Бош вазирга Ўзбекистондаги 3 та шаҳар ва 4 та туман ҳокимларининг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиши топширилди. Бу ҳақда президент ўтказган йиғилишда маълум қилинди.

Йиғилишда президент саноатда ишлаб чиқаришни кўпайтириш масалаларига тўхталди. Ўтган йили айрим корхоналарда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми камайгани қайд этилди.

Нукус, Жиззах, Бекобод шаҳарлари, Шароф Рашидов, Деҳқонобод, Учқўрғон, Урганч туманларида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўсиш бўлмагани муносабати билан бош вазирга ушбу 7 та ҳудуд ҳокимларининг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.

Ҳудудий саноатни ривожлантириш учун 24 та махсус иқтисодий ҳудуд ташкил қилинган. Уларга соддалашган тартибда ер ажратилади, солиқдан имтиёзлар бор. Лекин айрим ҳудуд раҳбарлари буни суистеъмол қилаётгани кўрсатиб ўтилди.

Масалан, республика бўйича инфратузилмаси бор 800 гектар махсус иқтисодий ҳудудларнинг ери бўш бўла туриб, ҳокимлар уларнинг ҳудудини кенгайтириш бўйича мурожаат қилмоқда.

Эндиликда ҳокимлар махсус иқтисодий ҳудудлардаги барча ерларни тўлиқ ўзлаштирмай туриб, уни майдонларини кенгайтириш бўйича ташаббус билан чиқиши ман этилади.