Шавкат Мирзиёев 18 март куни қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат саноатига инвестиция ва экспорт ҳажмини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ҳамда ушбу соҳаларда фаолият юритаётган тадбиркорлар билан мулоқот ўтказди.

Ҳозирда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан 2362 та корхона шуғулланади, улар жами экспортчиларнинг (7210) 32 фоизини ташкил қилади. 2023 йилда Австралия, Янги Зеландия, Сингапур, Колумбия, Индонезия каби 10 дан ортиқ янги бозорларга чиқилган, маҳсулотлар экспорт қилинадиган мамлакатлар сони 85 тага етган.

Лекин экспортнинг 80 фоизи 5 та давлат бозорига тўғри келяпти. Яъни қишлоқ хўжалиги экспортини асосий қисмини «килоси 1 доллардан паст нархда бўлган бозорлар» ташкил қилмоқда, деди президент.

Ўтган йили 52 та мамлакатга 126 минг тонна узум экспорт қилинган бўлса, шундан 98 минг тоннаси (77,7 фоизи) 12 та давлатга килограми 1 доллардан кам нархда сотилган. Шавкат Мирзиёев мутасаддилар бозорни топиб, рухсатнома ва сертификатлар билан боғлиқ муаммоларни, логистика масалаларини ҳал қилса, биргина узум экспортидан 500 миллион доллар олиш мумкинлигини таъкидлади.

Шу каби экспортга чиққан гилоснинг 68 фоизи (45 минг тонна), шафтолининг 74 фоизи (87 минг тонна), хурмонинг 56 фоизи (58 минг тонна) бир доллардан кам нархда сотилган. Ўзбекистоннинг энг харидоргир маҳсулотлари бўлган ўрик, олча, олхўри, анжир, анор, бодом, ловия ва мошда ҳам шу аҳвол.

«Ўзингиз айтинг, бу маҳсулотларимиз учун қанчалик адолатли нарх? Мана, қанча имкониятни бой беряпмиз, мана, қанча валюта бизга тушмаяпти?» — деди давлат раҳбари.

Энг кўп экспорт бўладиган 10 турдаги маҳсулотнинг улуши жами мева-сабзавот экспортида 60 фоизни ташкил қилади.

«Тадбиркорлар айтяпти, таннарх баландлиги, айрим „уддабуронлар“ даромад ортидан қувиб, қадоқлашда сифатсиз маҳсулот қўшиб юбораётгани оқибатида Ўзбекистонда етиштирилган бренд остидаги кўп маҳсулотларимиз ташқи бозорда лидерликни йўқотяпти. Сизлар биз бу бозорни қандай машаққат билан ташкил қилаётганимизни тушуняпсизларми ўзи? Бозор ўзбекнинг олмаси келсин, узуми келсин, деб кутиб ўтирмайди. Бошқа давлат дарров ёпади уни, бозорда бўш жой йўқ ўзи, жой учун кураш керак, кураш», — деди президент.

Мингта экспортчи корхонанинг 300 миллион долларлик муддати ўтган дебитор қарздорлиги бор.

Ўша йиғилишда бош вазир раҳбарлик қиладиган мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспорти бўйича комиссия тузилиши белгиланди. Президент савдо уйларини тадбиркорлар бошқарувига бериш, томорқасида мева-сабзавот етиштираётганларни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида кўриш ва бошқаларни қўллаб-қувватлади.

Шавкат Мирзиёев яна бир бор экспорт муҳимлигини таъкидлади. «Бир ҳақиқатни аниқ тушуниб олиш зарур. Инфляцияни жиловлаш ва валюта барқарорлигини таъминлаш экспорт билан чамбарчас боғлиқ. Қанчалик кўп маҳсулот ишлаб чиқармайлик, экспорт учун керакли шарт-шароитни яратмасак, ўзгариш бўлмайди», — деди у.