Шавкат Мирзиёев 6 февраль куни Ўзбекистонда электромобиллар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тақдимоти билан танишди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Бугунги кунда мамлакатдаги 8 та заводда ўнлаб турдаги автомобиллар, йўловчи ва юк машиналари, қишлоқ хўжалиги ва махсус техникалар ишлаб чиқарилмоқда. Яна 2 мингдан зиёд корхонада кооперация асосида бутловчи ва эҳтиёт қисмлар тайёрланмоқда, дейилади хабарда.

Президент январь ойида Хитойга давлат ташрифи доирасида BYD компаниясининг бош қароргоҳида бўлиб, ушбу компания билан биргаликда Жиззах вилоятида гибрид ва электр автомобилларни йиғиш лойиҳасини ишга туширган эди. Учрашувда томонлар яқин келажакда ишлаб чиқариш қувватини 500 минг донага етказишга келишиб олган. Президент компаниянинг Ўзбекистонда BYD электробусларини йиғиш режасини ҳам қўллаб-қувватлаган.

Охирги уч йилда Ўзбекистонда электромобиллар савдоси 10 баробар кўпайган. 2023 йилда импорт қилинган автомобилларнинг 35 фоизини электромобиль ва гибридлар ташкил қилган.

«Ўзавтосаноат» раҳбари Улуғбек Розукулов. Фото: Президент матбуот хизмати.«Ўзавтосаноат» раҳбари Улуғбек Розукулов. Фото: Президент матбуот хизмати.

Шу боис президент электромобиллар саноати бўйича аввал белгиланган режаларни кенгайтириш, лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди. У BYD компанияси ҳамкорларини жалб қилиб, электромобиллар учун бутловчи қисмларни ўзлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев Турин политехника институти, муҳандислик марказлари, илмий институтлар ва лабораторияларни ўзаро боғлайдиган яхлит тизим яратиш вазифасини ҳам қўйди.

Ушбу соҳанинг ривожланиши билан мутахассислар ва ишчиларга талаб ортиши кутилмоқда, кейинги уч йилда бу талаб 10 минг кишига етиши мумкин. Шу боис давлат раҳбари малакали кадрлар тайёрлашни ҳозирдан бошлаш зарурлигини таъкидлади.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, электромобилларни қувватлаш станцияларини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзавтосаноат» ва Хитойнинг BYD Auto компанияси 2023 йилнинг январь ойида мос равишда 60 фоиз ва 40 фоиз улуш билан электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича BYD Uzbekistan Factory корхонасини ташкил қилган эди. Компаниянинг устав капитали 55 миллиард долларни ташкил этади.