19 февраль куни соат 12:30 атрофида Тошкент шаҳри Сергели туманида ичида йўловчилари бўлган Yutong электробуси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, «12-автобус саройи» филиали тасарруфидаги 40-сонли йўналишда ҳаракатланаётган ҳайдовчи Қ.Қ. (стажи 33 йил) бошқарувидаги электробус туманнинг «Янги Сергели» кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган бўлган.

Дастлабки маълумотга кўра, ҳайдовчи қон босими ошгани сабабли бошқарувни йўқотиб, йўл четини ажратиб турувчи панжарага бориб урилган.

ЙТҲ оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ. Тармоқларда тарқалган видеода автобус ичида йўловчилар ҳам бўлгани кўринади. Электробус техник шикастланган. Автобус ҳайдовчиси шифохонага олиб кетилган.

Ҳозирда ушбу йўл-транспорт ҳодисаси пойтахт ЙҲХБ ходимлари томонидан расмийлаштирилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.