2022 йил охиридан буён 10 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров вафот этди. Бу маълумотни «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати тасдиқлади.

БП маълумотларига кўра, у 5 мартга ўтар кечаси ўзи даволанаётган ИИВ Жазони ижро этиш департаментининг Тошкент шаҳридаги маҳкумлар касалхонасида вафот этган.

Асосий ташҳис: юрак ишемик касаллиги, стенокардия (функционал синф 3-даражаси), инфарктдан кейинги кардиосклероз, коронар қон томирлар стентлаш оперциясидан кейинги ҳолат, гипертония касаллиги III босқич, артериал гипертензия-III, хавф-IV (ўта юқори).

Ҳозирда шаҳар махсус прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган.

Баҳром Ҳайдаров 2017 йилдан 2019 йил октябрь ойига қадар Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида молиявий жиноятлар содир этганликда гумонланиб, шаҳар халқ таълими бўлими мансабдор шахслари билан 2022 йилнинг 6 июнь куни ҳибсга олинганди.

2022 йил 22 декабрда Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаровни Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисмининг «а», «в» бандлари, 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а»,"б" бандлари ва 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топган.

У 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 350 баравари, яъни 85 750 000 сўм жарима жазоси тайинланганди.

Яна 22 киши қамоқ жазосига, бир неча кишига ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Ишга жами 45 киши жалб қилинган. Улар 63 миллиард сўмдан ортиқ пулни талон-торож қилишда айбланган. «Газета.uz» суд тафсилотлари ҳақида батафсил ёзган.

Баҳром Ҳайдаров 1972 йилда Қирғизистон Республикаси Ўш вилоятида туғилган. 1995 йил Андижон иқтисодиёт ва бошқарув институтини (сиртқи), 1998 йил Ўзбекистон Банк-молия академиясини (кундузги) тамомлаган. У шаҳар ҳокимлигига 2019 йилнинг августидан киришган.