2024 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш учун 60 минг 500 гектар ер ёшларга деҳқончилик учун ажратилади. Бу ҳақда давлат раҳбари ёшлар бандлигини таъминлаш масалаларига қаратилган йиғилишда сўз борган.

Ер ажратиш тартиби қандай бўлади?

Туман ҳокимлари ерни сув таъминоти яхши жойдан ажратади. Ҳар бир ёшга қанча майдон ажратиш бўйича «маҳалла еттилиги» таклиф беради. Ер олган ёшлар Agrobank`нинг «Фермерлар мактаби»да ҳосилдор экспортбоп экинлар етиштиришга ўқитилади. Мини-техника, уруғ ва кўчатлар сотиб олишга «Ёшлар дафтари» жамғармаси ҳамда Фермерлар жамғармасидан субсидия ажратилади. Деҳқон ёшларга экспортчи ва қайта ишловчи тадбиркорлар кооперация асосида бириктирилади. Бундан ташқари, мева-сабзавот кооперацияларига банклар орқали 2 млрд сўмгача кредит ҳам берилади.

Йиғилишда президентнинг шу йил 18 январдаги «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижросига ҳам тўхталиб ўтилди. Мазкур фармонда 156 та туманда 15 минг 626 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари онлайн аукцион савдоларига чиқарилиши белгиланган.

Давлат раҳбари ушбу ерларни аҳолига яқин, суви ва унумдорлиги яхши жойлардан ажратиб, кооперация асосида экспортбоп экинлар экиш муҳимлигини таъкидлади. Ҳокимларга қўшимча ерларни ўзлаштириб, иш ўринлари учун захира яратиб бориш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда қишлоқ хўжалигидан ташқари, ёшларни билим ва кўникмага ўргатиш ҳақида ҳам сўз борди. Ўзбекистонда 2024 йилда чет тилини билиш бўйича халқаро имтиҳондан юқори балл олганларга нафақат имтиҳон харажати, балки олти ойлик ўқиш пули ҳам тўлаб берилиши белгиланди. Шунингдек, мактаблардаги бўш синф хоналари чет тили репетиторлари ва ўқув марказлари учун ижара асосида бепул ажратилади.