26 март куни президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Давлат раҳбари вилоятда кўп имкониятлар ишга солинмагани, жойларда камчиликлар ҳам борлигини таъкидлади. Хусусан, экспортининг 86 фоизи тўқимачилик ва мева-сабзавотчилик ҳиссасига тўғри келади. Поп, Чортоқ, Норин ва Янгиқўрғонда саноатлашиш даражаси паст. Вилоятда 56 минг томорқада маҳсулот етиштирилмаяпти.

«Сайхунобод тажрибаси» асосида вилоятда маҳаллабай ишлаш, томорқа ва хонадонлардаги имкониятлардан фойдаланиб, аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари бошлангани маълум қилинди. 14 та тумандаги 788 та маҳаллага банк филиаллари бириктирилган. Улар «маҳалла еттилиги» билан бирга хонадонлардаги имкониятларни, оиланинг хоҳиш-истакларини ўрганмоқда, дейилади хабарда.

Биринчи босқичда кам даромадли 4 мингта хонадон танлаб олиниб, оила аъзолари жон бошига ойлик даромадни 2 миллион сўмгача ошириш чоралари кўрилади. Кейинги босқичда яна 4 мингтасига молиявий, техник, маслаҳат ва бошқа кўринишдаги амалий ёрдам берилади. Маҳаллаларда гулчилик, балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик, узумчилик, қулупнай ва картошка етиштиришга имтиёзли кредитлар ажратилади.

«Бу ишларни ким қилиши керак? Президент вакили бўлган ҳокимлар, сектор раҳбарлари, 5 мингдан ортиқ иқтисодий идора ходимлари, маҳалладаги „еттилик“ қилиши лозим. Бунинг учун барча масъуллар ҳар бир корхона, тадбиркор ва хонадон билан яқиндан ишлайдиган тизимни йўлга қўйиши керак», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев заргарлик саноатида улкан салоҳият мавжудлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда қазиб олинаётган олтиннинг атиги 6 фоизи қайта ишланиб, бор-йўғи 78 млн долларлик экспорт бўлмоқда.

заргарлик маркази, наманган, шавкат мирзиёев

У тадбиркорлар учун алоҳида шароитларга эга заргарлик зоналари ташкил қилинишини маълум қилди. Соҳага хомашё етказиш, мутахассис тайёрлаш, ишлаб чиқариш занжири ва сотиш тизими бутунлай қайта кўриб чиқилади. Бу борада қонунчиликка ҳам таклифлар киритилади. Бундан ташқари, Туркия тажрибаси асосида Наманганда олтинни қайта ишлаш ва сотиш бўйича йирик марказни ишга тушириш топширилди.

Тўла фойдаланилмаётган имкониятларга яна йўллар ва туризм киради. Ангрен шаҳридан то Тўрақўрғонгача 100 километр юрилади, автомобиль оқими кунига 10 мингдан ошади. Президентнинг сўзларига кўра, тадбиркорлар 2,5 трлн сўм инвестиция киритиб, ушбу йўл бўйида кафе, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этади, шу орқали 10 минг кишини доимий иш билан таъминлашга тайёр. Шу муносабат билан мутасаддиларга вилоят ҳокимлиги ҳузурида алоҳида дирекция ташкил қилиб, мастер-режа ишлаб чиқиш ва йўл бўйидаги ерларни аукционга чиқариш топширилди.

Шавкат Мирзиёев вилоятнинг тоғли ва хушманзара ҳудудларида, айниқса, Поп, Чуст, Тўрақўрғон туманларида туризмни ривожлантириш, сайёҳларга қулайлик яратиш учун авиа ва темирйўл қатновларини кўпайтириш зарурлигини айтди. Германиялик ҳамкорлар билан Шаҳрисабз тажрибаси асосида бу туманларда тоғ туризмини ривожлантириш мастер-режасини ишлаб чиқиш ва йил якунигача лойиҳаларни бошлаш муҳимлиги таъкидланди.

Транспорт вазирлигига байрам кунлари авиа ва темир йўл рейслари сонини 2 баробар ошириш, Наманган ёки Фарғонага учиш графигини қайта кўриб чиқиб, водийга ҳар куни бўладиган авиарейсларни кўпайтириш топширилди.

заргарлик маркази, наманган, шавкат мирзиёев

Президент 16 та саноат зонасида 78 гектарда қўшимча лойиҳа жойлаштириш имконияти борлиги, 29 та норуда конига саноат кириб бормаганини қайд этди. Вилоятнинг қўшни давлатларга экспорти 568 млн доллар, бироқ бу бор имкониятга мутлақо тўғри келмайди.

Шу боис конларни савдога чиқариш, Қирғизистон томони билан келишилган ҳолда «Учқўрғон» божхона постини ишга туширишни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди. Чегара пости яқинида Хитойлик ҳамкорлар билан «Учқўрғон-Кенсай» логистика марказини барпо этиш режалаштирилган. Бундан ташқари, президент тўқимачилик, чарм-пойабзал, заргарлик, электр техникаси, қурилиш материаллари тармоқларидаги лойиҳалар бўйича кўрсатмалар берди.

25 март куни Норин дарёсида ГЭСлар каскади, Поп туманида минг мегаваттли 2 та қуёш электр станцияси қурилиши бошланди. Келгуси йилда Катта Андижон каналида 51 мегаваттли кичик ГЭСлар каскади ҳам ишга туширилиши режалаштирилган.

Президент қишлоқ хўжалиги муаммолари ҳақида гапирар экан, каналларни бетонлаш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ишлари «мутлақо қониқарсиз эканини» кўрсатиб ўтди.

Учқўрғон, Поп, Уйчи ва Мингбулоқда Словения тажрибаси асосида интенсив балиқчилик йўлга қўйилиши, бу тармоқда 4 та йирик лойиҳа ишга туширилиши айтилди.

заргарлик маркази, наманган, шавкат мирзиёев

Наманганда 1,5 млн тонна мева-сабзавотдан 10 фоизи экспорт қилинган. Агар иш тўғри ташкил қилинса, экспортини 3−5 баробар ошириш мумкин. Шу мақсадда вилоят мева-сабзавот экспорти географияси Хитой, Германия, Италия, Испания ва Араб давлатларига кенгайтирилади. 54 минг гектар ернинг агрокимёвий харитаси ишлаб чиқилиб, 18 минг гектари GSP+ талабларига мослаштирилади.

Вилоятда мева-сабзавот (8 фоиз), гўшт (28 фоиз), сут (9,5 фоиз)ни қайта ишлаш даражаси пастлиги айтилди. Косонсой ва Чортоқ мева-сабзавотчиликка ихтисослашган бўлса-да, бирорта қайта ишлаш корхонаси йўқ. Бу йўналишда 141 млн долларлик 62 та лойиҳа ишга туширилади. Косонсой ва Попда йирик чорвачилик кластерлари ташкил этилади.

Шаҳар ва маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш вазифалари ҳам муҳокама қилинди. Бугунги кунда 200 минг аҳоли учун Янги Наманган шаҳри қурилмоқда. Энди Чуст ва Поп туманида 10 минг аҳоли учун «Янги Ўзбекистон» массивлари, яна 20 минг хонадонли турар жойлар, IT-парк ва боғ барпо этилади.

Вилоятдаги 16 та марказ негизида 3,5 минг ўринга эга 2 та — биринчи ва иккинчи Наманган тиббиёт марказлари ташкил этилади. Бунда шошилинч ва бошқа тиббий хизматлар, диагностик текширувлар ҳамда тор соҳа мутахассисларини бир жойга жамлаш, аҳолига туну-кун хизмат кўрсатиш имкони яратилади.

Бундан ташқари, Австрия билан ҳамкорликда Наманган шаҳрида замонавий гемодиализ марказини ишга тушириш режалаштирилган.

Президент вилоятдаги олий ўқув юртларида таълим сифатини ошириш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш вазифаларига ҳам тўхталиб ўтди.

Вилоятда 6 та давлат ва 3 та хусусий олийгоҳ бор. Шавкат Мирзиёев улар ичида етакчи бўлган Наманган университетида ўзгариш қилиш вақти келганини таъкидлади. Хусусан, университетдаги 71 та таълим йўналиши 56 тага камайтирилиб, янги адабиётлар билан тўлиқ таъминланади. Таълим сифатини ошириш учун ўқув дастурлари янгиланади.