Ўзбекистонда 2023 йилда давлат органлари, адлия, прокуратура ва судлар, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини (маҳаллаларни) сақлаш ва нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш харажатлари қарийб 25 фоизга ошди. Бу Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларида акс этган.

2021 йилда ушбу мақсадлар учун 10,46 триллион сўм йўналтирилган эди: давлат органлари, адлия ва прокуратура органларини сақлашга — 8,48 триллион сўм, адлия органларини сақлашга — 849,8 миллиард сўм, маҳаллалар ва ННТларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга — 1,13 триллион сўм.

2022 йилда ушбу харажатлар 30,5 фоизга ошиб, 13,65 триллион сўмни ташкил этган: давлат органлари, адлия ва прокуратура органлари — 11,47 триллион сўм (+35,2 фоиз), суд органлари — 1,12 триллион сўм (+31,5 фоиз), маҳаллалар ва ННТлар — 1,07 трлн сўм (-5,6 фоиз).

2022 йил декабрь ойида Ўзбекистонда маъмурий ислоҳот эълон қилинган. Ўшанда Шавкат Мирзиёев «қўлда бошқариш»дан ихчам ва самарали бошқарув тизимига ўтиш вақти келганини айтганди. Маъмурий ислоҳот тўғрисидаги фармон ва қарорда ҳукуматга ҳисобдор бўлган мустақил ижро этувчи ҳокимият органлари сонини 61 тадан 28 тага қисқартириш, шунингдек, «адолатли меҳнатга ҳақ тўлаш тизими» жорий этилган ҳолда ижро ҳокимияти органлари ходимлари, шу жумладан, бошқарув аппарати ходимларини кўпи билан 30 фоизга қисқартириш кўзда тутилганди.

Штат бирликларини оптималлаштириш натижасида ажратилган маблағларни ижтимоий муаммоларни ҳал этишга йўналтириш режалаштирилган эди. Молия вазирининг собиқ ўринбосари Одилбек Исаков давлат идораларини қисқартириш ва уларнинг харажатларини оптималлаштириш орқали давлат бюджетининг 2,8 триллион сўми тежалишини таъкидлаганди.

2023 йилга мўлжалланган «Фуқаролар учун бюджет»да (ҳар йилнинг бошида эълон қилинади) ушбу мақсадлар учун 15,24 триллион сўм ажратилган: давлат органлари, прокуратура, адлия ва судлар учун 13,79 триллион сўм, маҳаллалар ва ННТлар учун 1,45 триллион сўм. Маъмурий ислоҳот ҳисобига бу харажатлар 12,44 триллион сўмгача камайиши керак эди.

Хусусан, маблағларни қуйидагича тежаш режалаштирилган эди:

  • 2,4 триллион сўм — вазирлик ва идоралар ходимларини 30 фоизгача қисқартириш орқали;
  • 300 миллиард сўм — давлат органларининг 300 дан ортиқ бўш турган биноларини сотиш ҳисобига;
  • 16,5 миллиард сўм — лавозими қисқартириладиган 55 та раҳбарларнинг автомашиналарини аукционда сотиш йўли билан;
  • 17 миллиард сўм — ҳудудларга хизмат сафарлари сонини қисқартириш ва «виртуал ташриф» тизимини жорий этиш орқали;
  • 22 миллиард сўм — давлат бошқаруви аппаратини сақлаш харажатларини (канцтоварлар ва бошқалар) оптималлаштириш ҳисобига;
  • 18 миллиард сўм — расмий тадбирларни ўтказишда максимал нархларни ўз ичига олувчи стандартларни белгилаш ва харажатларни оптималлаштириш орқали.

Қонунчилик палатаси 2022 йил декабрь ойида 2023 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунни маъмурий ислоҳотлар тўғрисидаги фармон чиқарилмасидан аввалроқ қабул қилган, молиявий ҳужжатда вазирлик ва идораларнинг олдинги сони ҳамда уларни молиялаштириш параметрлари сақланиб қолган.

2020−2023 йилларда давлат органлари, шунингдек, маҳаллаларнинг сони ва 2024 йил учун прогнози.2020−2023 йилларда давлат органлари, шунингдек, маҳаллаларнинг сони ва 2024 йил учун прогнози.

Адлия органлари, судлар ва прокуратура органларидаги ходимлар сони.Адлия органлари, судлар ва прокуратура органларидаги ходимлар сони.

2024−2026 йилларга мўлжалланган бюджетномада 2023 йил давомида адлия, суд ва прокуратура органлари ходимлари сони 16,5 минг нафардан 12,7 минг нафарга камайгани қайд этилган. Шу билан бирга, давлат органлари сони 308 тадан 310 тага кўпайган.

Уларни сақлаш харажатлари 17 триллион сўмга ошган, бу 2022 йилдаги харажатлардан 24,5 фоизга кўп ҳисобланади. Ушбу маблағларнинг давлат бюджети харажатларидаги улуши 5,7 фоиздан 6 фоизга ўсган.

2024 йилда давлат органлари, судлар, маҳаллалар ва ННТларни сақлаш харажатлари 19,8 триллион сўмга, 2025 йилда эса 22,2 триллион сўмга ошади. 2026 йилга келибгина миқдор 20,9 триллион сўмгача камайиши кутилмоқда.