Ўтган ҳафта лавозимига тасдиқланган Тошкент ҳокими Шавкат Умурзоқов маҳаллалар фаолиятининг ягона механизмини жорий қилмоқда, дея хабар қилди пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Хусусан, маҳаллалар инфратузилмаси, уларнинг қиёфасини ягона стандартга келтириш, аҳолини режа ва ўзгаришлардан хабардор қилиш учун шаффоф мониторинг тизимини яратиш кўзда тутилган.

«Маҳаллаларнинг асл бошқаруви фуқаролар қўлига топширилиб, масъуллар зиммасига эса давлатимиз раҳбари томонидан шаҳримиз аҳолиси қулайлиги ва хавфсизлигини таъминлаш юклатилади», — дейилади хабарда.

Ўтган ҳафтада ҳоким бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бектемир туманининг Олтинтопган, Миробод туманининг Янги Қўйлиқ, Яшнобод туманининг Жарбоши ва Боғбон ҳамда Мирзо Улуғбек туманининг Алишеробод маҳаллаларидаги ҳолатни танқидий ўрганиб чиққан.

маҳалла, тошкент

Ҳар бир маҳаллада жалб қилувчи нуқта, озиқ-овқатлар ва сут маҳсулотлари бозорчаси, болалар учун ўйингоҳлар, оталар чойхонаси, воркаут майдончаси, соғлом турмуш тарзи учун велойўлаклар ва югуриш йўлаклари каби қулайликлар бўлиши, йўлларнинг равон ва хавфсизлиги таъминланиши, ҳудудда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг профилактикаси изчил ташкил этилиши зарурлиги айтилган.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига тизимли ёрдам ташкил қилиниб, ишсизларнинг бандлигини таъминлаш зарурати, шу жиҳатдан, аҳолининг тадбиркорлигини ривожлантиришда банкларнинг ўрни катта экани қайд этилди. Бундан ташқари, ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг сони ва рўйхатдан ўтганини назоратга олиш топшириғи берилди, дейилади хабарда.

Ҳар бир маҳаллада жамоатчилик асосида кўчабоши, уйбоши, йўлакбоши каби ходимларни жалб қилиш, ишини самарали ташкил қилган ходимларни рағбатлантиришда KPI тизимини жорий қилиш режа қилинмоқда.

Маҳаллаларда мавжуд ноқонуний қурилмаларни бартараф этиб, уларни аҳоли учун фойдали, самарали масканларга айлантириш, кузатув камераларини ўрнатиш орқали ҳудудларда хавфсизлик даражасини ошириш муҳимлиги муҳокама қилинган.