Ҳар бир инсон жисмонан ва руҳан соғлом бўлишга ҳақли экани, давлат ўз фуқароларини сифатли тиббиёт билан таъминлашга маъсуллиги халқаро ҳужжатларда ҳам белгилаб қўйилган. Зотан соғлиқни сақлаш тизимининг рисоладагидек фаолият юритиши нафақат аҳолининг умр давомийлиги ва турмуш даражасига, балки умуман мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий барқарорлигига ҳам таъсир қилади.

Бахтга қарши, тиббиёт — Ўзбекистондаги оғриқли мавзулардан, биргина «Док-1 Макс» иши ҳам вазият етарли даражада жиддий эканлигига яққол мисол. Хорижда-чи, аҳвол қандай? Тиббиёт қандай ишлайди, даволашда асосан нималарга эътибор қаратилади, дори-дармон билан боғлиқ вазият қанақа? «Газета.uz» шу каби саволлар билан хориждаги ўзбекистонликларга юзланди.

Канада

Фото: Фарҳод Файзуллаевнинг шахсий архивиданФото: Фарҳод Файзуллаевнинг шахсий архивидан

Фарҳод Файзуллаев 2016 йилдан бери Канаданинг Калгари шаҳрида доимий истиқомат қилади, маркетинг операциялари бўйича мутахассис.

Канада конституциясида тиббий хизматлар провинция (вилоят) маъмуриятлари томонидан ташкил этилиши белгилаб қўйилган. Масалан, Альберта провинциясида тиббиёт тизими икки поғонали бўлиб, Фарҳод Файзуллаевнинг тушунтиришича, бу маъмурлар ва докторларни ажратиб туриш учун қилинган.

«Альберта Соғлиқни сақлаш вазирлиги қонун чиқарувчи орган каби ишлайди. Улар тизимни бошқариш бўйича кўрсатмаларни беради ва пул ажратади. Тиббий хизматларни эса ижро этувчи орган — Альберта Соғлиқни сақлаш хизмати (Alberta Health Services) кўрсатади. Бу ташкилотни шифокорлар бошқаради ва унинг ишига ҳукумат тўғридан-тўғри аралаша олмайди», — дейди у.

Канадада доимий истиқомат яшаш ҳуқуқига эга бўлганларга бепул тиббий суғурта берилади — аксар тиббий муолажалардан бепул фойдаланиши мумкин. Канадага қарийб 8 йил аввал оиласи — рафиқаси ва икки нафар фарзанди билан кўчиб борган суҳбатдошимизнинг ушбу мамлакат тиббиёт тизими билан яқиндан танишиши учун кўп вақт керак бўлмаган.

«2016 йил 28 июнда Калгарига қўнгач, Airbnb’дан ижарага олинган хонадонга жойлашганмиз. Турмуш ўртоғим етти ойлик ҳомиладор эди. Янги мамлакатдамиз, юракда ҳадик. Эртаси куниёқ ҳудудий хизматлар марказига бориб, тиббий суғурта карталаримизни олмоқчи бўлдик. Марказ ходимаси маълумотларимизни компьютерга киритиб, суғурта рақамларимизни қоғозга ёзиб берди. Суғурта карталаримиз уйимизга почта орқали келиши, доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлганимиз учун, суғурта рақамисиз ҳам самолётдан тушганимиз ҳамоноқ тиббий суғурта билан қопланганимизни тушунтирди», — деб эслайди Фарҳод ака.

«Бир неча кундан кейин уйимиз олдидаги савдо-кўнгилочар мажмуаси ичида жойлашган клиникага кирдик. У ердаги шифокор аёлимни кўрикдан ўтказиб, бўлажак оналар ва чақалоқларга ихтисослашган клиникага йўлланма берди. Яна бир неча кундан сўнг ўша клиникадан қўнғироқ қилиб, муайян кун ва вақтда келишимизни сўрашди. Rockyview Maternity & Family Practice’да рафиқамни кўрикдан ўтказиб, унга акушер-гинеколог тайинлашди. Шифокорга ҳар икки ҳафтада бир қатнадик. Доктор туғуруқ куни қайси касалхонага бориш ва нима қилишни тушунтирди», — дейди у.

Файзуллаевнинг айтишича, Канадада тиббиёт тизимидан фойдаланганлик учун пул тўланмайди. Тизим солиқлар ҳисобига молиялаштирилади. Канада фуқароларига ҳам, Канадада доимий доимий истиқомат қилувчи фуқаролиги бўлмаганларга ҳам бир хилда хизмат кўрсатилади.

«1 сентябрь куни рафиқамни Rockyview General Hospital касалхонасига олиб бордим ва кечга яқин кенжа ўғлим дунёга келди. Эртаси куни аёлим ва чақалоқни олиб, уйга қайтдик. Канадага кўчиб келган кунимдан то Абдумалик туғилгунига қадар кўрсатилган тиббий хизматлар учун 20 доллар сарфладим. У ҳам бўлса касалхона олдидаги автотураргоҳга машинамни қўйганим учун», — дея таъкидлади суҳбатдошим.

Ўшанда рафиқасида касалхонанинг чиройли ёки ускуналарнинг зўрлиги эмас, балки тиббиёт ходимларининг ўта хушмуомала экани кучли таассурот қолдирган. Гап шундаки, оғриқлар бошланганида ҳамширалар келиб, у билан худди узоқ йиллик дугонадек «уёқ-буёқ»дан суҳбатлашиб, кўнглини олган, акушерлар эса жуда яхши сўзлар билан уни юпатган.

Канадада бирламчи бўғиндаги докторларнинг қарийб барчаси хусусий тадбиркор — оилавий доктор ҳам, педиатр ва акушерлар ҳам якка тартибдаги тадбиркор сифатида ишлайди. Клиникалар бир неча хусусий докторларни бирлаштирган ҳолда хизмат кўрсатади. Докторлар провинция маъмуриятидан ҳар бир бемор учун алоҳида ҳақ олади. Хизматлар даволаш протоколига асосан кўрсатилади.

«Протоколда йўқ муолажани қилса ёки таҳлил (анализ)га юборса, улар давлат томонидан қопланмайди. Шу боис докторлар кераксиз анализларга юборишдан тийилади. Касалхона ва лабораториялар эса провинциянинг Соғлиқни сақлаш хизмати томонидан бошқарилади. Шифокорлар бир кун хусусий клиникада, бошқа куни эса давлат касалхонасида фаолият юритиши мумкин. Касалхонада уларга стандарт ойлик маош белгиланади», — дейди у.

Касаллик жиддий бўлмаса, шифокор-мутахассисни ойлаб кутишига тўғри келиши ҳам мумкин. Масалан, бурун битишидан безовталанган Фарҳод Файзуллаев оилавий докторининг кўрсатмасига биноан ЛОРга май ойида навбатга ёзилган бўлса, унинг навбати келаси йилнинг февралида келган. Аммо касаллик жиддий бўлса, хизмат ўта тез кўрсатилади. Ҳеч қачон Фейсбукдаги оммабоп гуруҳларга кириб, «яхши шифокор» қидирилмайди, хизматларга қўшимча ҳақ ҳам тўланмайди.

«2018 йил ўртанча ўғлимнинг оёқлари кўкариб кетаверди. Аввалига буни унинг шўхлиги, боғчасидаги тўполонларига боғладик. Аммо кўкаришлар камайиш ўрнига кўпаяверди. Оилавий шифокоримиз — асли шотландиялик, биз каби 2016 йилда Канадага кўчиб келган доктор — бизни педиатрга юборди. Бир неча ҳафтадан сўнг педиатр кўригига бордик ва у ерда ўғлимдан қон таҳлилини олишга йўлланма беришди. Яна бир неча кундан кейин махсус лабораторияда анализ топширдик. Хуллас, ўша куни соат 19:00 ларда Альберта болалар касалхонасидан қўнғироқ қилиб, ўғлимни дарҳол олиб келишни тайинлашди. Канадада одатда 17:00 дан кейин ҳеч ким ишламайди, шунинг учун бундай пайтда қўнғироқ қилишгани хавотирга солиб қўйди», — деб эслайди Фарҳод ака.

У ўғлини дарҳол касалхонага олиб борган, рўйхатхонада уларни қон касалликлари бўлимига юборишган. Докторлар болани кўриб, аҳволи яхши эканига ишонч ҳосил қилгач, уни эртаси куни тонг соат 10:00 да олиб келиш кераклигини айтган. Маълум бўлишича, боланинг қонида тромбоцитлар сони бир миллиметр куб учун 7000 тагача камайиб кетган, ваҳоланки, норма бўйича 150 мингта бўлиши керак. Қон қуюлиб кетаётгани учун ҳам унинг оёқлари худди қаттиқ уриб олгандек кўкариб кетаётган бўлган.

Эртаси куни болани обдон кўздан кечирган шифокор яна таҳлил олган. Болада тромбоцитопения кузатилаётгани, аммо сабаби аниқ эмаслиги, баъзи болаларда шундай бўлиб туриши, одатда ўзи ўтиб кетишини таъкидлаган. Ўшанда иккита — кузатув остида бўлиб, ҳеч қандай муолажа олмаслик ёки белгиланган муолажаларни қилиб, тромбоцитлар сонини ошириш варианти бўлган. Файзуллаевлар қўшимча муолажа олмай, кузатиб туриш вариантини танлаган.

«Ўғлим ҳар ҳафта анализ топширди, натижасини доктор билан муҳокама қилдик. Йил давомида тромбоцитлари сони аста-секин оша бошлади ва анализларни аввал ҳар икки ҳафта, кейин ҳар ой, охирида эса ҳар уч ойда бир топширадиган бўлдик. Ташхис қўйилганидан 1,5 йил ўтиб, Отабек рўйхатдан олинди, кўкаришлари ҳам йўқ бўлди», — дейди у.

Ўртанча ўғил тажрибасида Канада тиббиёти билан танишув билан шу билан тугамаган.

«Бир куни томоғи оғриб, иситмаси кўтарилди. Биз ҳам ваҳима қилиб тўғри болалар касалхонасига олиб борибмиз. Бир соатча кутиб, доктор қабулига кирдик. Уям кўриб, бу оддий ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция) эканини айтди. Кўп-кўп сув ичиришни тайинлади. Томоғидаги оғриқни қолдириш учун боламга муздек музқаймоқ ҳам берди — шу пайт кўзларим қинидан чиқиб кетаёзди, рафиқам ўша вақтдаги аҳволимни ҳали ҳам кулиб эслайди», — дейди у.

Фарҳод аканинг сўзларига кўра, шифокорлар умуман олганда «сал нарсага ҳам антибиотик ёзиб беравермайди». Антибиотикларни рецептсиз олиш, ўзбошимчалик билан даволаниш ҳақида-ку гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Қанчалик ғайриоддий туйилмасин, шамоллаган одамни иссиқ сақлаш, унга иссиқ-иссиқ дамлама ичириш кераклиги айтилмайди. Совуқда кўчага иссиқ кийиниб чиқмаса, одам касал бўлиб қолиши ҳақидаги гаплар миф эканини у ва оиласи Канадага бориб тушунган.

«Канадада антибиотиклар фақат рецепт билан сотилади, ўз хоҳишингизга кўра харид қилолмайсиз. Мазангиз бўлмаса, ЛОРга бориб томоқ чайдириш, осма укол олиш, ўз истагингизга кўра рентген ёки МРТ қилдириш деган, гаплар йўқ. Бу муолажаларни пул тўлаб ҳам ололмайсиз. Фақат шифокор кўрсатмаси билангина мумкин. Шунда ҳам даволаниш протоколида кўрсатилган бўлса», — дейди у.

Тиббий хизматлар учун пул тўланмайди, бари солиқлар ҳисобидан қопланади. Аммо стоматолог ёки окулист хизматлари, тез ёрдам чақириш пуллик.

«Битта тишни олдириш ўртача 300−400 АҚШ долларга тушади. Дори, тез ёрдам ҳам пуллик, битта чақирув 250 Канада (185 АҚШ) долларига тенг. 2024 йилдан бошлаб йиллик даромади 90 минг Канада (67 минг АҚШ) долларидан кам бўлган оилаларга стоматология хизматлари ҳам бепул бўладиган бўлди. Мамлакатда ўртача йиллик маош тахминан 50 минг Канада (37 минг АҚШ) долларига тенг», — дейди у.

Фарҳод аканинг қўшимча қилишича, аксарият компаниялар ходимларини бепул (ёки арзон) қўшимча тиббий суғурта билан ҳам таъминлайди.

«Масалан, менинг ишхонам оиламнинг ҳар бир аъзосини стоматологда сарфлаш учун 1500 Канада (1115 АҚШ) доллари билан таъминлайди. Бу сумма ҳар йили стоматолог кўригидан ўтиш, тишни оқартириш, пломбалаш, олиб ташлаш учун етади. Бундан ташқари, қўшимча суғурта дори харажатларини ҳам тўлиқ қоплайди. Яъни, биз дорихонадан рецептли дори олсак, пул тўламаймиз», — дейди у.

Айни вақтда, Канада тиббиёт тизими ҳам бенуқсон эмас, сўнгги йилларда, айниқса пандемиядан сўнг аҳвол оғирлашган. Пандемия пайти ва ундан сўнг кўплаб шифокор ва ҳамширалар бўшаб кетган, улар ўрнини босувчи кадрлар эса топилмаяпти. Оқибатда докторларга навбатлар янада катталашган. Баъзи ҳолатларда саратонга гумон қилинганлар МРТга тушиш учун ойлаб навбат кутиб қолмоқда.

«Докторлар етишмовчилиги, кўрик учун узундан-узун навбатлар борлигини юқорида айтиб кетдим. Лекин докторлар одатда малакали ва улар пул учун керак-нокерак дори ва таҳлиллларни ёзиб ташлайвермайди. Шу кунгача нечта докторга учраган бўлсак, аксариятидан кўнглимиз тўлди», — дейди у.

Сўнгги бор 2022 йил охири — 2023 йил бошида Ўзбекистонда бўлган суҳбатдошимизни хусусий клиника ва дорихоналарнинг кўпайиб кетгани ҳайратга солган. Танишлари билан суҳбатда эса одамлар орасида ўзини-ўзи даволаш жуда авж олганини тушуниб етган.

«Одамлар фармацевт 15 сонияда қўйган ташхиси асосида дори сотиб олмоқда. Канадага кўчиб кетишимдан аввал ҳам шундай эди, аммо бу энди янада кучайибди. Яқинда бир яқин қариндошим учта хусусий клиника шифокорларига учраган, улар анализлар ёзиб бераверган. Анализларни учта хусусий лабораторияда топширган ва жавоблари уч хил чиққан. Улар асосида докторлар жиддий касал ташхисини қўйиб, дарҳол дорилар ёзиб берган. Бундан қониқмаган бемор Туркияга бориб, ўша ердаги клиникада қайта анализ топширган ва ташхис тасдиқланмаган», — дейди у.

Бу каби ҳолат ва воқеалар Фарҳод Файзуллаевни бефарқ қолдирмайди. У сифатли тиббиётдан фойдаланиш ҳар бир фуқаронинг қонуний ҳақи деб ҳисоблайди.

«Давлат тиббиёт тизими пароканда бўла бошлаган вақтда умид хусусий клиникалардан эди. Лекин, тажриба шуни кўрсатяптики, уларга ҳам ишонавериш керак эмас, афсуски. Унда Ўзбекистон халқи кимга ишониши керак? Чет элда даволанишга ҳамманинг ҳам қурби етмайди-ку?», — деб қайғуради у.

АҚШ

Фото: Мавлуда Камбарованинг шахсий архивиданФото: Мавлуда Камбарованинг шахсий архивидан

Мавлуда Камбарова 2021 йилдан бери АҚШда яшайди, ҳозирда Amazon Web Services Academy’да булутли технологиялар муҳандиси (cloud engineer) мутахассислиги бўйича таҳсил олмоқда.

АҚШда аксарият тиббий хизматлар хусусий тармоқ томонидан кўрсатилади ва давлат дастурлари, тиббий суғурта тизими ва беморларнинг тўғридан-тўғри тўловлари ҳисобидан молиялаштирилади. Тиббиётга харажатлар ҳажми бўйича АҚШ дунёда биринчи ўринда туради, аммо бу «тиббиёт бепул» деганини англатмайди. У ривожланган мамлакатлар орасида ўз фуқароларига барча тиббий хизматларни қамраб олувчи универсал суғурта тизимини кафолатламайдиган ягона мамлакат ҳисобланади.

Тиббий суғурта қамрови ҳам аҳоли даромади, яшаш жойи каби омилларга боғлиқ. Масалан, кам даромадли шахсларнинг тиббий харажатлари Medicaid давлат суғурта дастури орқали қопланади, Medicare давлат суғурта дастури эса 65 ёшдан катта аҳоли учун мўлжалланган.

Мавлуда Камбарованинг таъкидлашича, америкалик шифокорлар оддий шамоллаш каби ҳолатларда касалликни имкон қадар дори-дармонсиз, табиий йўл билан енгишни тавсия қилади. Умуман, енгил хасталиклар соғлиққа зарарли дориларсиз даволанади. Масалан, болаларнинг тана ҳарорати меъёрдан кўтарилса ҳам иситма туширувчи дорилар берилмайди — ҳарорат табиий пасайишини кутиш тайинланади.

«Енгил шамоллашларда дори ичмаслик тавсия этилса-да, Ўзбекистондан бўлганим учунмикин, дорисиз соғайишга қийналаман. Болаларнинг томоғи оғриганида музқаймоқ еб даволаниш ҳам тавсия қилиниши мумкин ҳатто. Кичкинтойларга антибиотик бериш умуман мумкин эмас. Аҳволи жуда оғир бўлса, шифокорнинг махсус рецепти асосида дорихонадан олиш мумкин. Дорихонага шундай бориб, кучли таъсир қилувчи дори ва антибиотикларни сотиб олиш имконсиз», — дейди у.

Камбарованинг АҚШ тиббиёт тизими иши илк бор 2021 йилда тушган. Таҳлиллар топшириш учун махсус шифокор қабулига ёзилган. Қабул куни бориб, дардини айтган. Шифокор таҳлил лабораториясига йўлланма ёзиб берган.

«Йўлланма бўйича лабораторияга телефон қилдим. Жадвалдаги бўш вақтга қараб, таҳлилга бориш учун вақт белгиланди. Лабораторияга тўқ қоринга бордим — бу ерда оч келиш шарт эмас экан. Қон топширдим, таҳлил турига қараб, керакли миқдорда қон олинди. Жавоби бир ҳафтада чиқиши айтилди. Бунинг учун қайтиб боришимга ҳожат бўлмади, жавоблар беш кун ўтгач, почтамга келди», — дейди у.

Унинг таъкидлашича, Америкада тиббиётнинг обрўси ҳам, бу соҳада фаолият юритувчи мутахассисларнинг даромади ҳам юқори. Шунинг учун ҳам шифокорлар доимий равишда ўз устида ишлайди, даволашда сўнгги технология ва инновациялардан фойдаланади. Кардиология, кардиожарроҳлик ва онкология йўналишлари бўйича АҚШ етакчи, америкалик нейрохирурглар эса дунёдаги энг кучли мутахассислардан саналади.

«АҚШда тиббий хизматлар қиммат. Сифатли ва оператив ишлайдиган тез ёрдам хизмати ҳам қиммат. Саломатлик суғуртаси барча мутахассисларнинг хизматларини қамраб олмаган, айрим тор мутахассисларнинг кўриги учун алоҳида харажат қилишга мжабур бўласиз. Бундан ташқари, бундай мутахассиларга навбат келишини ҳам ойлаб кутишга тўғри келиши мумкин. Шунинг учун баъзилар пул тежаш мақсадида суғурта олмайди, шифокорга боришдан ҳам қочади», — дейди Мавлуда.

Унинг фикрича, тиббий хизматлар юқори сифатда кўрсатилиши ва умуман соғлиқни сақлаш тизимининг ўзи яхши бўлиши учун тиббиёт ходимларининг даромади ҳам шунга яраша бўлиши керак.

«Америкада касал бўлиш қимматга тушади, аммо профессионал шифокорлар назорати остида сифатли ва самарали даволаниш мумкин. Ўзбекистонда ҳам малакали мутахассислар йўқ эмас, фақат болаларни кучли дориларсиз, антибиотикларсиз даволаш йўлга қўйилса яхши бўларди», — дея қўшимча қилди суҳбатдошимиз.

Туркия

Фото: Фазлиддин Ҳамдамовнинг шахсий архивиданФото: Фазлиддин Ҳамдамовнинг шахсий архивидан

Фазлиддин Ҳамдамов 2019 йилдан бери Туркияда яшайди, Бурса Техника университетининг компьютер муҳандислиги талабаси

Фазлиддин Ҳамдамов Туркия соғлиқни сақлаш тизимининг ривожи ҳақида хулоса қилиш учун мамлакатдаги тиббий таълим сифати ва саломатлик туризми бўйича қанча одам мамлакатга келаётганига эътибор қаратиш етарли, деб ҳисоблайди.

Маълумотларга кўра, Туркиядаги 128 та тиббиёт факультетида йилига салкам 22 минг талаба ўқитилади — бу борада мамлакат жаҳонда етакчилардан бири сифатида эътироф этилади. Шунингдек, 2023 йилда 1,4 млн чет эллик тиббиёт туризми учун Туркияга келиб-кетган. Мамлакат онкология, ортопедия, нейрохирургия ва бошқа бир қатор мураккаб тиббий йўналишларда сифатли ҳам арзон хизматларни таклиф қилади.

«Тиббиёт ходимларининг даромадига келсак, мамлакатда энг кам иш ҳақи миқдори 17 минг лира (тахминан 526 доллар), энди ишга кирган ҳамширанинг маоши эса эса 22 минг лира (тахминан 680 доллар) атрофида», — дейди у. Унинг ўзи турк тиббиётига илк бор 2020 йили, коронавирус пандемияси вақтида мурожаат қилишга мажбур бўлган.

«Ҳолсизлик, кўнгил айниши, иситма шикояти билан касалхонага борганимда, беморларни қабул қилиш бўлимида рўйхатга олишгач, ковидга тест топширганман. Чиқишда бир укол қилиб (шундан сўнг ҳолсизлик ва кўнгил айниши тезда йўқолган), уйга жавоб беришган. Бир неча соат ўтиб, телефонимга менда коронавирус аниқлангани ҳақида хабар келган. Унда уйдан чиқмаслик тайинланиб, қисқа фурсатда мендан хабар олишлари таъкидланганди. Кўп ўтмай бепул дориларни ташлаб кетишган, шунингдек, бир ҳафта кўчага чиқмаслик буюрилган. Ҳар икки кунда телефон қилиб, ҳолимдан хабар олиб туришган», — деб эслайди Фазлиддин.

Туркияда даволанмоқчи бўлган кўплаб ўзбек ватандошларга таржимонлик қилган Фазлиддин малакали шифокорларнинг тўғри муолажаси билан беморлар дардига даво топганига, оёққа турганига гувоҳи бўлган. «Масалан, Ўзбекистон ва Россияда саратон ташхиси қўйилган, неча йиллардан бери тушкунликда юрган бир беморда ҳеч қандай саратон йўқлиги аниқлангани, яна биргина дори билан тузалиб кетиш каби ҳолатларга шоҳид бўлганман», — дейди у.

Туркияда аҳолининг 90 фоизида Genel sağlık sigortası — умумий соғлиқ суғуртаси бор. Бундай суғурта давлат касалхоналаридаги тиббий хизматлардан фойдаланишни бепул қилади, хусусий касалхоналарда даволанишга эса 80 фоизгача чегирма беради. Давлат тез тиббий ёрдам хизматидан фойдаланиш бепул, хусусий касалхоналарники эса — пуллик. Умуман, ўрта статистик туркиялик тиббий хизматлардан фойдаланиш учун йилига ўртача 7 минг лира (тахминан 216 доллар) пул сарфлайди.

Касалхоналар катта, ҳар бирида нафақат педиатр, балки болалар психологи, болалар стоматологи, болалар физиотераписти каби мутахассисларни ҳам ўз ичига олган болалар поликлиникалари ҳам бор.

«Бола саломатлигида бирор муаммо бўлса, шифокор аввало психолог сифатида муносабатда бўлишга ҳаракат қилади. Давлат касалхоналарида ёш болалар учун кичик ўйин ҳудудлари, чақалоқлар учун эса алоҳида қаров хоналари мавжуд», — дейди Фазлиддин.

Бундан ташқари, ҳар бир маҳаллада оила шифокори (aile hekimi) маркази бор, улар бепул хизмат кўрсатади. Оддий шамоллаш ёки шунга ўхшаш ҳолатларда аввал айнан маҳалла шифокорларига мурожаат қилинади — улар керакли муолажани қилиб, дори ҳам ёзиб бериши мумкин.

«Дорилар жуда зарурат ҳолатлардагина ёзилади. Рецептсиз ҳам дори сотиб олиш мумкин, фақат антибиотиклар эса бундан мустасно. Суғуртаси борлар дорини рецепт асосида бепул ёки катта чегирма билан сотиб олиши мумкин», — дейди у.

Стоматология — энг оғриқли мавзулардан, хизматлар қиммат. «Масалан, пломба қилдириш ўртача 100 долларга тушиши мумкин. Бепул стоматология хизматдан фойдаланмоқчи бўлган, саломатлик суғуртаси бор турклар ҳам бир келганида фақат битта хизматдан фойдалана олади. Масалан, иккита тишингизда муаммо бўлса, иккинчиси учун алоҳида навбатга туришингиз керак», — дейди у.

«Умуман, аксарият тиббий муолажалар бепул бўлгани учун кўпчилик давлат касалхоналарини танлайди. Аҳоли кўп, табиийки, касалхоналарда навбатлар пайдо бўлади. Бунинг олдини олиш учун беморлар ягона тизим орқали навбатга қўйилади, уларга шифокорга қачон келиши мумкинлиги куни ва соатигача билдирилади. Бундай тизим, масалан, „шундоқ бир нарсани сўраб чиқаман“, дея навбатсиз киришга уринишларнинг олдини олади», — дея қўшимча қилди Фазлиддин Ҳамдамов.