Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган тезкор тадбир доирасида «Мадам Клод» номи билан танилган Нилуфар Абдураимовна Мирханова қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси хабар берди.

депортация, нилуфар мирханова, одам савдоси, туркия

Аёл (1989 йилда туғилган) Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми «а», «в», «г», «з», «и» бандларида назарда тутилган жиноятларни (ўғирлаш орқали, ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан, айбдорга моддий жиҳатдан ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлган шахсга нисбатан, жабрланувчини Ўзбекистон давлат чегарасидан олиб ўтган ҳолда ёки уни чет элда қонунга хилоф равишда ушлаб турган ҳолда, қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда, худди шунингдек жабрланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб қўйган, яширган ёхуд йўқ қилиб юборган ҳолда амалга оширилган одам савдоси) содир этганликда айбланиб, қидирувга берилган эди.

Айбланувчи 8 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

10 январь куни у Истанбул аэропорти орқали Ўзбекистонга депортация қилинди.

Ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Истанбулдаги бош консулхона ёки Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиш сўралади.

Аввалроқ бош консулхона Ўзбекистоннинг халқаро қидирувга берилган 8 нафар фуқароси Туркияда қўлга олингани, улар уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар контрабандаси, фирибгарлик ва бошқа жиноятларни содир этганликда гумонланаётганини маълум қилган эди. Жумладан, Нилуфар Мирханова Чанаккале вилояти ҳудудида ушланган.