3 апрель куни Тошкент шаҳри ҳокими лавозимига тайинланган Шавкат Умурзоқов (бунгача ҳоким вазифасини бажарувчи эди) орадан икки кун ўтиб, ишчи гуруҳ билан бирга бутун пойтахт туманлари бўйлаб айланишни бошлади. «Газета.uz» шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати улашган маълумотлар асосида 4 кунлик иш жараёнида олинган сурат ва видеоларни бир саҳифага жамлади.

Ҳоким бу жараённи 5 апрель куни Олмазор туманидан бошлади. У шаҳардаги секторлар раҳбарлари ва ҳоким ўринбосарлари билан бирга Мустақил юрт маҳалласида бўлиб, ҳудудни ўрганди. Маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва бошқа йўналишдаги ишлар кўриб чиқилиб, муҳокама этилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга топшириқ берди. Маҳаллани «Обод маҳалла» тамойили асосида реконструкция қилиб, «ягона усул» (единий код) тизимига мослаштириш режа қилинди.

6 апрель куни шаҳар ҳокими Бектемир туманидаги Олтинтопган маҳалласига борди. Йиғилиш ўтказиб, шаҳар ва туман масъулларини танқид қилди. Мавжуд камчилик ва муаммолар муҳокама этилди. Якунда ҳоким борган маҳалла ҳам «Обод маҳалла» тамойили асосида реконструкция қилиниб, «ягона усул» тизимига мослаштирилиши айтилди.

Шундан сўнг ишчи гуруҳ Миробод туманининг Янги Қўйлиқ маҳалласини ўрганиб чиқди. Ташриф вақтидаги йиғилишда маҳаллаларда жалб этувчи нуқта, ёшлар ва нуронийлар учун қулай ва муносиб маскан мавжуд бўлиши шартлиги қайд этилди.

«Шаҳар ҳокими шунча раҳбарлар билан нега келибди, деган фикрни инсонларимизга етказинглар. Биз бу ерга фуқароларимизнинг шароитини яхшилаш учун келдик. Ҳар битта хонадон эгалари чиқиб, дам олиб ўтирадиган жойи бўлса, фарзанди яхши таълим олаётган бўлса, соғлиқни сақлаш тизими яхши хизмат кўрсатса, ўшанда хурсанд бўламиз», — деди ҳоким.

Яшнобод туманига ташриф давомида Боғбон маҳалла гузарида Жарбоши ҳамда Боғбон маҳаллаларининг ижтимоий инфратузилмаси, йўллари, аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар танқидий жиҳатдан ўрганилди. Шу жумладан, МФЙлар учун барча шароитларга эга маъмурий биноларни қуриш зарурати айтиб ўтилди.

Кун Мирзо Улуғбек туманининг Алишеробод маҳалласида бўлиб ўтган ўрганиш ишлари билан якунланди. Туманда ўтган йиғилишда Шавкат Умурзоқов Тошкентда маҳаллалар фаолиятининг ягона механизми жорий этилаётганини айтиб ўтди.

8 апрель куни пойтахт ҳокими Янгиҳаёт, Сергели, Чилонзор ва Учтепа туманларининг «қизил тоифа»га киритилган маҳаллаларида бўлди.

Тонгги ташриф Янгиҳаёт туманидан бошланди. Унда Тошкент ва Хўжа Учқун маҳаллаларининг ҳолати ўрганилди. Маҳаллаларни ривожлантиришда «еттилик» зиммасига масъулият юклатилди. Ҳоким ҳамкасблари ва туман аҳолиси билан бирга «Яшил макон» лойиҳаси жоирасида манзарали кўчатлар экди.

тошкент, шавкат умурзоқов, шаҳар ҳокими

Сўнг ҳоким яна бир «қизил тоифа»га киритилган Сергели туманидаги Нур-Ҳаёт маҳалласига ташриф буюрди. Йиғилишда ягона концептуал ёндашув асосида кўп қаватли автотураргоҳларни самарали ташкил этиш орқали «Автомобилсиз ҳовли» концепциясига амал қилиш зарурлиги қайд этилди. Туман ҳокими маҳаллани ривожлантириш бўйича таклифларни тақдим қилди. Шавкат Умурзоқов тақдимотда ҳаракатланиши чекланган фуқаролар ва ногиронлиги бор шахслар учун шароит яратиш кўзда тутилмаганига эътибор қаратди. Маҳаллада 50 нафар ишсиз фуқаро борлиги танқидий ўрганилиб, уларни иш билан таъминлашга устувор аҳамият берилди. Маҳалла оқсоқоллари шифохона йўқлиги масаласини кўтарди. Бу борада масъулларга муаммони атрофлича ўрганиб, таклифлар тайёрлаш топширилди.

тошкент, шавкат умурзоқов, шаҳар ҳокими

тошкент, шавкат умурзоқов, шаҳар ҳокими

Чилонзор туманидаги Кўтарма маҳалласига борган Шавкат Умурзоқовга маҳаллани «қизил тоифа»дан чиқариш бўйича йўл харитаси тақдим этилди. Мазкур туман ва маҳаллада аҳоли зич жойлашган, кўп қаватли уйлар кўплиги сабаб тезкор хизматларнинг кириши имкони, болалар ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш масаласи бошқа жойлардан кўра кескинроқ. Ҳоким бу ҳудудда ҳам «Автомобилсиз ҳовли» концепциясини амалга оширишни таъкидлади.

Кунлик ташриф Учтепа туманида якунланиб, Шавкат Умурзоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ тумандаги Фарҳод маҳалласи бўлди. 63 гектар бўлган бу маҳаллада 2522 оила яшайди. Унда ижтимоий соҳа объектлари етишмайди. Шунингдек, ёшлар ва кекса авлод вакилларининг фаол, соғлом вақт ўтказиши учун ҳеч қандай жой йўқ. Маҳаллада кўп қаватли автотураргоҳ ҳам қуриш керак.

Ҳоким ёшлар учун кутубхона ташкил этиш доирасида уни book cafe форматида қилиш зарурлигини таъкидлади, шунда ўқувчилар ва талабалар нафақат китобларни олиб кетишлари, балки уларни жойида — шинам ва сокин муҳитда ўқиш имкониятига эга бўлишлари зарурлигини айтди.

Туманларга ташриф 9 апрель куни ниҳоясига етди. Тошкент шаҳри ҳокими мутасаддилар билан бирга Юнусобод, Яккасарой ва Шайхонтоҳур туманларини айланди.

Ташриф давомида ҳоким Юнусобод туманидаги «қизил тоифа»га киритилган Шоштепа ва Акбаробод маҳаллаларининг ҳолатини кўздан кечирди. Маҳаллада аҳоли бандлиги даражаси пастлиги, бу борада тезкор чоралар кўриш зарурлиги айтилди. Ноқонуний қурилишларга чек қўйилгани ортидан маҳаллада катталар ва болалар учун қулайликлар яратиш учун қўшимча майдон очилди. Шунингдек, электр транспорт воситаларининг сони кўпаяётгани сабабли ҳар бир маҳалла ҳудудида электр транспорт воситаларини қувватлантириш шохобчаларини ташкил этиш зарурлиги айтилди.

Яккасарой туманининг Бобур маҳалласидаги ҳолат ўрганилганда маҳалланинг асл назоратини фуқаролар қўлига топшириб, унинг ҳудудида доимий даромад келтирувчи объектларни ташкил қилиш эҳтиёжи таъкидланди. Кўчабоши, уйбоши, йўлакбоши каби анъанани жонлантириш, уларнинг зиммасига ижара уйларида яшайдиган аҳолининг рўйхатини тузиб бориш, БСКлар ёрдамида ҳамда аҳолини жалб қилган ҳолда уйлар атрофини ободонлаштириш юклатилиши кўзда тутилган. Ушбу маҳаллада ҳам «Автомобилсиз ҳовли» концепциясини бажариш учун кўп қаватли тураргоҳ қуриш зарурлиги қайд этилди.

тошкент, шавкат умурзоқов, шаҳар ҳокими

Бундан ташқари, у Шайхонтоҳур туманининг Янги Камолон маҳалласида ҳам мутасаддилар ва аҳоли билан йиғилиш ўтказди.

тошкент, шавкат умурзоқов, шаҳар ҳокими

Шавкат Умурзоқов бундан бир йил аввал — 2023 йилнинг мартида пойтахт ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди. Бунга қадар У 2018 йилнинг июнь ойидан буён «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси лавозимида ишлаган.

«Газета.uz» аввалроқ пойтахтдаги аҳоли орасида сўровнома ўтказиб, улардан шаҳар ҳокимини таниш ёки танимаслиги, шунингдек, ундан нималар кутаётганини сўраганди.