Куни кеча Навоий шаҳридаги 2-мактаб директори ташаббуси билан ўқув муассасасига сартарош чақирилгани ва дарс пайти турли синфларда ўқийдиган ўғил бола ўқувчиларнинг сочи олингани ҳақидаги хабарлар муҳокамаларга сабаб бўлди. Хабарларда таъкидланишича, жараённи Миллий гвардия ходимлари ҳам кузатиб турган. Бундан олдинроқ Навоий шаҳридаги бошқа — 6-мактаб ўқитувчиси ўқувчиларнинг ота-оналарига видеомурожаат йўллаб, мактабга кроссовка кийиб келиш мумкин эмаслигини айтиб, уларга танбеҳ бергани ҳақида хабар берилганди.

Ўзи мактабда ўқувчиларнинг ташқи кўриниши ва кийимига нисбатан қандай талаблар қўйилган? Бу талабларни бажармаса нима бўлади? Болаларнинг сочини мажбурий тартибда олдиришга директор қай даражада ҳақли эди? Ушбу мақолада ҳуқуқшунос Муроджон Нажмиддинов ушбу масаланинг ҳуқуқий жиҳатлари хусусида сўз юритади.

Мактабда ўқувчиларнинг ташқи кўриниши ва кийимига нисбатан қандай талаблар қўйилган?

«Бир вақтлар Оврупо ваҳший экан, биз маданий эдик. Сўнгралари Оврупо халқлари маориф ва маданият йўлида ишлади. Бу ҳолга етишди. Биз тушдик, ухладик, ишламадик, бу ҳолга етишдик. Бу кунгача Оврупо халқи осмонга учар экан, бизда соч ва соқол низолари, овруполиклар денгиз остида сузар экан, бизда узун ва калта кийим жанжаллари. Оврупо шаҳарлари бутун электрик билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жўғрофия ва табият ўқитиш-ўқитмаслик ихтилофлари… давом этди».

Ўрта Осиё жадидчилик ҳаракатининг йўлбошчиларидан бири Мунаввар қори Абдурашидхонов (1878−1931) томонидан айтилган ушбу масалалар, хусусан, мактаблардаги «соч ва соқол, калта ва узун кийим жанжаллари» орадан бир аср ўтса ҳамки, минг афсус, ўз долзарблигини йўқотмаяпти.

Мактаблар маъмурияти ўқувчиларнинг ташқи кўринишига фавқулодда муҳим эътибор қаратишидан бехабар киши бўлмаса керак — ўқувчи қизларнинг лаб бўёғию тирноғи, ўғил болаларнинг сочию пойабзали доимий диққат марказида. Ҳатто бир сафар «ЛГБТга қарши кураш доирасида» Тошкентдаги мактабларнинг бирида ўғил бола ўқувчиларнинг пайпоқлари узун-калталиги текширилгани ҳам ҳали кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган.

Хўш, ўқувчиларнинг ташқи кўриниши ва уст-боши қандай бўлиши керак?

Ўзбекистонда таълим соҳаси 100 дан зиёд қонунчилик ҳужжати билан тартибга солинади. Шулардан бири, бу — ҳукуматнинг ўқувчилар ташқи кўриниши қандай бўлиши кераклигини белгилаб берган 2018 йил 15 августдаги қарори. Ушбу ҳужжат ўқувчилар орасида кийим-бош масаласида соғлом муҳитни шакллантиришга қаратилган ва асосли қоидаларни белгилаган бўлса-да, болаларнинг ташқи кўринишини имкон қадар маълум бир тартибга солишга интилган. Масалан, биринчи қоида — мактаб формаси қандай талабларга жавоб бериши кераклиги ҳақида:

  • кийимлар ўта тор ёки ўта кенг бичимда бўлмаслиги;
  • қизлар учун юбканинг узунлиги тиззадан камида 5−15 см пастда бўлиши;
  • ўғил болалар учун шимнинг узунлиги оёқ тўпиғидан пастда бўлиши;
  • оёқ кийимлар пошнасининг 3 сантиметрдан баланд бўлмаслиги;
  • кўйлакнинг энг юқоридаги фақат битта тугмасидан ташқари бошқа тугмаларнинг қадалган бўлиши;
  • кийимларнинг тоза ва дазмолланган бўлиши.

Иккинчи қоида. Ўқувчилар мактаб ичида бош кийимсиз юришлари лозим. Фақатгина бир ҳолатда — мактабда уюштириладиган турли тадбирларда бош кийимга рухсат берилган. Қайд этиш жоиз, агар ўқувчи мактаб етарли даражада иситилмагани, синфхона совуқлиги сабаб дарсда бош кийимда ўтирса ҳам бу қоидани бузган ҳисобланади.

Учинчи қоида. Аҳоли турли миллат ва дин вакилларидан иборатлиги ҳамда мажбурий таълим дунёвийлиги муносабати билан ўқувчиларнинг мактаб формасига турли дин ва конфессиялар ҳамда турли субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга йўл қўйилмайди.

Тўртинчи қоида. Умумтаълим мактабларида:

  • ўғил болалар танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, соқол қўйган, сочи 2−3 сантиметрдан узун бўлган ва ёрқин рангларга бўяган ҳолда;
  • қиз болалар танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, сочини ёрқин рангларга бўяган, юзини кўзга ташланадиган даражада макияж қилган, қулоғига биттадан ортиқ сирға таққан, бармоқларига узук таққан, қўл тирноқларини бўяган ва узун қилиб ўстирган ҳолда келишига йўл қўйилмайди.

Ўқувчиларнинг кийим-бошига нисбатан талабларда, умуман олганда, мантиқ бор — бунда болаларнинг уст-бошига қараб табақаланиши, ўзаро бир-бирини камситишининг олдини олиш мақсад қилинган (айни вақтда, мажбурий мактаб формасининг ўзи баҳсли бир мавзу эканини ҳам рад этиб бўлмайди). Аммо бола (умуман, исталган одам) ўз танасидан қандай фойдаланиши мумкинлиги ва кераклиги давлат томонидан белгилаб берилиши қай даражада тўғри?

Конституцияга асосан ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Шунга кўра, соч ва соқол ўстириш (ва ўстирмаслик), пирсинг қўйиш (ва қўймаслик), татуировка тушириш (ва туширмаслик), соч ва тирноқни бўяш (ва бўямаслик), сирға ва узук тақиш (ва тақмаслик) шахснинг фақат ва фақат ўзи томонидан ҳал қилиниши керак бўлган масалалардир. Биров ўз бурнига пирсинг қўйиши жамият томонидан қандай қабул қилинади, қадриятларимиз ва (аслида нималиги ҳанузгача тўлиқ англаб олинмаган) маънавиятимизга қай даражада мос келади — мутлақо аҳамиятсиз. Бунда эътибор қаратилиши ва ҳурмат қилиниши керак бўлган жиҳат — шахсий ҳуқуқ. Эътиборга молик томони, соч ва тирноқ узунлиги ҳамда таълим сифати ўртасида бирор боғлиқлик ҳам йўқ.

Бешинчи қоида. Қизларга фақатгина қишки ўқиш даврида ягона мактаб формасига мос шим кийишга рухсат берилади. Айтиш мумкинки, бу қоида ҳам жамиятда шаклланган стереотиплардан келиб чиққан. Шу ўринда, Кембриж университети олимлари ўтказган тадқиқот ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз: 135 мамлакатдаги 1 миллиондан ортиқ ўқувчини қамраб олган ўрганишлар мажбурий мактаб формаси, айниқса, юбка ва кўйлаклар бошланғич синфларда ўқийдиган қизларнинг фаоллигига салбий таъсир қилишини кўрсатган.

Ўқувчи бу талабларни бажармаса нима бўлади?

Дейлик, ўқувчи танасининг очиқ қисмига татуировка туширди. Мактаб маъмурияти бундай вазиятда нима қилади? Татуировкани қириб ташлайдими ёки болани дарсга қўймайдими? Конституцияга кўра, умумий ўрта таълим мажбурий. Соч, тирноқ ё татуировкани баҳона қилиб, мазкур конституциявий кафолатни айланиб ўтиб бўлмайди.

Унда мактаб раҳбарияти қоидаларни бузганларга нисбатан қандай чоралар кўриши мумкин?

  • Огоҳлантириш;
  • Кундалик дафтарига қайд этиш;
  • Тушунтириш ишларини олиб бориш учун ота-онасини хабардор қилиш;
  • Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва таълим муассасасидаги йиғилишларда ота-оналар иштирокида муҳокама қилиш.

Аммо бу чоралар қай даражада самарали? Масалан, қиз бола мактабга шимда қатнаса, уни юбка кийишга қандай «мажбурлаш» мумкин? Мактаб маъмурияти ўқувчига огоҳлантириш берди. Ҳолат иккинчи кун ҳам такрорланди. Бу сафар ота-онаси ўқиши учун унинг кундалигига бу ҳақда ёзиб қўйишди. Аммо бундан ҳам наф чиқмади. Энди маъмурият бу масалани ота-оналар мажлиси ёки маҳалла фаоллари йиғилишида муҳокамага қўйиши мумкин.

Ота-она иштирокида муҳокама ҳам ўтказилди деб тасаввур қилайлик — улар қизининг қарорини қўллаб-қувватласа-чи? Шундан кейин мактабда яна қандай «ричаг» қолади? Эҳтимол, мактаб маъмурияти болани тарбиялаш ва унга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаганлик юзасидан ота-онани маъмурий жавобгарликка торттириш ташаббуси билан чиқар. Аммо қуйидагиларга кўра бу вазиятда маъмурий жавобгарликни қўллаш мумкин эмас:

Биринчидан, Конституция ҳар кимнинг эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқини кафолатлайди. Бирор қонун ёки қонуности ҳужжати (жумладан, соч узунлигини ўлчашга асос берувчи қарор ҳам) Конституцияда келтирилган принцип ва нормаларига зид келиши мумкин эмас.

Шунингдек, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга кўра, ҳар бир бола ўз шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига ғайриқонуний аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Шу боис, бола ўзининг конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланганлиги учун унинг ота-онаси жавобгарликка тортилмайди.

Иккинчидан, юқорида саналган талаблар фақатгина давлат умумий ўрта таълим муассасаларига тааллуқли. Яъни, ҳукумат қарори хусусий мактабдаги болаларнинг кийим-боши ва кўринишини тартибга солмайди.

Тасаввур қилайлик, сочи ҳукумат белгилаб берганидан узунроқ бўлган икки боланинг бири давлат мактабига, бошқаси хусусий мактабга қатнайди. Давлат мактабида ўқийдиган боланинг ота-онаси фарзандининг сочи узун бўлгани учунгина «таълим ва тарбия бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаган» деган важ билан жавобгарликка тортилиши мумкин. Яъни, бир ҳолатга нисбатан икки хил ёндашув вужудга келади. Шундай ҳолатда маъмурий жазо қўллаш қай даражада тўғри ва адолатдан?

Ваҳоланки, маъмурий жавобгарликни қўллаш тўғрисидаги ишлар қонунийлик принципига асосланиши керак. Конституция ва бошқа қонунлар эса, юқорида келтирилгандек, боланинг шахсий дахлсизлик ва эркинлик ҳуқуқини эътироф этади. Қонуности ва қонун ҳужжати бир-бирига зид келганида эса, табиийки, қонун ҳужжати қўлланилади. Бундан ташқари, ишлар одиллик принциплари асосида кўриб чиқилиши керак. Талабларнинг фақат давлат мактабларининг ўқувчилари учун қўлланиши бир ҳолатга нисбатан икки хил стандартни юзага келтирмоқда.

Шунга қарамай, мактаб ўқувчиларининг сочи узунлиги учун уларнинг ота-оналарига жарима солиш ҳолатлари барибир учраб турибди. Бундай ҳолатларда фуқаролар жарима қарори устидан шикоят қилиши, ҳуқуқларни талаб қилиши лозим.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, боланинг ўз танасини идора қилиш ҳуқуқи, хусусан, сочини ўстириш, уни бўяш, макияж қилиш, тирноқ ўстириш ва бошқалар унинг шахсий ҳуқуқи ҳисобланади ва бу ҳуқуқ давлат томонидан кафолатланади. Ким томонидан қилинишидан қатъи назар — мактаб директори бўладими, миллий гвардия ёки ички ишлар ходимими, фарқи йўқ — боланинг розилигисиз, унинг иродасига зид равишда сочини олиш (ёки унинг кийим-боши ва ташқи кўринишига нисбатан бошқа эътирозлар) — ноқонуний хатти-ҳаракатлардир. Мактаблардаги «тартиб ва тарбия»ни сақлашга қаратилган бу сингари мажбурлов чоралари акс таъсир кўрсатиб, болаларда чуқур руҳий жароҳат қолдириши мумкин.