26 февраль куни автобуслар билан боғлиқ 2 та ёнғин ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, соат 08:20 атрофида «1-автобус саройи» филиали тасарруфидаги 174-сонли Mercedes-Benz автобуси Юқори Чирчиқ тумани Барданкўл-Жумабозор-Қизилтоғ йўли бўйлаб ҳаракатланаётган вақтида тормоз тизимида носозлик (самоторможение) келиб чиққан.

Шундан сўнг, воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин қутқарув бўлинмаси тезкор гуруҳи чақирилган. У қисқа вақтда бартараф этилган. Мазкур ҳодиса сабаб тан жароҳати олганлар бўлмаган.

Ушбу автобус 2013 йил ишлаб чиқарилган бўлиб, тасарруф бошидан буён 862 425 километр масофани босиб ўтган. Ҳозирда компаниянинг Ишлаб чиқариш техник бўлими ходимлари томонидан хизмат текшируви олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Ўша куни, шунингдек, соат 08:20 атрофида «1-автобус саройи» филиали тасарруфидаги 33-сонли автобусда қисқа туташув содир бўлган ва тутун (видеода ёнғин содир бўлганини кўриш мумкин) келиб чиққан. 2013 йилда ишлаб чиқарилган Mercedes-Benz`да йўловчилар бўлмаган.

Туташув сабаблари техник ходимлар томонидан ўрганилмоқда, дейилади хабарда.