«Док-1 Макс» истеъмоли сабаб вафот этган ҳар бир бола учун 1 млрд сўмдан маънавий зарар ундирилади. Бу 26 февраль куни «Док-1 Макс» дори воситаси билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича якуний суд қарорида қайд этилди.

Суд ҳукмига кўра, судланувчилар Сингх Равендра Пратап, Нурия Мирзаахмедова, Сардор Кариев, А. Азимов, Н. Мусаев, Ш. Шодманов ва Ж. Эркинийдан солидар тартибда «Док-1 Макс» ва «Амбронол» дори воситаларидан заҳарланиб, вафот этган 68 нафар марҳум ва 4 нафар соғлиғи ўта оғир аҳволдаги боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 1 миллиард сўмдан, соғлиғининг аҳволи қониқарли бўлган 4 нафар боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 500 миллион сўмдан ҳамда соғлиғи яхшиланган 8 нафар боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 200 миллион сўмдан маънавий зарар ундирилиши белгиланди.

Аввалроқ дори истеъмол қилиб вафот этганлар сони 69 нафарга етгани, 18 бола ногиронлик орттириб олгани ҳақида хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, суд ҳукмига кўра, Фармацевтика агентлиги собиқ директори Сардор Кариев 18 йил, унинг ўринбосарлари 16 йил, Quramax Medikal директори Рагневдра Пратар эса 20 йилга озодликдан маҳрум этилди.