Молиявий жиноятларда айбланиб қидирувда бўлган икки шахс 30 январь куни Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинди, деб хабар берди Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси.

12 январь куни Истанбулда Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасида ўтказилган навбатдаги тадбир давомида 59 ёшли Фахриддин Шакарбоев (2022 йилдан буён қидирувда бўлган) ва 32 ёшли Хумоюнбек Мардонов (2018 йилдан бери) қўлга олинган.

Уларнинг биринчиси кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириш, иккинчиси эса ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишда айбланиб, қидирувга берилганди.

Ушбу шахсларнинг ҳаракатларидан жабрланган фуқаролардан Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ёки Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиш сўралмоқда.

Хабарда таъкидланишича, ҳамкорликдаги тезкор-қидирув тадбирлари «тизимли равишда давом эттирилади».