Италияда 16−17 апрель кунлари «Ўзбекистон: Саҳродаги авангард» кўргазма лойиҳасининг очилиши бўлиб ўтади, дея хабар бермоқда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати.

Кўргазма ХХ аср биринчи ярми санъати тарихининг муҳим, аммо у қадар маълум бўлмаган бобини тақдим этади. У 2 та бўлимдан иборат бўлиб, иккита жойда: Венециядаги Ка Фоскари университети кўргазма майдонида «Шакл ва рамз» ва Флоренциянинг Питти саройида «Нур ва ранг» номи билан ўтказилади.

Намойишларда 172 тадан ортиқ рангтасвир асарлари ва суратлар тақдим этилади. Хусусан, халқаро жамоатчилик илк маротаба кўргазма муҳофизлари томонидан «Шарқ авангарди» (Avant-garde Orientalis) деб аталган Александр Волков, Николай Карахан, Надежда Кашина, Елена Коровай, Миҳаил Курзин, Виктор Уфимтсев, Ўроль Тансиқбоев, Усто Мўмин (Александр Николаев) асарларидан баҳраманд бўлади.

Шунингдек, биринчи марта Ўзбекистон давлат санъат музейи (Тошкент) ва Игор Савицкий номидаги давлат санъат музейи (Нукус) сара тўпламларига мансуб рус авангарди ва «Шарқ авангарди» асарларини визуал таққослаш имконияти яратилади.

«Нур ва ранг» бўлимда Туркистонда 1917 йилгача фаолият юритган рус ориенталистларидан бошлаб то Ўзбекистонда маданиятлараро мулоқот ва алмашинув натижасида шаклланган миллий рассомчилик мактаби вакиллари билан якунланган ХХ асрнинг биринчи ярмидаги Марказий Осиёнинг санъатдаги қиёфасини англашга қаратилган.

«Шакл ва рамз» бўлимида эса кураторлар 1921 йилда Маориф халқ комиссарлиги тасвирий санъат бўлими ҳузуридаги Москва музейлар бюроси томонидан Тошкент санъат музейига юборилган авангард коллекциясининг Марказий Осиё рангтасвирига кўрсатган таъсирига эътибор қаратилган.

Кўргазма Ўзбекистони ХХ аср санъатининг иккита энг залварли музей сара тўпламлари ўртасидаги боғлиқликка урғу берувчи юқори даражадаги илк лойиҳадир, дейилади хабарда. У жамғарма кўмагида яратилган бўлиб, унга Ка Фоскари университети ҳузуридаги Рус санъати тадқиқотлари маркази (CSAR) дан Силвиа Бурини ва Жузеппе Барбиери кураторлик қилади.

«Ўзбекистон: Саҳродаги авангард» кўргазмасининг «Нур ва ранг» бўлими Флоренциядаги Питти саройида 16 апрелдан 30 июнгача, «Шакл ва рамз» лойиҳаси эса Венециядаги Ка Фоскари университети кўргазма майдонида 17 апрелдан 29 сентябргача давом этади.