Украинанинг «Юрия-Фарм» фармацевтика компанияси Ўзбекистондаги «Река-Мед» фармацевтика компаниясини сотиб олди. Бунинг учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) кредити ҳисобидан 10 млн евро ажратди, дея хабар қилди банк матбуот хизмати.

ЕТТБ кредити маҳсулотининг 30 фоизини (шундан 15 фоизи Ўзбекистонга) экспорт қилувчи «Юрия-фарм»га Ўзбекистон бозори учун дори воситаларини ички ишлаб чиқариш ҳамда Украинадаги ишлаб чиқариш қувватларининг қарийб 10 фоизини бошқа дори воситаларини ишлаб чиқариш учун бўшатиш имконини беради.

ЕТТБнинг таъкидлашича, «Юрия-Фарм» Украинадаги етакчи бешта фармацевтика ишлаб чиқарувчилардан бири бўлиб, ўз дори воситаларини дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларига экспорт қилади.

«Россия ва Украина ўртасидаги уруш шароитида экспорт қийинлашиб, қимматлаб бораётган бир пайтда ўзбек компаниясини сотиб олиш энг яхши стратегик қадам бўлди», — дея қайд этди банк.

«Ушбу келишув Украинада ҳам, Ўзбекистонда ҳам дори воситаларининг мавжудлигини оширади. Шунингдек, у «Юрия-Фарм»нинг рентабеллигини оширади ҳамда Украинадан ташқарида қўшимча майдонларни жойлаштириш орқали ишлаб чиқариш хатарларини диверсификация қилади», — деди Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Шарқий Европа ва Кавказ бўйича бошқарувчи директори Маттео Патроне.

«Юрия-фарм» ЕТТБ билан дастлабки кредит шартномасини 2019 йил май ойида имзолаган. Компания 25 млн евро жалб қилди, бу маблағ икки траншда ажратилиши керак эди. Дастлабки 15 млн евро қадоқлаш линияларини такомиллаштириш, арзон индивидуал дозаларда саратон касаллигини даволаш учун дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда ишлаб чиқаришнинг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирларига сарфланди. Ишлаб чиқаришни янада такомиллаштириш учун мўлжалланган иккинчи транш эса сарфланмади, эндиликда у «Река-Мед»ни сотиб олишга йўналтирилади.

«Река-Мед» корхонаси Ўзбекистонда 2006 йилда ишга туширилган. Корхоналар ва ташкилотлар ягона давлат реестри маълумотларига кўра, 31 март ҳолатида компаниянинг таъсисчилари устав капиталидаги 95,2 фоизга эга Emteko holding (Латвия) ва 4,8 фоизи Маҳбуба Маманова ҳисобланади.

Ишлаб чиқариш қувватининг ўзи Сирдарё вилоятида жойлашган бўлиб, томир ичига юбориш учун инфузион препаратлар ишлаб чиқаради.