12 март куни фирибгарликда айбланиб қидирувга берилган 35 ёшли эркак Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинди, деб хабар қилди Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консуллиги.

Холмирза Асимович Хакбердиев Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқ-тартибот идораларининг навбатдаги қўшма тадбирида қўлга олинди. Ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консуллигига ёки Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилишлари сўралади.

Хабарда таъкидланишича, тезкор-қидирув тадбирлари «тизимли равишда давом эттирилмоқда».

Маълумот учун, йил бошидан буён одам савдосида айбланган бир неча аёл Туркиядан депортация қилинган. Хусусан, 21 февраль куни 23 ёшли Мунисахон Алижонова, 10 январь куни «Мадам Клод» лақаби билан танилган Нилуфар Мирханова депортация қилинган.

Шунингдек, январда 2018 ва 2022 йиллардан буён қидирувда бўлган икки эркак Туркиядан Ўзбекистонгадепортация қилинганди. Уларнинг бири кўп миқдордаги пулларни фирибгарлик йўли билан ўзлаштириш, иккинчиси ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишда айбланган.