Покистон мусулмон лигаси раиси Шаҳбоз Шариф мамлакатнинг янги бош вазири бўлди, деб хабар берди The Guardian. Унга парламент қуйи палатасидаги 336 депутатдан 201 нафари овоз берди.

72 ёшли Шаҳбоз Шариф бу лавозимни уч марта эгаллаган Покистон собиқ бош вазири Наваз Шарифнинг укаси ҳисобланади. Шаҳбоз Шариф илк бор 2022 йил апрелида собиқ ҳукумат раҳбари Имрон Хон лавозимидан четлатилганидан кейин бош вазир лавозимига сайланган эди. У мамлакатни 2023 йил августигача, сайловлар олдидан парламент тарқатиб юборилгунга қадар бошқарган.

Шариф номзодини 8 февраль куни бўлиб ўтган парламент сайловлари натижаларига кўра тузилган ва ҳеч бири мутлақ кўпчиликни ташкил этмаган саккиз партиядан иборат коалиция илгари сурган. Натижалар эълон қилингач, бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланганди.

Ҳозирда коррупция ва давлат сирларини ошкор қилишда айбланиб қамоқ жазосини ўтаётган Хоннинг тарафдорлари Шарифнинг сайланишини танқид қилиб, уни «ўғри» деб атамоқда. Улар ҳам сайловларда қатнашганди, бироқ мустақил номзод сифатида. Хоннинг тарафдорлари ҳар қайси партиядан кўра кўпроқ ўрин эгаллаганди, аммо Покистон сайлов тизимининг ўзига хос хусусиятлари туфайли ҳукумат тузиш имкониятидан маҳрум бўлди.

Мутахассисларнинг фикрича, Шариф бошчилигидаги янги коалиция ҳукумати «олдида қийин йўл турибди», деб ёзади The Guardian. Имрон Хонни ҳали ҳам мамлакат аҳолисининг сезиларли қисми қўллаб-қувватлайди, Покистон иқтисодиёти эса инқирозга юз тутмоқда.