Навоий вилоятидаги мактабларнинг бирида директор ўқитувчиларнинг ҳар биридан Open budget лойиҳаси учун 100 тадан овоз йиғишни талаб қилгани айтилган аудиохабар тарқалди.

Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу овозли хабар Навбаҳор туманида жойлашган 9-мактаб директори Д.Туробовага тегишли.

«Ҳолат бошқарма бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи У.Тиллаев томонидан тегишли масъуллар билан биргаликда зудлик билан атрофлича ўрганиб чиқилди. Директорга нисбатан иш берувчининг тегишли буйруғига асосан белгиланган тартибда интизомий жазо чораси қўлланди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, ҳозирда ҳолат ваколатли органлар томонидан директорнинг хатти-ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари бор-йўқлиги ўрганилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти Оққўрғон туманида ўқувчилари «Очиқ бюджет» лойиҳасида овоз тўплашга SIM-карта сотиб олиш учун пул йиғишга жалб қилинган мактаб директори ишдан бўшатилганди. Вилоят ҳокими ҳақиқатан ҳам эҳтиёж бўлса, мактабни маҳаллий бюджет ҳисобидан жиҳозлаш бўйича топшириқ берган.

Маълумот учун, Мажбурий меҳнатга қарши курашиш комиссияси айрим соҳа вакиллари, жумладан, ўқитувчилар «Ташаббусли бюджет»га овоз беришга мажбурланаётганини ўрганмоқда. Халқ таълими вазири ҳам педагоглар жараёнга жалб этилмаслигини маълум қилган.