24 февраль куни Шерзод Уткирович Шокиров Деҳқонобод тумани ҳокими лавозимига тайинланди, дея хабар берди Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Шерзод Шокиров 1982 йилда Косон туманида туғилган. Тайинловга қадар у Кўкдала тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган.

Мазкур лавозимда у беш ойга яқин муддат ишлаган Акром Сулаймонов ўрнини эгаллади. Сулаймонов 2023 йилнинг октябрида президентнинг Қашқадарёга ташрифидан сўнг тайинланганди.

Шавкат Мирзиёев январь ойида ўтказган йиғилишида эса бир қатор туман-шаҳарлар қаторида Деҳқонободда ҳам саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўсиш бўлмагани муносабати билан ҳокимнинг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқишни топширганди.

Шанба куни, шунингдек, Сардор Махсудович Палванов Хива туманининг ҳокими бўлди. Бу ҳақда Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Сардор Палванов 1987 йилда Урганч шаҳрида туғилган, 2013 йилда Урганч давлат университетини агрономия мутахассислиги бўйича тамомлаган.

2016−2017 йилларда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Хоразм вилояти кенгаши раиси ўринбосари, «Камалак» болалар ташкилоти раиси, 2017−2019 йилларда вилоят ҳокимининг жамоат ташкилотлари ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари котибияти мудири лавозимида фаолият юритган.

Тайинловга қадар у 2020 йилнинг августидан буён Ёшлар ишлари агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи бўлган. Янги лавозимда у 2021 йилдан буён ишлаб келаётган Ҳурмат Матрасулов ўрнини эгаллади.