Ўзбекистонда 2024 йилнинг биринчи чорагида 318 нафар шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддасига асосан жинсий зўравонлик содир этганликда айбланиб, улардан 97 нафари жаримага тортилди, 221 нафари маъмурий қамоққа олинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар берди.

Ушбу модда кучга кирган 2023 йилнинг апрель ойидан буён мазкур модда бўйича судланганларнинг умумий сони 984 нафарга етди (2023 йилда — 666).

Жинсий зўравонлик учун жазо — БҲМнинг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 суткагача маъмурий қамоқ, бир йил давомида такроран содир этганлик учун — БҲМнинг 5 дан 7 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ.

Жиноят кодексининг 141−3-моддаси «Шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш» (ўтган йилнинг апрель ойида кодексга киритилган) бўйича 40 нафар шахс судланган. Уларнинг 13 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 27 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган. Ўтган йил давомида ушбу модда бўйича 48 нафар шахс судланган.

Ушбу жиноят БҲМнинг 400 дан 600 бараваригача жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Ўша ҳаракатлар такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки ўн саккиз ёшга тўлмагани маълум бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, — 360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

«Газета.uz» қонунларга киритилган, аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлашга қаратилган ўзгартишлар ҳақида ёзганди. Улар устида бир йил давомида вазирлик ва идоралар, нодавлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек, фуқаролик фаоллари, жумладан, Nemolchi.uz лойиҳасининг бир гуруҳи ишлаган.

Киритилган ўзгартиришлар туфайли, хусусан, оиладаги зўравонлик эндиликда маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.