Ўзбекистонда 2024 йилнинг биринчи чорагида судлар 4477 нафар шахсни оиладаги зўравонлик моддалари бўйича жавобгарликка тортди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар берди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59−2- моддаси — оиладаги (маиший) зўравонлик бўйича 4343 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, улардан 2344 нафарига жарима жазоси қўлланган, 1999 нафари эса маъмурий қамоққа олинган.

Такрор ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар билан содир этилган оиладаги (маиший) зўравонлик учун 134 нафар шахс Жиноят кодексининг 126−1-моддаси билан судланган, шундан 51 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 83 нафарига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

Ушбу моддалар 2023 йил апрель ойида қонунчиликка киритилган. Ўтган йил давомида ушбу моддалар бўйича 9131 нафар шахс жавобгарликка тортилган.

«Газета.uz» қонунларга киритилган, аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлашга қаратилган ўзгартишлар ҳақида ёзганди. Улар устида бир йил давомида вазирлик ва идоралар, нодавлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек, фуқаролик фаоллари, жумладан, Nemolchi.uz лойиҳасининг бир гуруҳи ишлаган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59−2-моддаси БҲМнинг 20 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа, Жиноят кодексининг 126−1-моддаси эса 12 йилгача озодликдан маҳрум этишга сабаб бўлади.

Йилнинг дастлабки уч ойида 318 киши шаҳвоний шилқимлик қилишда айбланиб, судлангани ҳақида ёзгандик. Яна 40 киши шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилишда айбдор деб топилган.