Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Николай Дорошенко 26 февраль куни бўлиб ўтган брифингда мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ҳақида гапирди.

Ўзаро савдо

Унинг сўзларига кўра, яқинда ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан бўлиб ўтган учрашувда томонлар келгуси йилларда иқтисодий ҳамкорлик бўйича йўл харитасини ишлаб чиқишга келишиб олган.

«Саноат бўйлаб ҳамкорлик тўхтамайди. Логистика билан боғлиқ қийинчиликлар мавжуд, чунки Украинадан товарлар Каспий денгизи орқали ўтади — бу катта логистика масофаси бўлиб, маҳсулот нархини оширади, бу маҳсулотларга бироз таҳдид солади, аммо шунга қарамай, тадбиркорлар ишлайди. Улар маҳсулот етказиб беришнинг муайян схемаларини ишлаб чиқдилар», — деди элчи.

Николай Дорошенко ҳарбий ҳаракатлар туфайли Ўзбекистон ва Украина ўртасида 2022 йил бошига келиб ўсишни бошлаган товар айирбошлаш яна пасайганини таъкидлади. 2023 йил охирида у 320 миллион доллардан ортиқни ташкил этган бўлсада, 2021 йил охирига келиб бу кўрсаткич 747 миллион долларга етган бўлган.

«Бу аввалги ҳажмнинг ярмига тенг. Аммо савдо ҳали ҳам позицияларни босқичма-босқич қайта тиклаш, ўсиш билан давом этмоқда. Ва бу динамика давом этишига чин дилдан умид қиламиз», — деди дипломатик миссия раҳбари.

Украина элчиси дипломатик миссия Ўзбекистон-Украина ишбилармонлар кенгаши билан ҳамкорликда баҳорда икки давлат бизнес-форумини ўтказишни таклиф қилганини айтди. «Эҳтимол, Украина ва Ўзбекистон ишбилармон аёллари билан шундай форум ўтказишга рози бўлармиз. Бу ғоя ҳозиргача ишлаб чиқилмоқда, лекин аллақачон қизиқиш уйғотди», — дея қўшимча қилди Николай Дорошенко.

Тадбирнинг аёллар учун мўлжалланган формати («женский» формат) Украинада амалда бўлиб турган ҳарбий ҳолат туфайли таклиф этилиши мумкин. Чунки ҳарбий ҳолат пайтида мамлакатдаги эркаклар давлат ҳудудини тарк этиши мумкин эмас.

Шунингдек, элчи Украина фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётганини эслатди. Бир йил аввал «Юрия-Фарм» Ўзбекистондаги «Река-Мед» корхонасини ЕТТБ кредити эвазига сотиб олган ва ҳозирда ишлаб чиқариш қайта жиҳозланмоқда. 2021 йилда Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очган «Лекҳим» компанияси аллақачон йирик ишлаб чиқариш мажмуасини қуриб бўлган (Spot ёзишича, завод қурилиши учун Тошкент чеккасида қурилаётган Tashkent Pharma Park маҳаллий фармацевтика кластеридан унча узоқ бўлмаган 3 гектар майдон танланди). Ер кадастрини рўйхатдан ўтказишда баъзи қийинчиликлар юзага келганига қарамай, Украина элчихонаси корхона тез орада заводни жиҳозлашни бошлашини кутмоқда. Ушбу лойиҳанинг қиймати 42,5 миллион долларни ташкил этади.

Тошкент вилоятида Украинадан келган болаларни реабилитация қилиш

Николай Дорошенко Ўзбекистонга 2023 йил ёзида украиналик 50 нафар болани дам олиш ва соғломлаштириш учун қабул қилгани учун миннатдорлик билдирди. «Булар босиб олинган ҳудудлардан келган болалар, буларнинг ота-онаси вафот этган ёки асирликда. Ўзбекистон томони уларни жуда самимий кутиб олди, шунчаки ҳашаматли шароитларни яратиб берди. Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳа бир қатор шунга ўхшашлари орасида энг юқори рейтингни олди. Украиналик болалар турли мамлакатларга, шу жумладан, Европа мамлакатларига — Швейцария, Полша, Болгарияга саёҳат қилишди. Аммо Ўзбекистоннинг даражасига эришиб бўлмас эди», — таъкидлади Украина элчиси.

«Ташқи ишлар вазири билан учрашувда биз ушбу лойиҳани давом эттириш мумкинлиги ҳақида гаплашдик. Умид қиламизки, бу йил, айниқса, Украинанинг доимий бомбардимон қилинаётган ҳудудлари ва босиб олинган ҳудудлардан реабилитацияга болаларни — ҳозир 100 нафарини таклиф қилиш мумкин», — деди Николай Дорошенко.

Украина рассомларининг Ўзбекистон ҳақидаги асарлари тақдимоти

Элчи шу йил учун режалаштирилган яна бир гуманитар лойиҳа ҳақида ҳам гапирди.

«Иккинчи жаҳон уруши йилларида украиналик ижодкорлар Самарқандга эвакуация қилинганига бу йил 80 йил тўлди», — деди Николай Дорошенко. «У тугагач, улар ўз ватанларига қайтишди, лекин бу ерда жуда кўп рангтасвирлар — акварель, мойли, графикаларни чиздилар… Санъатшуносларимиз Ўзбекистон ҳақидаги ушбу қатлам асарларни тўплашди ва энди улар „Антиквар“ журналида чоп этилади. У ўзбек ва украин тилларида 140 саҳифадан иборат бўлади. Умид қиламанки, апрель ойида биз Киевда журналнинг ушбу сони тақдимотини, шунингдек, „Киев санъат галереяси“ Миллий музейида, сўнгра Ўзбекистонда — Тошкент ёки Самарқандда асарлар кўргазмасини ўтказамиз».

Кўргазма постериКўргазма постери

«Бу Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳам, ҳозир ҳам украиналикларга шундай самимийлик ва эътибор билан қараган, фарзандларимизни таътилга қабул қилган ўзбек халқига миннатдорлик белгисидир. Гап нафақат меҳмондўстлик анъаналари, балки маданият ҳақида ҳам», — дея таъкидлади элчи. У Украина рассомларининг Ўзбекистонга оид ушбу асарларидан иборат кўргазмани Тошкентда ташкил этишни хоҳлаётганини, бироқ санъат объекти ҳисобланган картиналарни етказиб беришда маълум қийинчиликлар борлигини қўшимча қилди.

Хавфли ва хавфсиз меҳнат миграцияси

Украина элчиси Украинага меҳнат миграцияси мавзусига алоҳида эътибор қаратди. У, биринчи навбатда, Россияга меҳнат миграциясига кетаётган Ўзбекистон фуқароларини Украинанинг босиб олинган ҳудудларига ишлаш учун юборилмасликдан огоҳлантирди.

Эслатиб ўтамиз, Bloomberg яқинда Россия Украинанинг босиб олинган ҳудудларида қурилиш ишлари учун қўшни давлатлардан минглаб меҳнат муҳожирларини ёллаётгани, лекин бунинг ўрнига уларнинг баъзилари хандақ қазиб, фронтда жанг қилишга мажбур бўлаётгани ҳақида ёзган эди. 2023 йил ноябрида Украина Миллий қаршилик маркази маълумотларига кўра, Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларида Марказий Осиёдан 100 мингдан ортиқ муҳожир бор.

«Афсуски, бизда Ўзбекистондан Россиядаги меҳнат муҳожирларини гўёки вайрон бўлган уйларни қуриш ва тиклаш учун вақтинча ишғол қилинган Украина ҳудудига жалб қилиш, сўнгра ҳужжатларини олиб, фронтга жўнатиш ҳолатлари мавжуд. Мен бу ҳақда Ўзбекистон томонига маълумот юбордим ва мамлакат расмийларидан фуқароларни бундан огоҳлантиришни сўрадим. Билишимча, Ўзбекистон Адлия вазирлиги вақти-вақти билан ҳарбий ҳаракатларда ёлланма бўлиб иштирок этиш қонунда назарда тутилган жиноий жавобгарлик ҳисобланиб, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишини эслатиб туради», — деди Николай Дорошенко.

Украина элчисининг таъкидлашича, фуқаролар Россия Федерацияси орқали Украинанинг босиб олинган ҳудудларига саёҳат қилиш орқали халқаро ҳуқуқни бузмоқда. «Бу, биринчи навбатда, улар учун хавф, уларни ҳеч ким ҳимоя қилмаслиги, жанговар ҳаракатлар пайтида ҳалок бўлишлари мумкин. Шу боис, одамлар тушуниши биз учун муҳим: кўпроқ маошга рози бўлиш билан одам ўз ҳаётини сотмоқда», — дея тушунтирди у. Элчининг таъкидлашича, босиб олинган ҳудудлардан маълумот олиш қийин бўлсада, бу ҳудудларда Марказий Осиёдан келган 100 минг муҳожир ҳақидаги рақам ҳақиқатга яқин.

Дипломатик миссия раҳбари мамлакатлар ўртасида ҳали ҳам визасиз режим амал қилаётганини ҳисобга олиб, ишга жойлашиш мақсадида Украинага киришнинг ҳуқуқий меъёрлари мавжудлигини таъкидлади.

«Украинани қайта тиклаш учун Ўзбекистондан келган ишчиларга қизиқиш катта. Фуқароларингиз суғурта, ҳимоя ва уй-жой билан таъминланган хавфсиз жойларда ишлашлари учун тадбиркорлик субъектларидан ҳозирданоқ шундай мурожаатлар тушмоқда. Масалан, Украинадаги тадбиркорлардан бири озиқ-овқат, турар жой ва суғурта билан бирга ойига 800 доллар маош эвазига мутахассис қурувчиларни ёллашга тайёрлигини айтди», — деди Николай Дорошенко. Унинг қўшимча қилишича, элчихона Ўзбекистоннинг тегишли давлат органлари билан Украинада ишлаш учун ташкилий ёллаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр.

Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги сиёсий муносабатларнинг ривожланиши

Элчи Украина Ўзбекистон билан турли даражадаги мулоқотни ривожлантиришдан қатъий манфаатдор эканини таъкидлади: «Келажакда ташқи ишлар вазирининг ҳам, президентнинг ҳам ташрифи бўлишидан манфаатдормиз. Ўзбекистон бугунги кунда Украина учун иқтисодиёти фаол ривожланаётган асосий давлатлардан бири бўлган Марказий Осиё минтақасидаги ҳамкорликдаги устувор йўналиш ҳисобланади».

Николай Дорошенко ТИВга Ўзбекистон ва Украина ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларни Киевда ўтказишни таклиф қилганини айтди (аввалги маслаҳатлашувлар 2021 йилда Тошкентда бўлиб ўтган эди).

«Мен маслаҳатлашувларни ҳозир ҳам ўтказишни таклиф қилганман, чунки Киев хавфсиз шаҳар бўлгани учун кўплаб хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари ташриф буюришади. Умид қиламанки, Ўзбекистон томони бир қарорга келиб, рози бўлади. Агар биз сиёсий мулоқотни давом эттирсак, жуда яхши бўларди», — деди у.