«Ўзавтосаноат» компанияси бошқаруви раиси Умиджон Салимов эгаллаб турган лавозимидан бўшатилди. Бу ҳақдаги қарор 26 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев раислиги остида Ўзбекистон автомобиль саноатини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда қабул қилинди.

«Ўзбекистон 24» телеканали «Ахборот 24» дастурининг хабар қилишича, ишдан бўшатилишга фаолиятидаги камчиликлар ва соҳадаги қониқарсиз ҳолат сабаб бўлган.

«Ўзавтосаноат"га аввал Бош прокуратура тизимида фаолият кўрсатган Шавкат Умурзоқов раҳбар бўлди.

Йиғилишда маҳаллийлаштириш дастурларининг самарасизлиги, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмининг сезиларли даражада камайгани, соҳа корхоналарининг қарздорлиги ва зарарлари, шунингдек тизимдаги коррупция ва фирибгарлик тўғрисида сўз борди.

Сўнгги икки ярим йил давомида автомобиллар савдосига оид коррупция ва фирибгарлик ҳолатлари бўйича 99 та жиноий иш қўзғатилган, дея хабар қилинди дастурда.

Йиғилишда президент «Ўзсаноат» тизимини соғломлаштириш ва қисқа муддатларда коррупцияга барҳам беришни топшириб, қаерда порахўрлик бўлса, ўша ерда ўсиш бўлмаслигини таъкидлаб ўтди.

Давлат раҳбари соҳанинг соғлом ривожланишига тўсқинлик қилаётган ходимларни халқ ва давлат манфаатлари учун ишлашга тайёр янгича фикрловчи ёшлар билан алмаштириш бўйича алоҳида топшириқ берди, дея қайд этди Шавкат Умурзоқов интервьюда.

Президент Ўзбекистон автомобиль саноатини ривожлантириш бўйича концепцияни ишлаб чиқишга икки ой муддат берди.