Сурхондарёнинг Қумқўрғон туманида 200 га яқин хонадон яшайдиган «Янгиҳаёт» маҳалласи бор. Ўзбекистоннинг аксарият чекка ҳудудлари аҳолиси каби, янгиҳаётликлар ҳам биттагина трансформаторни қўшни — Бандихон туманининг «Обикор» маҳалласи билан бирга бўлишиб ишлатарди. Ускуна бор-йўғи 100 та уй хўжалигини электр энергияси билан таъминлай оларди, холос. Оқибатда Қумқўрғон туманининг 100 та хонадони ва чегарадош маҳалланинг яна 200 та ҳовлиси электрни узуқ-юлуқ олса оларди, бўлмаса йўқ.

Фото: Ойбек Усанов.Фото: Ойбек Усанов.

Шундай ҳаёт тарзи 2020 йилгача табиий бир ҳол эди. Пандемия энг авжига чиққан вақтда Термиз давлат университетининг архитектура факультетида ўқийдиган янгиҳаётлик Ойбек Усанов қўшниларига «Ташаббусли бюджет»да қатнашиб, омадни синаб, ҳамма учун янги трансформатор ўрнатиш таклиф қилди. У бу лойиҳа ҳақида Хушнудбек Худойбердиевнинг блогидан хабар топганди.

«Нима таклиф қилишни узоқ ўйлаб ўтирганим йўқ. Яхшилаб ҳисоб-китоб қилмаган бўлсам-да, 100 млн сўм керак, деб кўрсатдим. Лекин шу пул етарли бўлди», — дея эслайди ёш архитектор.

Ойбек Усанов. Фото: Instagram.Ойбек Усанов. Фото: Instagram.

Нега айнан трансформатор? Ойбекнинг айтишича, электрсиз «Янгиҳаёт» аҳли ўзини худди дунёдан узилиб қолгандек ҳис қилган. Айниқса, кириш имтиҳонларига қоронғида ва интернетсиз тайёрланадиган абитуриентлар бу муаммони ўз танида жуда кучли ҳис қиларди.

«Очиқ бюджет» қоидаларига кўра, фуқаролар кичик маҳаллий (локал) муаммоларни ҳал қилиш учун лойиҳалар таклиф қилиши мумкин. Аҳоли кўпинча йўлларнинг ёмонлигини, таълим ва тиббиёт муассасаларининг таъмирталаб ҳолга келиб қолганини, муҳандислик инфратузилмаларининг етишмаслигини кўрсатади. Энг кўп овоз олган лойиҳалар ғолиб чиқади.

Биринчи йили «Ташаббусли бюджет» кўп ҳам оммалашмади: фуқаролар бюджет пуллари тақсимотида ўзлари ҳам қатнаша олишларига ва умуман давлат солиқ тўловчилар ҳақида қайғуришига кўп ҳам ишонмади.

«Одамлар Ўзбекистонда бундай бўлиши мумкин эмас, деб ўйлаётганди», — деб эслайди Ойбек Усанов.

Карантин чекловлари сабаб йигит овоз тўплаш учун кўчага чиқа олмаган. Шу боис у телефон орқали қариндошларидан ёрдам сўраган. Уларга «Ташаббусли бюджет» нималиги, унда янгиҳаётликлар қандай лойиҳа билан қатнашаётгани, овоз қандай берилишини эринмай тушунтирган. Аҳолининг ишонч даражасини маҳалланинг биринчи йили ғолиб чиқишига имкон берган овозлар сонидан ҳам кўриш мумкин: маҳалла атиги 32 та овоз эвазига трансформаторли бўлган.

open budget, ташаббусли бюджет, фуқаролик жамияти

«Ғалаба қозонганимдан кейин ҳам кўпчилик ишонмади. Одамлар ҳақиқий натижани — ўз уйида электр таъминоти узлуксиз бўлиб қолганини кўрганидан кейин Open Budget’га ишонч ошиб кетди», — дея ҳикоя қилади Ойбек Усанов.

Ишонч билан рақобат ҳам ўсди. Бугун ўзбекистонликлар «Ташаббусли бюджет» учун ўн минглаб лойиҳаларни киритмоқда. Таққослаш учун, 2019 йили фуқаролар 28,7 мингта лойиҳани илгари сурган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 69,7 мингтага етди.

Одамлар орасидаги овозадан ташқари давлат органларининг иши ҳам ушбу лойиҳага бўлган қизиқишнинг ошишига хизмат қилди. Масалан, Сурхондарё вилоят Молия бошқармаси талабалар, хусусан, Термиз давлат университети орқали «Ташаббусли бюджет»га янги аудиторияни жалб этишга қарор қилди. Open Budget’нинг иккинчи мавсумида қатнашаётган талабаларга (улар орасида Ойбек Усанов ҳам бор эди) совғалар ваъда қилинди.

Янгиҳаётликларнинг муваффақияти бандихонлик қўшниларни ҳам Ойбек Усановдан «ташаббусли бюджет» сир-асрорларини ўрганишга ундади. Иккала маҳалла ҳам ўз ҳудудидан ўтган марказий кўчанинг йўл қопламасини янгилаш бўйича лойиҳа билан чиқди. «Янгиҳаёт»даги лойиҳа қиймати 1,2 млрд сўмга баҳоланган эди, дея хотирлайди Ойбек Усанов.

Фото: Ойбек Усанов.Фото: Ойбек Усанов.

«Рақобат жуда кучли бўлди. Туни билан газ-заправкаларда юриб, овоз тўплашга тўғри келди. Кундузи ўқиб, кечаси ҳайдовчи ва йўловчиларни лойиҳамиз учун овоз беришга кўндиришга уринардик. Ҳар бир машинада тўрт-беш киши борлигини ҳисобга олинг-да. 20 кун шундай тиним билмадик», — дейди Ойбек Усанов.

Йўловчиларни кўндириш осон бўлгани йўқ. Кўпчилик SMS-хабар ичида келган кодни нима қилиш кераклигини тушунмас, бу хабар қандайдир молиявий операциялар билан боғлиқ бўлса-чи, код киритилгач, банк картамдаги пулларни ўғирлаб, ечиб олишса-чи, деб хавотирланганлар кўп эди.

«Баъзилар ўз маҳалласидаги лойиҳасига овоз беришни маъқул кўрарди — одамлар аста-секин Open Budget ҳақида хабар топа бошлаганди. Баъзилар телефонда қандай ишлашни билмасди. Ҳозир одамлар овоз учун газли сув, ёғ ёки пул таклиф қиляпти. Бунақа ишлар хаёлимизга ҳам келмаганди, — дея тан олади Ойбек Усанов. — Биз одамларни ўз асосларимизни келтириб кўндиришга ҳаракат қилардик. Балки шунинг учун бизга қийинроқ бўлгандир, чунки овоз берган одам эвазига ҳеч нарса олмасди».

Ойбек Усанов 3898 та овоз тўплашга муваффақ бўлган — Қумқўрғон туманида фақат битта маҳалла бундан-да кўпроқ овоз йиққан, холос. Ғолиб маҳаллалар номи расман эълон қилинган тантанали маросим Тошкентда бўлиб ўтган. Шахсан молия вазирининг ўзи ғолибларни қутлаган. Лойиҳадаги фаол иштироки учун Ойбек Усановга планшет совға қилинган.

Олдинда янгиҳаётликларни марказий кўчанинг текисланишини узоқ кутишдек оғир азоб кутарди. Мавсум финалчилари уларнинг ғолиб чиққан лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилишини бир неча ойлаб кутишга мажбур. Бу маблағ тақсимоти механизми ва харидлар жараёни билан боғлиқ. Маҳалла ғолиб бўлгани ҳақида апрелда хабар топган бўлса ҳам, пул ёз ўрталаридагина ҳисобга тушган. Бу вақт ичида одамларнинг «Ташаббусли бюджет» ва Ойбек Усановга бўлган ишончига дарз кетишига бир баҳя қолган.

open budget, ташаббусли бюджет, фуқаролик жамияти

«Кўпчилик олдимга келиб, „Йўл бўларканми, йўқми?“, „Нега асфальт қилмаяпти?“, деб сўрарди. Дўстларим шунча куч ва вақтини бесамар кетказганидан норози эди. Мен Молия вазирлигига қўнғироқ қилиб, пул қачон тушишини сўрадим. Аҳвол шу даражага етдики, охири ўзим ҳам пулнинг тушишига шубҳа қилиб қолдим», — дея ўз ҳисларини баён қилади у.

Пул тушгач, маҳалла аҳли қурилиш ишларини қатъий назорат қилиб борди. Ойбек Усановнинг айтишича, янгиҳаётликлар ижрочидан асфальтни сифатли қилиб ётқизишни талаб қилган.

«Биз олдиндан шарт қўйгандик: қилсанг сифатли қиласан, бўлмаса умуман қилмайсан», — дея эслайди Усанов.

open budget, ташаббусли бюджет, фуқаролик жамияти

Иш битгач, маҳалла янги йўлда юк машиналаридан фойдаланмасликка келишиб олган.

«Асфальт ҳозир ҳам аъло даражада. Оқсоқолларимиз юк машиналарини ортга қайтариб юборганини ўзим бир неча бор кўрдим», — дея қўшимча қилди Ойбек.

2022 йилги овоз тўплаш жараёнида Ойбек қатнашмади. Аввалги йиллар муваффақияти янгиҳаётликларни лойиҳаларни мустақил таклиф қилиш ва уларнинг ғолиб чиқиши учун курашишга рағбатлантирди. Бу сафар маҳалла аҳли кўп йиллик ичимлик суви муаммосини ҳал қилиш учун қўшни «Обикор» маҳалласи билан бирга баҳамжиҳат ҳаракат қилишга қарор берди. Қишлоқлар пайдо бўлганидан бери сув учун ирмоққа қатнарди. Вақт ўтиши билан насосли қудуқлар пайдо бўлди, лекин сувни барибир челакда ташиш керак эди. Қоида тариқасида, бу иш билан шуғулланиш хотин-қизлар ва болалар зиммасида эди.

Иллюстратив сурат. Фото: Дилруҳ ИсомиддиноваИллюстратив сурат. Фото: Дилруҳ Исомиддинова

Бюджет пулларини қўлга киритиш учун курашда янгиҳаётликлар ва обикорликлар бошқалардан намуна олди. Улар ёғ ва газли сувлар сотиб олиш учун ўртага пул ташлашди, Тошкентдан овоз йиғиб бериши учун талабаларни ёллашди. Натижада ҳар иккала маҳалладаги ҳар бир хонадонга ичимлик суви кириб борди.

Овоз эвазига мукофотни лойиҳаларни иштирокчиларнинг ўзи томонидан биргаликда молиялаштирилиши сифатида кўриш ҳам мумкин, бу эса фуқароларнинг ҳал этилаётган муаммоларга дахлдорлик ҳиссини оширади, деб ёзганди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси собиқ раҳбари Матильда Димовска «Газета.uz» ёзган мақоласида. Қайд этиш жоиз, ишнинг бошида — 2019 йили, БМТ Тараққиёт дастури «Ташаббусли бюджет» методологияси ва моделини танлашда Ўзбекистон ҳукуматига кўмак кўрсатган эди.

2020 йилдан буён Open Budget сиёсати ўзгариб, тадрижий ривожланиб бормоқда. Лойиҳа аввалида ишлаган айрим усуллар такомиллаштириляпти, умрини яшаб бўлган бошқалари эса аста-секин фойдаланишдан чиқмоқда.

Масалан, 2024 йилдан «Бир фуқаро — бир овоз» тамойили жорий этилди. Бу, бир фуқаро, унинг номида бир неча SIM-карта бўлса ҳам, бир мавсумда фақат бир марта овоз бера олишини англатади. Мазкур чора бир дунё SIM-карта сотиб олиб, лойиҳасининг ғолиблик имкониятини оширишга уринганларнинг хатти-ҳаракатларига бир жавоб бўлди.

2022 йили Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулбаҳор Саидғаниева 2 минг киши яшайдиган маҳалла 10 мингта овоз тўплаганига ишора қилиб, бундай кўринишда овоз тўплашни сунъий деб атаганди.

Бунга жавобан иқтисодчи Отабек Бакиров «Ташаббусли бюджет» одамларда сайлов кампанияларини олиб бориш кўникмасини шакллантираётгани ва овоз қадри ошиб бораётганини таъкидлаган эди.

«2021 йили ҳисобга 3 минг сўм ташлаб беришарди. Ҳозир бу нарса йўқ. Келаси йили одамлар овозини битта „кола“ эвазига сотишга рози бўлмайди», — деганди у.

open budget, ташаббусли бюджет, фуқаролик жамияти

Бундан ташқари, «Бир фуқаро — бир овоз» тамойили турли кўринишдаги овоз тўплашга мажбурловлар олдини ҳам олади. Масалан, 2023 йили Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги мактаблардан бирининг директори SIM-карталар сотиб олиш учун ўқувчилардан 10−20 минг сўмдан пул йиғгани маълум бўлганди. Навоий вилоятидаги мактаб директори эса ўқитувчилардан лойиҳа учун 100 тадан овоз тўплашни талаб қилганди.

«Бир фуқаро — бир овоз» таомйили битта паспортга бир неча SIM-карта расмийлаштирилган оилаларга ҳам таъсир қилади. Бундан буён оиланинг ҳар бир аъзоси ўзининг шахсни тасдиқловчи ҳужжатига расмийлаштирилган алоҳида телефон рақамига эга бўлиши керак. Бу ҳолат овозлар пойгасига қандай таъсир қилади — ҳали кўрамиз.

Ойбек Усанов «Ташаббусли бюджет» сиёсатидаги ўзгаришларга ижобий муносабатда. Ушбу ўзгаришлар овоз йиғиш жараёнини такомиллаштиришига, пойгани янада шаффоф қилишига ва ўзбекистонликларни турмуш шароитларини яхшилаш йўлида бирлашишга рағбатлантиришига унинг ишончи комил. Фуқаролар, «Янгиҳаёт» ва «Обикор» маҳаллаларида ичимлик суви учун бўлганидек, умумий лойиҳанинг ғолиб чиқиши учунгина бирлашмайди.

Турли қишлоқ ва маҳаллалар аҳолиси бамаслаҳат уюшаркан, кимнинг лойиҳаси айнан ҳозир устуворроғи, кимники келаси мавсумни ҳам кутиб тура олади — шуни ҳам муҳокама қилади. Ўзаро келишиб бир лойиҳа учун овоз бераркан, фуқаролар нафақат ғолиблик учун имкониятни оширади, балки ён беришни, сабр билан, аммо келаси мавсум бугун ёрдам олаётган қўшнилар худди шундай қўллаб-қувватлов билан жавоб қайтаришига ишонишни ўрганади.

Шу тариқа, Ўзбекистонда мавсумма-мавсум фуқаролик жамияти ҳам қурилиб қолади.