Сенатнинг қирқ еттинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва рефендум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.

Муҳокама давомида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтиришга қаратилган вакиллик органларига сайловнинг аралаш, яъни мажоритар ва пропорционал тизимини жорий қилиш масаласига эътибор қаратилди.

Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституцияда референдум ва сайлов билан боғлиқ ўзгаришлар назарда тутилганлиги, шу сабабли амалдаги сайлов тўғрисидаги ҳамда референдум тўғрисидаги қонунчиликни унга мувофиқлаштириш зарурати ҳам мавжудлиги қайд этилди.

Кўриб чиқилган Конституциявий қонунга кўра Қонунчилик палатаси сайлови аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизими асосида ўтказилади. Унда Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими (партиялар рўйхати) асосида сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланиши назарда тутилган.

Шунингдек, сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг ўттиз фоизидан қирқ фоизига оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

аралаш сайлов тизими, сенат

Шу билан бир қаторда сайлов комиссияларининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгаришлар маъқулланди. Хусусан, Марказий сайлов комиссияси тўққиз нафар аъзодан иборат таркибда сайланиши, Марказий сайлов комиссиясининг раиси беш йиллик муддатга сайланиши, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Марказий сайлов комиссиясининг раиси этиб сайланиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланмоқда.

Шунингдек, Конституциявий қонун билан Сайлов кодексига қуйидагича ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:

  • сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига ажратилмоқда;
  • ягона сайлов округида депутатликка номзодлар сиёсий партиялар томонидан номзодлар рўйхати асосида тақдим этилиши назарда тутилмоқда;
  • сайлов комиссиялари тизими такомиллаштирилиб, Марказий сайлов комиссияси; ҳудудий сайлов комиссиялари; туман ва шаҳар сайлов комиссиялари; алқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссиялари сайлов комиссиялари тизимини ташкил этиши белгиланмоқда;
  • партия рўйхатини рўйхатга олиш муддатлари ва тартиби белгиланмоқда;
  • партия рўйхатидан депутатликка номзодни чиқариш, партия рўйхати асосида шакллантирилган ва бўшаб қолган Қонунчилик палатаси депутатлари ўрнини тўлдиришга доир нормалар белгиланмоқда;
  • ягона сайлов округи бўйича Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов натижаларини аниқлаш ва депутатлик ўринларини тақсимлаш тартиби белгиланмоқда.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси аъзолари сони тўққиз нафар этиб белиланиб, унинг камида бир нафар аъзоси Қорақалпоғистон вакили бўлиши, шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг раиси беш йиллик муддатга сайланиши ва айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Марказий сайлов комиссиясининг раиси этиб сайланиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.

Марказий сайлов комиссиясининг, ҳудудий сайлов комиссияларининг, округ ва участка сайлов комиссияларининг ваколатлари аниқлаштирилиб, туман, шаҳар сайлов комиссиясининг ваколатларини белгиловчи янги нормалар билан тўлдирилмоқда.

аралаш сайлов тизими, сенат

Бундан ташқари, «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонунга қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:

  • референдум ташкил этиш ва ўтказишда референдум округларини тузиш тартиби бекор қилиниб, мазкур вазифа Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиялари, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари, участка сайлов комиссиялари томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда;

Марказий сайлов комиссиясига:

  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчилари учун мандат намунасини белгилаш, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш учун ички ишлар органларининг, адлия органларининг мутахассислари, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари вакилларини жалб этган ҳолда эксперт гуруҳини тузиш ваколатлари берилмоқда;
  • туман, шаҳар сайлов комиссияларининг ҳамда участка сайлов комиссияларининг ваколатлари белгиланмоқда;
  • Ўзбекистон ҳудудида жойлашган референдум участкаларида овоз бериш қутиларини соат 20:00 дан олдин очиш ва овозларни санаб чиқишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда;
  • Марказий сайлов комиссиясининг овоз бериш якунларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарори устидан Олий судга шикоят қилиш муддатини референдум якунлари эълон қилинган кундан эътиборан ўн кундан беш кунга қисқартирилмоқда;
  • референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштирок этиш тартиби белгиланмоқда.

«Аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар ва пропорционал сайлов тизимига ўтилиши, энг аввало сиёсий партияларнинг янада фаоллашувига, жамият ҳаётида уларнинг роли ошиб боришига, парламент аъзоларининг тегишли партия олдидаги масъулиятининг кучайишига олиб келади. Депутатликка номзодларнинг камида 40 фоизи ёки ҳар 5 нафардан 2 нафари аёл киши бўлиши кераклигига оид норма ҳам Конституциямизда мустаҳкамланган. Яъни давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ҳаётининг барча соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашига амалий мисол бўлади», — деди Сенат раиси Танзила Нарбаева.

Муҳокамалардан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Энди қонун президент томонидан имзоланиши керак.

Сиёсий партияларнинг ролини ошириш учун аралаш сайлов тизимига ўтиш таклифи март ойида Ўзбекистон президенти томонидан депутатлар билан учрашувда илгари сурилган эди. Конституциянинг янги таҳрири бўйича референдумдан сўнг Шавкат Мирзиёев 8 май куни мажоритар-пропорционал сайлов тизимини жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Бунгача Ўзбекистонда парламент сайловлари мажоритар тизим бўйича ўтказилиб, унда ўз сайлов округида кўпчилик овоз олган номзодлар сайланган деб ҳисобланарди.

Сиёсатшунос Фарход Толипов аввалроқ янги тизим қандай ишлашини тушунтирган эди. Шунингдек, у сиёсий турғунлик шароитида янги сайлов тизимига ўтиш кутилган натижани бермаслигини таъкидлади.