Давлат солиқ қўмитасининг Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Дилдора Хашимова 27 февраль куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда тадбиркорларга Солиқ кодексининг 227−1-моддаси бўйича қўлланган жарималар миқдори бўйича маълумот берди.

«Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2022 йил 13 июндан (модда кучга кирган санадан — таҳр.) бугунги кунгача 1500 дан ортиқ тадбиркорга нисбатан 694 млрд сўм жарима қўлланиб, шундан 39 млрд сўми ундирилган», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев тадбиркорлик субъектларига фискаль белгилар ва товарларни маркировкалаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун қўлланадиган молиявий санкцияларни юмшатиш тўғрисидаги фармонни имзолагани ҳақида хабар бергандик.

Ҳужжат билан Солиқ кодексининг тадбиркорлар норозилигига сабаб бўлган 227−1-моддаси бўйича жарима миқдори 50 баравар камайтирилиши назарда тутилмоқда. Ушбу моддада фискаль белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни ёки тартибни, шунингдек, товарларни (маҳсулотларни) идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш назарда тутилган. Бундай қоидабузарлик ҳозирда реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушум миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади.

Эндиликда биринчи марта бундай ҳуқуқбузарлик содир этилганда қўлланадиган жарима миқдори реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 2 фоизини ташкил қилади ва бир йил ичида такрорий қоидабузарлик содир этилган тақдирда жарима миқдори 20 фоизгача оширилади.

Шунингдек, президент фармони кучга киргунга қадар 227−1-моддада назарда тутилган фискаль ҳуқуқбузарликлар учун қўлланган молиявий санкциялар бўйича қарзларнинг 98 фоизи ҳисобдан чиқарилади. Уларни ундириш билан боғлиқ суд ва ижро ишлари тугатилади.

Шунингдек, корхоналар бу бўйича тўлаган жарималарнинг 98 фоизи қайтариб берилади.

Ҳукуматга бир ой муддатда Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини киритиш топширилди.

Тадбиркорларга қандай жарима қўлланганди?

227−1-модда Солиқ кодексининг янги таҳририга 2022 йил 11 мартда киритилган ва тасдиқлангандан кейин уч ой ўтиб — 13 июндан кучга кирди. Модда қуйидаги талабларни ўз ичига олади:

  • фискаль белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш;
  • солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш;
  • товарларни (алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, пиво, дори-дармонлар, маиший техника, 2024 йил 1 мартдан — сув ва ичимликлар) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар учун идентификациялаш воситалари билан мажбурий рақамли маркировкалаш қоидалари.

Ушбу талаблар ёки тартиб-қоидаларни бузиш реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушум миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Солиқ маслаҳатчиси Гулнора Суюндикованинг айтишича, солиқ органлари савдо ва умумий овқатланиш корхоналарини ички ҳисоб дастурлари саналувчи R-Keeper, Jowi, iiko ва бошқа тизимлардан фойдалангани ва улар назорат-касса машиналари, яъни солиқ органлари тизими билан интеграция қилинмагани учун жаримага тортган.

Ушбу жарималар тадбиркорларнинг норозилигига сабаб бўлганидан кейин Савдо-саноат палатасида Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ва Савдо-саноат палатаси раҳбари Даврон Вахобовлар ҳамда тадбиркорлар иштирокида учрашув ўтказилганди. Ўша учрашувда Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари мазкур модда бўйича қўлланган жарималар жами 400 млрд сўмдан ортиқни ташкил этиши ва ССП уларнинг ҳисобдан чиқариш бўйича президент қарори лойиҳасини тайёрлаётганини маълум қилганди. Унга кўра, ташаббускор Савдо-саноат палатаси бўлиб, Солиқ қўмитаси таклифни қўллаб-қувватлаган.