Украинадан дам олиш ва реабилитация учун 45 бола ва 5 нафар ҳамроҳлик қилувчи гуруҳ Ўзбекистонга етиб келди, дея маълум қилди мамлакатнинг Тошкентдаги элчиси Николай Дорошенко.

Харьков, Херсон, Николаев, Запорожье, Суми, Хмельницкий, Львов ва Киевдан келган болалар 12 кун давомида Anor тоғ оромгоҳида дам олади.

«Миллий анъаналар асосидаги қабул таъсирли ва самимий тарзда ўтди», — деб ёзди Украина дипломатик миссияси раҳбари болалар оромгоҳда қандай кутиб олингани акс этган суратларни жойлаштирган ҳолда.

«Украина элчихонасининг болаларга психологик мувозанатни тиклаш, Украина шаҳарларига ҳар куни амалга оширилаётган ҳаво тревогалари ва ракета ҳужумларини унутишга ёрдам бериш ҳақидаги мурожаатига меҳр билан жавоб берган Ўзбекистон бизнес ва жамоат ташкилотлари вакилларига катта раҳмат», — дея қўшимча қилди элчи.