Ўзбекистонда 2023 йилда Жиноят кодексининг 126−1-моддаси (Оилавий (маиший) зўравонлик) билан 203 нафар шахс судланди, деб хабар бермоқда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов.

Қайд этилишича, уларнинг 59 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 144 киши эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони олган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59−2-моддаси (Оилавий (маиший) зўравонлик) билан эса жами 8928 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 5229 нафарига жарима жазоси, 3699 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 11 апрелда «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган ва Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар оиладаги зўравонликни назарда тутувчи моддалар билан тўлдирилган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2023 йилда шаҳвоний шилқимлик айби билан 666 нафар шахс жавобгарликка тортилган.

Аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилувчи қонуннинг тўлиқ тафсилоти билан мазкур ҳавола орқали танишиш мумкин.