Сўнгги кунларда автобуслар билан содир бўлаётган техник носозликлар, туташ ҳолатлари ва йўл-транспорт ҳодисалари ортгани сабаб 5 нафар масъул ходим — механик ва муҳандислар ишдан олинди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» хабар қилди.

Қайд этилишича, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бошқарув раиси ўринбосари — бош муҳандис Ж.Маннопов, Идоралараро тезкор штаб бошлиғи Б.Маменов, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари бошчилигида, автобус саройи филиаллари раҳбарлари, бош механиклар ва масъул ходимлар иштирокида автобуслар билан содир бўлаётган техник носозликлар, туташ ҳолатлари ва йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабаблари муҳокамасига бағишланган тезкор йиғилиш бўлиб ўтган.

Бунда автобусларнинг техник ҳолатига масъул бўлган, уларнинг йўналишга чиқиш олди техник кўригини талаб даражасида бажармай, ўз хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган ходимларга кескин чора кўрилиб, 5 нафар масъул ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Шунингдек, юқорида санаб ўтилган фавқулодда ҳолатларни олдини олиш чораларини кўриш, автобусларнинг техник ҳолатини бирма-бир текширувдан ўтказиш бўйича 8 та автобус саройлари масъул ходимларига топшириқлар берилиб, ходимларнинг масъулияти янада кучайтирилди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда 26 февралгача расмий хабарларга кўра, 7 та автобус ЙТҲга учраган. Бир электробус эса ҳайдовчининг соғлиғи ёмонлашгани сабаб йўл четидаги панжарага урилди.

Аввалроқ икки автобусда ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар бергандик.