26 март куни Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов WBA чемпиони Исроил Мадримовни икки хонали уй билан тақдирлади. Бу ҳақда вилоят спортни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Нодира Жуманиёзова «Газета.uz»га хабар берди.

«Исроил Мадримов билан алоқада бўлиб турибмиз. Жангга чиқадиган кунидан бошлаб то якунлагунча омад тилаб турдик. Ғалабага эришганидан кейин Хоразмга қачон етиб келиши ҳақида ҳамма маълумотларни аниқлаштиргандан кейин вилоят ҳокими [Жўрабек Рахимов]га маълумот берилди. Ҳоким ҳам уни табриклаб қўйди. Кейин келишига вилоят ҳокими ўринбосари Санъат Комилович [Салаев] билан маслаҳатлашдик. Йиғилишда масъулларга топшириқ туширилди. Вилоят ҳокимига масала қўйилган эди, 2 хонали уй бераман деб. Розилик билдирдилар», — деди бошқарма бошлиғи.

«Ушбу ҳадя қайси маблағлар ҳисобига берилганини билмадиму, уй бераман дедилар. Хат-ҳужжат энди қилинса керак», — дея қўшимча қилди у. Нодира Жуманиёзованинг сўзларига кўра, бу вилоят ҳокимининг ташаббуси билан амалга оширилган.

Спортчи ўзининг Instagram саҳифасида берилган ҳадя учун миннатдорлик билдириб, пост жойлади. «Ажойиб совға учун Хоразм вилояти ҳокими Рахимов Жўрабек Рахимовичга ўз миннатдорчилигимни билдираман», — дея изоҳ қолдирди спортчи.

2 хонали уй, бокс, исроил мадримов, спорт, хоразм вилояти

2 хонали уй, бокс, исроил мадримов, спорт, хоразм вилояти

Исроил Мадримовга берилган 2 хонали уй Урганч шаҳрида жойлашган янги турар жойлардан бири ҳисобланади.

Бундан ташқари, 14 март куни унга президент совғаси — нархи 1,04 млрд сўм бўлган Tahoe автомобили топширилганди. Чемпионлик камари ортидан у муддатидан олдин юқори лавозимга кўтарилди. Ички ишлар вазири унга майор махсус унвонини берди.