Шавкат Мирзиёев 15 март куни Қозоғистон бош вазири Олжас Бектенов бошчилигидаги ҳукумат делегациясини қабул қилди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Президент Олжас Бектеновни яқинда Қозоғистон ҳукумати раҳбари этиб тайинлангани билан табриклаб, фаолиятига муваффақият тилади.

товар айирбошлаш, қозоғистон

Учрашувда Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, бўлажак қўшма тадбирларга тайёргарлик кўриш доирасида ҳамкорликнинг янги кун тартибини шакллантиришга эътибор қаратилди.

Шу жумладан, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш жараёнида ваколатли вазирлар бошчилигидаги ишчи гуруҳ доирасида тўсиқларни бартараф этиш ва келишилган чораларни кўриш зарурлиги таъкидланди.

товар айирбошлаш, қозоғистон

Икки давлат стратегик шериклигининг асосий йўналишлари бўлган саноат, транспорт ва логистика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Устувор тармоқлардаги инвестиция дастурларининг янги портфелини ҳамда транспорт ва энергетика соҳасидаги минтақавий аҳамиятга эга инфратузилмавий лойиҳаларни фаол илгари суриш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

товар айирбошлаш, қозоғистон

Президент Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни тубдан кенгайтириш мақсадида ҳукуматлар даражасида яқин ва тизимли алоқаларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.