Тошкент шаҳрида 2022 йилда пойтахтнинг бир нечта ҳудудларида теракт содир этишга уринган 4 нафар ўзбекистонлик қамалди. Мазкур воқеа тафсилоти бўйича «Ўзбекистон» телеканалида лавҳа эфирга узатилди. «Газета.uz», шунингдек, айбланувчиларга нисбатан 2022 йилнинг 25 августида ўқилган суд ҳукми билан танишиб чиқди.

Маълум бўлишича, орган ходимларига ўша йили бир неча мактаб ўқувчилари қўлбола мосламалар ясаб, теракт уюштирмоқчи экани ҳақида хабар келиб тушган.

Ёшлар «Ислом давлати» халқаро террорчилик ташкилотининг ўзбекистонлик медиа масъули билан танишиб, жиҳод қилиш мақсадида Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, шунингдек, аэропортда теракт уюштирмоқчи бўлган. Бунинг учун портловчи мослама ясалган. Мосламани ясашда Инҳа университети талабаси Иззатилла Зайнутдинов (2004 йилда туғилган) ҳам иштирок этгани айтилади.

Аммо лавҳа тармоқларда тарқалгач, олийгоҳ матбуот хизмати бу маълумотни рад этди. «Зайнутдинов 2021/2022 ўқув йилида Инҳа университети биринчи курсига қабул қилинган. Бироқ ушбу талаба университетда яхши ўқимагани, фанларни ўзлаштира олмагани сабабли ўз хоҳишига асосан 2022 йилнинг февраль ойида талабалар сафидан чиқарилган. Ушбу талаба биринчи курснинг 1-семестрини ҳам якунлай олмаган. Воқеа содир бўлган вақтда Зайнутдинов Инҳа талабаси бўлмаган», — дея аниқлик киритди олийгоҳ.

Келтирилишича, Абу Муаз тахаллусидаги шахс чет элда бўлиши давомида «Ислом давлати» халқаро террорчилик ташкилотининг медиа масъули этиб тайинланган. У интернет орқали Ўзбекистон фуқароларини ташкилот сафига ёллаш ва мамлакатда террорчилик ҳаракатларини ташкиллаштиришга уринган. Муаз интернетда Абу Ҳафиз номи билан танилган Давронбек Тўлаганбеков (1991 йилда туғилган) билан танишиб, уни Тошкент шаҳридаги ишончли одами деб тайинлаган.

дхх, ёшлар, сурия, теракт, терроризм

«Google`га кириб, намоз маълумотларини ўрганишни бошладим. Шу вақтда Telegram орқали Абу Муаз билан танишдим. Ундан кейин ҳар хил маърузалар эшитишни бошладим — Муҳаммад Косоний, Тоҳир Йўлдош, Абдували қори ака маърузаларини эшитдим. Абу Муаз билан кунора, оиламдан кўп вақтимни шу бола билан гаплашиб ўтказганман. Африкага, Сурияга ҳижрат қилиш керак дердим, ундан видеолар ташлашни сўрардим», — дейди Тўлаганбеков.

Аниқланишича, йигит психотроп моддалар истеъмолига ружу қўйган. У юқори ташкилотда ишлайдиган масъул раҳбарнинг ишончига кириб, унга ҳайдовчи бўлиб ёлланган.

«Орада Зиёвуддин Аманов билан масжидда танишиб, унга ҳам Абдували қори акаларни эшитиш кераклигини айтдим. Қолганлар давлат томонидан қўйиладиган одамлар. Уни Абу Муаз билан таништирдим. 2021 йилда давлат ишига кирдим. Ҳайдовчи бўлиб ишлаб юрганимда миямда жиҳод қилиш фикри уйғонди. Сурияга бормасдан ҳам Ўзбекистонда жиҳод қилса бўлади, деган фикр келди. Фаластиндаги Ал-Ақсо масжидини яхудийлар олиб қўйгани, ўзимизда ҳам яхудийлар юришини, Хитойда мўғул-татарлар қийналаётгани тўғрисида маърузалар эшитиларди. Шуларни шу ерда ҳам қилса бўларди, деган мақсадда Зиёвуддинга шу ҳақда айтдим», — деди у.

Қайд этилишича, бу орада Абу Муаз ва Давронбек Тўлаганбеков тармоқлар орқали Ўзбекистон пойтахтида тарафдорларини кўпайтириш ва улар ёрдамида қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширишни режалаштирган.

«Исроил элчихонасини ёки аэрпортдан келадиган америкалик бўладими, хитойлик бўладими шуларни ўлдирса бўлади, деб айтганман. Орадан вақт ўтди, Зиёвуддин билан кўришдим ва у портловчи модда ясаётганини айтди. Нима ёрдам қилиш керак деганимда, у „Сиздан ёрдам: ўшаларни ишхонангизга қўйиб чиқасиз“, деб айтди. Бунга қарши бўлмадим», — дея қўшимча қилди Тўлаганбеков.

дхх, ёшлар, сурия, теракт, терроризм

Лавҳага кўра, Давронбек пойтахтда яшовчи 11-синф ўқувчиси Зиёвуддин Амановни (тармоқлардаги тахаллуси Тошкандий бўлган, 2004 й.т.) топган ва унга экстремистик ғояларни сингдириб, ислом давлатини ўрнатишга давъат қилган.

«Тахминан март ойларида Ислом давлати ҳақида гапириб қолди. Абу Муаз деган бола бор ичкарида, деб айтишди. У билан танишдик, салом-алик қилдик. Қуръондан, шариатдан гапиришни бошлаганди, илмли одам экан. Унга эргашишни бошладим. Муаз билан танишганимиздан кейин Хитойдаги уйғурлар масаласи очилди, кейин Фаластин мавзуси. Мусулмонлар қийналяпти. Шуларни [Telegram] гуруҳларга тарқатишни бошлашди. Жиҳод ҳақида ҳам маърузалар ташлашди», — дея изоҳ берди Зиёвуддин Аманов.

«Абу Муаз билан Telegram орқали гаплашиб турардик. Шу билан Даврон бошқа ишга кирди. Муаз жиҳод қилиш керак деб айтди. Буни қараб кўрсам, негадир мураккаб туйилди. Физика, техникани яхши тушунгани учун оғайнимдан шу нарсани ясаб беринг деб сўраб кўрдим. Пультини ясаб беринг дегандим, улар ҳам қизиқиш учун ясаб берди. Даврон уйига чақириб қолганда бордик. Абу Муазга телефон қилди. Муаз билан 2 соат мобайнида ўша масалани гаплашиб ўтиришди», — дея қўшимча қилди Аманов.

Таъкидланишича, орадан кўп ўтмай, Абу Муаз Давронбек ва Зиёвуддинларга Тошкент шаҳрида қўпорувчилик ҳаракатини содир этиши лозимлиги, ушбу ишлари жиҳод ўрнида ўтишини билдирган. Бунинг учун уларга интернет орқали қўлбола портловчи модда ясаш бўйича қўлланма ташлаб берган. Шу асосда Зиёвуддин Аманов яқини Абу Аҳмад, яъни Ҳайитбой Аҳмаджоновни (2004 й.т.) жалб қилган. Унга тарғиб материалларини бериб, ўзларининг сафига чорлаган.

дхх, ёшлар, сурия, теракт, терроризм

Болалигидан кимё-физикага қизиққан Ҳайитбой уларга қўлбола портловчи моддани ясаб берган. 17 ёшли Ҳайитбойнинг айтишича, у Содиқ Самарқандий ва Абдуллоҳ Зуфарларнинг маърузаларини эшитиб юрган. Келтирилишича, Ҳайитбой Аҳмаджонов ва Зиёвуддин Аманов бу орада Тошкент шаҳрида қўпорувчилик ҳаракати учун портловчи мосламаларни ясовчи мутахассис қидириб юрган пайтида уларга Иззатилла Зайнутдинов (юқорида номи келтирилган талаба — таҳр.) ишонч билдирган.

дхх, ёшлар, сурия, теракт, терроризм

«Мен Инҳада ўқишим, IT соҳасини яхши тушунишимни айтганман. Лекин Тошкандий ўзи ҳақида маълумот бермади. 5 дақиқалик видео асосида портловчи модда ясаб кўринг дейишди», — дейди собиқ талаба. Келтирилишича, у портловчи моддани ясашга муваффақ бўлган.

Маълум қилинишича, улар 2022 йилнинг баҳорида пойтахтнинг бир нечта нуқталарида теракт бошлаб, кейин Туркия орқали Сурияга кетишни режалаштирган. Яна бир йўл сифатида Сурхондарё орқали Афғонистонга кетиш кўрилгани айтилади.

Таъкидланишича, 2022 йилнинг февралида орган ходимлари мазкур жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйган. Рейдларда Зиёвуддин Аманов, Ҳайитбой Аҳмаджонов ҳамда Иззатилло Зайниддиновларнинг уйидан қўлбола портловчи моддалар ва уларнинг компонентлари топилган ва ашёвий далил тариқасида олинган. Йигитлар қўлга тушгач, уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

ДХХ терговчиси Донёрбек Рўзметовнинг айтишича, «Ислом давлати» халқаро террор ташкилоти аъзоси Уралов Муҳаммад Муҳиддин ўғли Telegram`да террористик гуруҳ очиб, унга пойтахтда яшовчи Давронбек Тўлаганбеков, Зиёвуддин Аманов, Ҳайитбой Аҳмаджонов ва Изатилла Зайниддиновни жалб қилган. Уралов шерикларига портловчи модда ясашга топшириқ берган.

«Якунда портловчи моддани улар ясагани, кейинчалик фойдаланиш режалаштирилгани исботланди. Қурилма ёрдамида Тошкент шаҳрида содир этилиши лозим бўлган террористик ҳаракат олди олинди. Жиноят иши бўйича Тўлаганбеков, Аманов, Зайниддинов, Аҳмаджоновга тегишли моддалар билан айблов хулосаси тузилди. Жиноят иши Бош прокуратурага юборилган», — деди ДХХ терговчиси.

Суд ҳукмига кўра, Давронбек Тўлаганбеков Жиноят кодексининг:

  • 155-моддаси 1-қисми (Терроризм);
  • 155 прим 2-модданинг 1-қисми (Тайёрланаётган ёки содир этилган террорчилик ҳаракатлари тўғрисидаги маълумотлар ва фактларни хабар қилмаслик);
  • 159-модда 3-қисмининг «а», «б» бандлари (Конституциявий тузумга тажовуз қилиш);
  • 244 прим 1-модданинг 3-қисми «а», «г» бандлари (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш);
  • 244 2-прим модданинг 2-қисми «б» бандида (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) назарда тутилган жиноятни содир этган деб топилган.

У 15 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Зиёвуддин Аманов 11 йилга, Ҳайитбой Аҳмаджонов ва Иззатилла Зайнутдинов эса бир хил — 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жазо муддати 2022 йил 25 февралдан бошланган.

Шунингдек, жиноий гуруҳ боши бўлган Абу Муаз 2023 йил чет элда қўлга олиниб, Ўзбекистонга келтирилган. Унга ЖКнинг тегишли моддалари билан узоқ муддатли жазо белгиланган. Маҳкумнинг айнан қайси моддалар бўйича жавобгарликка тортилгани номаълум.