26 декабрь куни Фарғона вилоят судида 45 нафар судланувчи, жумладан, Андижон вилоятининг собиқ ҳокими ва прокурорига нисбатан очилган жиноят иши бўйича очиқ суд мажлиси якунланди, дея хабар қилмоқда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати. 18 июль куни бошланган суд жараёни 5,5 ой давом этди.

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Акром Утаев раислигида ўказилган биринчи инстанция судида Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими ва Андижон вилояти ҳокимлиги молия бош бошқармасининг собиқ бошлиғи Баҳром Ҳайдаровни (1972 йил) Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисмининг «а», «в» бандлари, 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а»,"б" бандлари ва 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

Баҳром Ҳайдаровга Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми ҳамда 61-моддаси тартибида тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Избоскан туман судининг 2022 йил 13 декабрдаги ҳукми билан тайинланган жазо тўлиқ қўшилиб, 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 350 баравари, яъни 85 750 000 сўм жарима жазоси тайинланди.

Собиқ шаҳар прокурори Қурбонали Асқаров (1982 йил) шу каби моддалар, шунингдек, 211-моддаси (Пора бериш) 3-қисми «а», «б» бандлари билан айбдор деб топилди ва унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 10 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Худди шу моддалар билан Андижон шаҳар марказлаштирилган молия-бухгалтерия бошқармаси бош ҳисобчиси Саида Йўлчиева (1976 йил) айбдор деб топилиб, 2 йил 2 ой 20 кун мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 7 йил 11 ой 26 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўташ учун қолдирилди.

Андижон вилояти ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Фарҳод Муллажонов (1983 йил) Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а», «в» бандлари ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а», «б» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди ва 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шу моддалар билан Андижон вилояти ҳокимлиги молия бош бошқармаси маҳаллий бюджет даромадларини режалаштириш ва бюджетлаштириш бўлимининг собиқ бошлиғи Шавкат Ҳошимов (1990) 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Андижон вилояти халқ таълими бошқармасининг собиқ раҳбари Азизбек Миркомилов 3 йилга моддий жавобгар лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 5 йилга ҳукм қилинди.

Суд ҳукмига кўра, судланувчилар Фарҳод Мулложонов, Шавкат Ҳошимов, Жамшид Мирзаев, Сухроб Аҳмадалиев, Ҳайдар Садиров, Муҳаммад Назаров, Арслон Камолов, Илҳом Ҳайдаров, Салоҳиддин Деҳқонов, Ғуломжон Раҳмонбердиев, Сунбулой Эралиева, Хушнуд Собиров, Абдумажид Орипжонов, Муҳаммадбобур Исақов, Науфалбек Камолқориев, Дилноза Найманова, Сарвар Аҳмадалиев, Салима Шарофутдинова, Розахон Мамадалиева, Бобур Абдуллаев, Дилафруз Исматуллаева, Сурайё Ҳамроева, Нозима Қодирова, Файзулло Бекмирзаев ҳамда Шаҳноза Абдурасуловага озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланди.

Хилола Фахриддинова, Ёрқин Ҳошимов, Нилуфар Аҳмаджонова, Дилноза Юсупова ва Турсунов Абидовага ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш жазоси берилган бўлса, Муқаддас Нейманова жавобгарликка тортиш муддати ўтгани сабабли озод этилди, деб ёзади Kun.uz. Нуриддин Бозоров ва Санжар Собировга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Алишер Исомиддинов базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баробари, яъни 55 млн сўм жаримага тортилиб, суд залидан озод қилинди. Ҳасан Муҳиддинов ҳам суд залидан озод этилди.

Дастлабки тергов органи айблов хулосасига кўра, судланувчилар томонидан 63 млрд сўмдан зиёд маблағ талон-торож қилинган ва улар Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган.