Сўнгги 24 соат ичида камида тўққизта Россия ҳудуди дронлар томонидан ҳужумга учради. Дрон ҳужуми 12 мартга ўтар кечаси бошланди ва кун бўйи давом этди.

Бугун эрталаб Россия Мудофаа вазирлиги еттита ҳудуд: Москва, Ленинград, Белгород, Курск, Брянск, Тула ва Орловда 25 та «самолёт типидаги» дронлар йўқ қилингани ва тутиб олингани ҳақида маълум қилди.

Яна икки ҳудуд — Нижегород ва Воронеж вилоятлари губернаторлари ҳам дрон ҳужумлари ҳақида хабар берди, деб ёзди Би-би-си рус хизмати. У ерларда ёқилғи қуйиш иншоотлари шикастланган.

Орловдаги нефть омборида дрон қулаши оқибатида ёнғин содир бўлган. Унинг майдони 100 кв.м. Расмийлар яқин атрофдаги уйлардан 17 кишини эвакуация қилган.

Рус ОАВ хабарларига кўра, Нижегород вилояти Кстово шаҳридаги «Лукойл» заводи ҳудудига дронлар қулаган, шундан сўнг нефтни қайта ишлаш заводидаги тизимлардан бирида ёнғин чиққан. Reuters`нинг аниқлашича, гап бутун завод фаолиятининг камида ярмини таъминлайдиган тизим ҳақида кетмоқда.

Белгородда дрон шаҳар маъмурияти биносига бориб урилган, икки киши жароҳатланган. Яна бир дрон шаҳар вокзали яқинидаги савдо маркази томига қулаган, қурбонлар йўқ.

Украина расмийлари Россия томонининг баёнотларига ҳозирча изоҳ бермади.

12 март куни эрталаб россияликлардан ташкил топган ҳарбий қисмлар Белгород ва Курск вилоятлари орқали Россия ҳудудига киришга урингани ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлди, деб ёзди «Агентство» Россия ҳарбий каналларига таяниб. Операция давомида зирҳли техникалар қўлланган. Чегарани кесиб ўтишда «Россия эркинлиги» легиони, «Сибир батальони» ва Россия кўнгиллилар корпуси иштирок этгани ҳақида хабар берилди.

Россия Мудофаа вазирлиги ушбу икки ҳудудда мамлакат чегарасини бузиб ўтишга уринишлар бўлганини маълум қилди. Вазирлик маълумотларига кўра, тахминан соат 03:00 да Белгород вилоятида уч йўналишда, эрталаб соат 8.00 дан кейин эса Курск вилояти ҳудудига бостириб киришга уринган гуруҳларнинг яна тўртта ҳужуми қайтарилган. Россия Федерал хавфсизлик хизмати, ўз навбатида, 100 дан ортиқ диверсант ўлдирилгани, олтита танк ва 20 зирҳли техника йўқ қилинганини даъво қилмоқда.

Бу диверсантларнинг сўнгги вақтлардаги Россия ҳудудига киришга бўлган энг сезиларли уриниши бўлди. Ҳужум биринчи марта 2023 йил май ойида Белгород вилоятида содир бўлганди.

Дрон ҳужумида бўлгани каби, Украина бу хабарларга ҳам изоҳ бермади. Украина разведкаси фақатгина ушбу қуролли тузилмалар «мустақил бўлинмалар сифатида ҳаракат қилиши, чунки улар Россия Федерацияси фуқароларидан иборат» эканини таъкидлади.