20 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида (АОКА) ўтказилган матбуот анжуманида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Фаррух Карабаев BYD компанияси Ўзбекистон ҳукуматидан электромобилларнинг «тартибсиз» импортини чеклашни сўраганига изоҳ берди.

«Биринчидан, ҳали чеклов киритилмади. Киритиладими, йўқми, таклифлардан келиб чиқиб белгиланади. Қарорда аниқ-равшан ёзилган. Иккинчидан, Ўзбекистон бугунги кунда Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш бўйича музокаралар жараёнида. Барча қабул қилинаётган қарор ва таклифлар ЖСТга аъзоликка таъсири бўйича баҳоланиши белгиланган. 2023 йилда бу бўйича давлат раҳбари қарори ҳам қабул қилинган. Шу нуқтаи назардан чеклов киритилиши ҳақида аниқ фикр айтишга эрта», — деди қўмита раиси ўринбосари.

У компанияларнинг ҳукуматга мурожаат қилишини чеклолмаслигини таъкидлаб, ҳар қандай хўжалик юритувчи субъект ҳар қандай давлат органига мурожаат қилиши, таклиф киритиши мумкинлигини таъкидлади.

«Лекин мувозанатли таклиф ишлаб чиқилиши керак бўлади. Шахсий тарзда олиб кирилаётган импорт автомобиллар тегишли техник жиҳатдан тартибга солиш қоидаларига мувофиқлиги бўйича умуман назорат ёки тартибга солиш амалга оширилмаяпти. Бу бир тарафдан истеъмолчилар учун қулай, чунки арзонроқ нархда киради. Чунки расмий дилерларнинг автосалони бўлиши кераклиги ва ҳоказо каби тегишли харажатлари бор», — деди Фаррух Карабаев.

Унинг айтишича, бу масала бўйича «мувозанатли» қарор қабул қилинади.

«Қайсидир хўжалик юритувчи субъектнинг фикри билан бирданига чекловлар ўрнатилмайди, чунки мувозанатли қарор қилинади. Шунинг учун тегишли органларга топшириқ берилди. Шу жумладан, қўмитамиз ҳам ўз таклифини беради», — деди қўмита раиси ўринбосари.

Унинг қўшимча қилишича, климатик синовлар ва бошқа талаблар табиий бўлиб, барча давлатларда мавжуд ҳисобланади ва буни меъёрдан ошиқ талаб деб ҳисоблаш нотўғри бўлади. Рақобат қўмитаси рақобат нуқтаи назаридан бу талаблар қандай таъсир қилишини тизимли ўрганиб боради ва ўз таклифларини киритади.

«Ўша қарор қабул қилинган тақдирда ҳам, Рақобат тўғрисидаги янги қонунда ҳар қандай хўжалик юритувчи субъект ўз устун мавқеини суистеъмол қилишини чеклаш бўйича етарлича механизмлар бор. Нарх нуқтаи назаридан ҳам, истеъмолчилар манфаатларини камситиш ёки рақобатга зид харакатларни амалга ошириш бўйича ҳам янгиланган қонун жуда катта ҳуқуқий кучга эга», — дея қайд этди Фаррух Карабаев.

Аввалроқ BYD компанияси Ўзбекистон ҳукуматидан электромобилларнинг мамлакатга тартибсиз импортини чеклашни сўрагани хабар қилинганди. Бу президентнинг 18 мартдаги Ўзбекистонда электромобиллар ва гибрид автомобиллар ҳамда уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича инвестиция битимини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорида қайд этилган («Газета.uz»да мавжуд).

Ҳужжатда айтилишича, инвестор (BYD) ҳукуматга маҳаллий иқлим ва йўл шароитларига мослашмаган, шунингдек, расмий кафолатга эга бўлмаган электромобилларнинг тартибсиз импортини чеклаш бўйича мурожаат қилган.

Президент Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамиятига рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек, Жаҳон савдо ташкилоти тамойилларидан келиб чиқиб 2024 йил 1 июлга қадар Вазирлар Маҳкамасига BYD бренди остидаги электромобиль ва гибрид автомобиллар импортини тартибга солиш бўйича инвестор талабини амалга оширишга қаратилган таклифлар киритиш топшириғини берди.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзавтосаноат» ва Хитойнинг BYD Auto компанияси 2023 йил январь ойида мос равишда 60 фоиз ва 40 фоиз улуш билан электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича «BYD Uzbekistan Factory» қўшма корхонасини ташкил қилганди. Унинг устав капитали — 55 млрд сўм.

Президент январь ойида Хитойга давлат ташрифи доирасида BYD компаниясининг бош қароргоҳида бўлиб, ушбу компания билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида гибрид ва электромобилларни йиғиш лойиҳасини ишга туширганди. Учрашувда томонлар яқин келажакда ишлаб чиқариш қувватини 500 минг донага етказишга келишиб олди. Президент, шунингдек, компаниянинг Ўзбекистонда BYD электробусларини йиғишни бошлаш режасини ҳам қўллаб-қувватлаган.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, электромобиллар соҳасидаги лойиҳаларни жадаллаштириш, Хитойнинг BYD компанияси билан электромобиллар учун бутловчи қисмларни маҳаллийлаштиришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берганди.

Декабрь ойи охирида «Газета.uz» ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилгани, унга кўра, автомобиллар ва электромобилларни олиб кириш қоидаларини кучайтириш режалаштирилгани ҳақида хабар берган. Хусусан, 2024 йилдан бошлаб жисмоний шахсларга тижорий мақсадда автомобиль олиб киришни тақиқлаш кўзда тутилганди. Бундан ташқари, янги хорижий автомобилларни фақат расмий дилерлар орқали сотиш тартибини тиклаш таклиф этилганди. Мазкур ҳужжат қабул қилинмаган.