Тошкентнинг ер ўта чекланган шароитида бор инфратузилмани вертикал ўстириш орқали саноат ва савдони ривожлантириш зарур. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни халқ депутатлари пойтахт кенгашининг мажлисида маълум қилди, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

«Масалан, йирик бозорларни қават-қават усулда кенгайтириш, Юнусобод кичик саноат зонасидаги биноларни 3−4 қават қилиб қайта қуриш ҳисобига қўшимча майдонларни ҳосил қилиш имкониятлари мавжуд», — дейилади хабарда.

Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасига унумли фойдаланилмаётган давлат объектларини хатловдан ўтказиб, уларнинг ўрнида саноат ва хизматларда юқори даромадли иш ўрни яратадиган лойиҳаларни жойлаштириш дастурини тасдиқлашни топшириқ қилиб берди.

Сессияда президент, шунингдек, Амир Темур шоҳ кўчасидаги саккизта давлат идорасининг эски биноларини реконструкция қилиш ва савдо объектлари, офис ва ерости автотураргоҳига эга меҳмонхоналар қуриш учун тадбиркорларга беришни таклиф этди.

Декабрь ойида давлат раҳбари бозорларни Ўзбекистоннинг «ташриф қоғози»га айлантириш кераклигини айтганди. У миллий маданиятни акс эттирувчи янги замонавий бозор мажмуалари лойиҳасини ишлаб чиқишни топширган.

Январь ойида Шавкат Мирзиёевга тарихий шаҳарлар бозорларини сайёҳлар учун жозибадор мажмуаларга айлантириш бўйича лойиҳалар, шунингдек, Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги янги бозорлар лойиҳалари тақдим этилганди. 515 та бозорни «тартибга келтириш» учун алоҳида дастур ишлаб чиқилаётгани хабар қилинган.

Февралда президент бош режалар йўқлиги сабабли Ўзбекистонда айрим шаҳар ва қишлоқлар фақат энига кенгаяётганини айтганди. Бу инфратузилма харажатлари ошишига, қишлоқ хўжалиги ерлари камайишига олиб келмоқда, деган президент. У урбанизация жараёнларини тартибга солиш бўйича концепция ва қонун ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берган.