Президент Шавкат Мирзиёев чоршанба куни халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши сессиясида пойтахтда ҳали ишга солинмаган имкониятлар ҳақида гапирди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Қайд этилишича, 979 та ер участкасини аукционга чиқариш, қишлоқ хўжалигидан саноат ва аҳоли пункти тоифасига ўтган 175 гектар ерларни тадбиркорларга бериш орқали янги лойиҳаларни амалга ошириш мумкин

Пойтахтдаги корхона ва ташкилотларда мавжуд 98 минг бўш иш ўрни — аҳоли бандлигини таъминлаш учун ишга солинмаган имкониятлардан бири, деди президент.

Бундан ташқари, Янгиҳаёт туманида 764 гектар ерда ташкил этилаётган «Янги авлод» махсус саноат зонасида яна ўн минглаб иш ўрни яратиш имконияти бор.

«Юнусобод тажрибаси»

Шавкат Мирзиёев аҳоли даромадини ошириш бўйича қандай ишлаш зарурлигини Юнусобод тумани мисолида тушунтирди. Ўтган етти-саккиз йилда пойтахтда, шу жумладан, Юнусободда катта ўзгаришлар бўлганини таъкидлади.

Масалан, бу даврда туманга 1 миллиард 700 миллион доллар хорижий инвестиция киритилган, корхона, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари 3,5 мингтага, иш ўринлари 20 мингтага кўпайган.

Туманда 6 минг хонадонли янги уй-жойлар қурилган, 8 мингта янги ўқувчи ўрни ташкил қилинган, 3 та олийгоҳ очилган. Хусусий боғча, мактаб ва шифохоналар сони бўйича ҳам Юнусобод пойтахтдаги етакчи туманлардан бирига айланган.

тадбиркорлик, тошкент, шавкат мирзиёев, юнусобод тумани

«Юнусободни чекка қисми билан пойтахтнинг марказий қисмидаги маҳалла ўртасидаги фарқ жуда катта, аҳоли даромади ва яратилган шароит бўйича вазият бир хил эмас», — деди президент.

«Тумандаги айрим оилалар ойлик даромадини фақат кун кечиришга сарфлаяпти. Улар ўзи ва фарзандлари келажагига инвестиция киритиш учун маблағ ажрата олмайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

У иқтисодий комплекс ташкилотларида бу борада таҳлил йўқлиги, турли молиявий инструментлар орқали бу оилалар даромадини оширишни ўйлаб кўрмаганини танқид қилди.

Тадбиркорлар ва маҳаллалар ўртасидаги алоқа

Давлат раҳбари пойтахтдаги 12 та туман бир-бири билан туташиб кетгани, уларни иқтисодий чегараси йўқлиги боис тадбиркорларга шароит яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича бошқача ёндашув кераклигини таъкидлади.

Банклар филиаллари фақат мижозни ҳисоб рақамига хизмат кўрсатувчи эмас, балки ўзининг йирик мижозлари ва тумандаги маҳаллаларни боғлайдиган кўприк бўлиши муҳим, деди Шавкат Мирзиёев.

«Фаолиятини кенгайтириш ҳамда айланма маблағ учун кредит олиш ва иш ўрни яратишга тайёр мижозлар кўп. Банклар замонавий фикрлаб, шундай мижозлар билан ишлаши, уларни йириклаштиришга кўмаклашиши мақсадга мувофиқ», — деди президент.

Давлат раҳбари банк филиаллари тадбиркор мижозларга кредит бераётганда фуқароларни ишга олиш шарти билан кредит фоизини камайтирадиган тизимни жорий қилишни таклиф қилди.

Янги тизимга кўра, эндиликда банклар тадбиркорлар иш ўрни яратганидан кейин уларга берилган кредит фоизини тушириб боради. Шу билан бирга, ҳоким ёрдамчилари ишсизларни тадбиркорни талаби асосида ўқитади.

тадбиркорлик, тошкент, шавкат мирзиёев, юнусобод тумани

Давлат муассасалари ўрнида тадбиркорлик

Президент тадбиркорларга Юнусобод туманида лойиҳалар учун бўш жой топиш қийинлигини айтди. У Амир Темур шоҳ кўчасидаги саккизта давлат идорасининг эски биноларини реконструкция қилиш ва савдо объектлари, офис ва ерости автотураргоҳига эга меҳмонхоналар қуриш учун тадбиркорларга беришни таклиф этди.

Тошкентнинг ер ўта чекланган шароитида бор инфратузилмани вертикал ўстириш орқали саноат ва савдони ривожлантириш зарур, деди Шавкат Мирзиёев. У йирик бозорларни қават-қават усулда кенгайтириш ва Юнусобод кичик саноат зонасидаги биноларни 3−4 қават қилиб қайта қуриш имкониятлари ҳақида гапирди.

600 млн доллар инвестиция жалб қилиш

Шавкат Мирзиёев Юнусободда ўтказилган бир ҳафта ўрганиш давомида 600 млн доллар инвестиция жалб қилиш, 35 мингта юқори даромадли иш ўрни яратиш учун имкониятлар аниқланганини қайд этди.

У ушбу салоҳиятни рўёбга чиқариш учун иқтисодий комплекс раҳбариятига янги ёндашув асосида аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва жойлаштириш вазифасини қўйди.

Президент мазкур сессияда Тошкент шаҳри ҳокими этиб тасдиқланган Шавкат Умурзоқов зиммасига ҳам хориждаги йирик шаҳарларнинг саноат, инфратузилма, тадбиркорлик, коммунал соҳаларидаги ижобий тажрибасини Тошкентда жорий қилишни топширди.