган чора-тадбирлар, муддатлар ва миқдорлар кўрсатилган бош режа ишлаб чиқилгани ҳақида маълум қилди. Ўз навбатида, улар аҳоли ободонлаштириш режалари билан танишиши ва унинг ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиши учун ушбу режаларни ўз маҳаллаларига жойлаштиришлари керак.

«Бизга жамоатчилик назорати ва керакли миқдордаги турли объектлар керак. Масалан, Олмазор туманидаги маҳаллалардан бирида „Махсустранс“ бу ерда иккита чиқинди йиғиш пункти (ЧЙП) етарли эканини таъкидлаганди. Ҳисоблаганимизда яна иккита кераклиги маълум бўлди. Агар бу бажарилмаса, баъзи одамлар учун ЧЙП узоқ бўлиб қолади ва улар чиқиндини кўчага ташлайди. Ёки ахлат қутилари жуда тез тўлиб, чиқиндилар ерга тушиб қолади», — дейди у.

Шавкат Умурзоқов аҳоли ҳовлига ўз автомобилларини тўхтатиб қўймаслиги учун маҳалла фуқаролар йиғинига кираверишда давлат-хусусий шериклик асосида кўп қаватли автотураргоҳлар қуриш муҳимлигини ҳам таъкидлади. У ерда электромобилларни қувватлантириш станциялари ҳам ўрнатилиши керак, деди у.

«Ҳозир қувватлагичларни ҳар ким ўзи хоҳлаган жойга қўймоқда. Аммо шундай қувватлагичларнинг бир донаси 20 хонадоннинг кунлик электр энергияси истеъмолини сўриб юборади… Шунинг учун электр заряд станцияларини ўрнатишда яқин атрофдаги уйларнинг энергия таъминотига юк бўлмаслиги учун қувватни ҳисобга олиш керак», — дея қайд этди ҳоким.

Шаҳар ҳокими маҳаллаларда оқсоқоллар учун айвонлар ва бошқа иншоотларни лойиҳалаш ва қуришда «дабдабага боришнинг ҳожати йўқ»лигини таъкидлади.

«Бу давлат пули. Сиз нархни ҳисобга олишингиз ва юқори сифатли ҳамда тўғри маҳсулотларни танлашингиз керак. Агар дизайн кодимиздан яхшироқ қилишни истасангиз, ҳомийларни жалб қилишингиз мумкин. Биз темир соябон бир маҳаллада 10 сўмдан, бошқасида 25 сўмдан қурилишига йўл қўймаймиз», — деди у.

Шунингдек, шаҳар ҳокими ўз ўринбосари Дурдона Раҳимовага мактаб ва боғчалардаги озиқ-овқат сифати, шароитларни ўрганишни топширди.