26 февраль куни Тошкент шаҳри судида «Док-1 Макс» дори воситаси билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича якуний суд қарори эълон қилиниб, 23 кишига нисбатан ҳукм ўқиб эшиттирилмоқда.

Судга раислик қилувчи судья Мусо Юсупов Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги ҳамда «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» ДУК собиқ директори Сардор Кариевни Жиноят кодексининг 186−3-моддаси 4-қисми «а» ва «б» бандлари (Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш / одамлар ўлимига сабаб бўлса; бошқача оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса) ва ЖКнинг бошқа моддалари билан айбдор деб топди ва 2 йил 6 ой давлат идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиб, унга 18 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганини маълум қилди.

Жазони ҳисоблаш 2023 йил 24 январдан (қамоққа олинган сана) бошланади.

Фармагентлик собиқ директорининг ўринбосарлари Амирхон Азимов ва Нодирбек Мусаев 2 йил 6 ой муддатга давлат органларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 16 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Quramax Medikal директори Рагневдра Пратар (Singh Ragvendra Pratar) эса 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри суди 2023 йил август ойидан Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компаниясининг дори-дармонларини, жумладан, «Док-1 Макс» йўталга қарши сиропини Ўзбекистонда қабул қилиш оқибатида камида 69 нафар бола вафот этгани билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқишни бошлаганди. Суд ишида 23 киши (18 эркак ва 5 аёл) айбланаётганди.

«Док-1 Макс» иши кўрилаётган суд залидан «Газета.uz»нинг батафсил маълумотлари билан ҳавола орқали танишишингиз мумкин.