БМТ Хотин-қизлар мақоми бўйича комиссиясининг 68-сессиясида қатнашган Ўзбекистон делегацияси раҳбари, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева БМТ ахборот хизмати мухбири Наргис Шекинскаяга интервью берди. Интервьюда ўтган сессия, Ўзбекистон қонунчилигида оиладаги зўравонликни жиноят деб белгилаш ва аёлларнинг давлат бошқарувидаги улушини ошириш ҳақида сўз юритилди.

БМТ Хотин-қизлар мақоми бўйича комиссиясининг 68-сессиясига ҳақида

«Сўнгги беш-олти йил давомида аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятларни таъминлаш масаласи бутун давлат сиёсатимизнинг биринчи ўринига қўйилди. Ўтган йили Конституциямизни янгиладик. Конституцияда Ўзбекистон дунёвий, ижтимоий давлат деб эълон қилинди. Янгиланган Конституциямизда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш масалалари ҳам ўз ифодасини топган. Шу боис, БМТнинг Хотин-қизлар мақоми бўйича комиссиясининг 68-сессияси мавзуси биз учун жуда қизиқ эди», — деди Сенат раиси Танзила Нарбаева.

«Биз иккита асосий қонунни ҳам қабул қилдик. Бу Ўзбекистонда аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятлар тўғрисидаги ва зўравонликка қарши қонун. Ушбу қонунлар билан оиладаги зўравонликни жиноят деб белгиладик. Бу масалалар нафақат Ўзбекистон учун, балки ривожланган давлатлар учун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганини кўрмоқдамиз».

«Биз [сессияга] ўз тажрибамизни тақдим этиш ва бошқа давлатларнинг тажрибасини ўрганиш учун келдик. Қолаверса, биз нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё давлатлари номидан гапирдик. Ўзбекистон ташаббуси билан 2021 йилда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти ташкил этилган бўлиб, унга Марказий Осиёнинг барча бешта давлати кирган. Нью-Йоркка сафаримиз олдидан Марказий Осиё давлатлари билан маслаҳатлашувлар ўтказдик. Бу маслаҳатлашувларга Озарбайжон ҳам қўшилди. [Сессияга] ўзимизнинг аниқ таклифларимиз билан келдик. Мен бу ерда нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг барча давлатлари ва Озарбайжон номидан ҳам нутқ сўзладим», — деди Танзила Нарбаева.

Оиладаги зўравонлик тўғрисидаги қонун ҳақида

«Биласизми, узоқ йиллар давомида бизнинг мамлакатларда, постсовет ҳудудидаги Марказий Осиё давлатларида бу мавзу табу эди, дейишимиз мумкин. Умуман олганда, зўравонликка оид масалага келганда, уни миллий урф-одатларимиз, менталитетимиз, Марказий Осиё ва мусулмон мамлакатлари халқларининг феъл-атвори билан боғлашар эди. Лекин сўнгги йилларда одамларнинг дунёқараши ўзгарди, аёллар ўз ҳуқуқларини ҳурмат қилишни талаб қила бошлади. Энг муҳими, давлатларимиз раҳбарияти бизнинг мурожаатларимизни жуда ижобий қабул қилмоқда ва барча раҳбарлар аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқ ҳамда тенг имкониятларга эга бўлиши керак деган фикрга мутлақо қўшилмоқда», — деди Танзила Нарбаева.

«Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида биринчи бўлиб оиладаги зўравонликни жиноий жавобгарлик сифатида белгилаб қўйди. Ўз тажрибамизни бошқа давлатлар билан баҳам кўришдан мамнунмиз. Қозоғистонда ҳам шундай қонун қабул қилинаётганини эшитдик. Бундай қонунчилик бошқа давлатларда ҳам кўриб чиқилмоқда. Аммо қонуннинг қабул қилиниши — бу ишнинг ярмидир. Энг муҳими, уни амалда қўллаш».

«Албатта, бу қонунни қабул қилиш жуда қийин бўлди. Биз ишчи гуруҳ бир йил давомида унинг устида ишладик. Маълум лавозимларда ўтирган одамлар, баъзи эркак раҳбарлар бу нормаларни қабул қилишни хоҳламади. Шунга қарамай, биз илгари сурган қонунни ҳамма тушунди ва қабул қилди. Мазкур қонун 2023 йилнинг апрель ойида қабул қилинган ва у аллақачон амалда», — деди Сенат раиси

Танзила Нарбаева суҳбат давомида аҳоли ўртасида кенг тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилаётганини ҳам маълум қилди. «Жисмоний зўравонлик каби тушунчалар аввал ҳам мавжуд эди. Лекин иқтисодий зўравонлик, психологик зўравонлик масалалари ҳуқуқий ҳужжатларимизда ўз аксини топмаганди. Бу тушунчалар жорий этилиб, иш берувчилар ва оилаларда тегишли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда», — деди у.

Давлат бошқарувида аёллар улуши ҳақида

«Ўзбекистонда авваллари бу масалада ортда қолиш бўларди. Бундан 6−7 йил аввал парламент аъзоларининг атиги 15 фоизини хотин-қизлар ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 32 фоиз экани хотин-қизларни етакчиликка тайёрлаш борасида олиб борилган ишлар самарасидир. Ва биз бу кўрсаткич билан тўхтамоқчи эмасмиз».

«Бу борада қонунчилигимизга ўзгартириш киритдик — авваллари сайловларда ҳар бир партиядан тақдим этилган рўйхатнинг учдан бир қисми хотин-қизлардан иборат бўлиши керак эди, бугун эса сиёсий партиялар тақдим этилган рўйхатнинг камида 40 фоизи аёллардан ташкил этишини таъминлаши керак. Албатта, айрим зиддиятли вазиятларни ҳал этишда, бюджет маблағлари, маблағларни тақсимлашда, бошқа ижтимоий аҳамиятга эга масалаларни муҳокама қилишда ҳам хотин-қизларнинг овози эшитилиши керак», — деди Танзила Нарбаева.

Видео