6 июнь куни Андижон шаҳар ҳокими унга ва бошқа шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида гумонланувчи тарикасида процессуал тартибда ушланди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

Унинг қўшимча қилишича, иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди.

Аввалроқ, «Газета.uz» Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг 28 май куни бўлиб ўтган йиғилишида Бош прокуратура Баҳром Ҳайдаровнинг депутатлик мақомини муддатидан илгари бекор қилиш тўғрисида тақдимнома киритгани ҳақида ёзгандик. Унга кўра, Андижон шаҳар ҳокими ҳисобланган Баҳром Ҳайдаровни 2017 йилдан 2019 йил октябрь ойига қадар Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида молиявий жиноятлар содир этганликда гумонланиб, терговга тортиш масаласи кўтарилган.

Қайд этилишича, Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан Андижон шаҳар халқ таълими бўлими мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва бошқа моддалар билан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Андижон шаҳар халқ таълими бўлими мансабдор шахслари 2018 йил ноябрь ойидан 2020 йил ноябрь ойига қадар бир гуруҳ шахслар билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, УзАсбо дастурий мажмуасига уланган буюртмачиларнинг ойлик иш ҳақлари ҳамда бошқа тўловлари бўйича сўровномалари ва тўлов топшириқномаларини сохталаштирган ҳолда тўловга тақдим қилиб, 48,5 млрд сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани айтилади.

Хусусан, 2017 йилдан 2019 йил 8 октябрга қадар Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Баҳром Ҳайдаров (ҳозирда Андижон шаҳар ҳокими) ўзининг мансаб ваколатларидан фойдаланиб, бошқа мансабдорлар томонидан асоссиз равишда ойдан ойга кўчирилган 9 млрд сўм маблағларнинг ўрнини тўлдириш учун 14,3 млрд сўмлик маблағларни шаҳар халқ таълими бўлимига ноқонуний равишда ортиқча ажратиб берганликда гумонланмоқда. Ўз навбатида, Ҳайдаров вилоят молия бошқармаси бошлиғи сифатида бюджет маблағларини қатъий иқтисод қилмагани натижасида 6,8 млрд сўм ягона ижтимоий тўлов ҳамда даромад солиғи тегишли жамғарма ва бюджетларга кирим қилинмагани таъкидланган.

«Ушбу ҳолат юзасидан 37 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми „а“ банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва бошқа моддалар билан айблов эълон қилиниб, 32 нафар шахсга нисбатан қамоқ, 2 нафар шахсга нисбатан уй қамоғи ва 3 нафарига нисбатан гаров эҳтиёт чораси қўлланган. Жиноят иши бўйича етказилган 48,5 млрд сўмлик зарарнинг атиги 11,2 млрд сўми, яъни 23,1 фоизи ҳозирга қадар ундирилган», — дейилади Бош прокуратура тақдимномасида.

Шунингдек, тақдимномада Ҳайдаровнинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг тегишли бандларида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжудлиги, уларнинг оқибатлари бартараф этилмагани, яъни етказилган зарарни қоплаш чоралари кўрилмагани кўрсатиб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 22 февраль куни Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров 8 та ҳолатда жами 19,6 минг кв. метр ер майдонини ноқонуний ажратиш орқали давлат манфаатларига 1 млрд 779 млн сўм зарар етказганликда айбланиб, ҳоким бир вақтнинг ўзида депутат бўлганлиги боис Андижон вилояти прокуратураси уни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича Халқ депутутлари Андижон вилояти кенгашига тақдимнома киритганди.

Маълум бўлишича, шаҳар ҳокимининг ҳаракатларида ЖКнинг 205-моддаси 2-қисми «а» банди, 209-моддаси 2-қисми «а» банди ва 229-моддаси 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятлар таркиби мавжудлиги қайд этилган. Шундан келиб чиқиб, унга нисбатан эҳтиёт чораларини қўллаб туриш лозимлиги кўрсатилган.