Шавкат Мирзиёев 26 сентябрь куни маҳаллабай ишлаш тизимини кучайтириш юзасидан видеоселектор ўтказди.

Давлат раҳбари мамлакатда барча ижтимоий-иқтисодий дастурлар аҳоли талабидан келиб чиқиб, жойларда амалга оширилаётгани, бунинг учун маҳаллаларга кўплаб ваколатлар, ташкилий ва молиявий имкониятлар берилаётганини таъкидлади.

«Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат „бешлик тизими“ ташкил этилди. Лекин уларнинг ўзаро мувофиқ ишлашида камчиликлар, жуда кўп такрорланишлар бор. Ижтимоий мақсаддаги маблағлар баъзан самарасиз йўналтириляпти. Эҳтиёжманд аҳолининг масаласини ҳал қилиш вилоят ва республика идорасига боғланиб қолган. Маҳалла ходимлари фаолиятини баҳолаш мезони йўқ. Уларнинг кўп вақти „қоғоз тўлдириш“ ва мажлисларга кетяпти», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев маҳалладаги бешлик «маҳалла еттилиги»га айланишини билдирди. Бунда уларнинг сафига солиқчи ва ижтимоий ходим ҳам киритилади.

Таъкидланишича, эҳтиёжманд аҳолини рўйхатга киритиш, моддий ёрдам, субсидия ва кредит ажратиш каби 70 дан ортиқ масалалар, туман ва вилоят идораларига чиқмасдан, маҳалланинг ўзида жамоавий ҳал қилинади. Шунингдек, Бандлик, Тадбиркорлик ва Касаначилик жамғармалари маблағлари ҳар бир маҳаллага тақсимлаб берилади.

Замон шиддат билан ўзгаряпти. Маҳаллани жойларда муаммоларни чинакам ҳал қиладиган институтга айлантиришимиз зарур. Яна тажриба орттирамиз, яна ўзгартирамиз. Ҳаёт бизни шунга мажбур қиляпти. Ҳозирги таҳликаларга ечим топамиз десак, бизнинг ягона йўлимиз — маҳалла, маҳалла, маҳалла ва бир марта маҳалла. Маҳалла тизими обрўйини қанча кўтарсак, одамлар ишонади, одамлар биздан рози бўлади, дея таъкидлади давлат раҳбари.

Маҳалла раиси ва унинг жамоаси одамларнинг муаммоларини ҳал қилиши керак, деди у. «Муаллимнинг қанча қоғози бор эди? Шифокорнинг қанча қоғоз тўлдириши бор эди? Йўқ қилдик-ку. Ҳамма қоғозбозликни йўқ қиладиган қарорни ёзасиз. [Шерзод] Шерматов билан бирга ҳаммасини рақамлаштирасиз. Қоғоз умуман йўқ бўлиши керак маҳалла тизимида», — деди президент.

маҳалла, маҳалла раиси, рақамлаштириш, шавкат мирзиёев

Унинг қайд этишича, маҳалла раиси «энг оғир, эҳтиёжманд оила»га уй-жойларни таъмирлашда ёрдамлашиши ёки ҳокимлар билан биргаликда ипотека кредитини олиб бериши мумкин.

«Бир ойда битта оилага ёрдам берсангиз, [йилига] 12 та, иккитадан бўлса, 24 та оила рози бўлади. Ҳоким ёрдамчиси бир ойда 10 тагина одамни иш билан таъминласа бўладими? 10 тани 9940 га (Ўзбекистон маҳаллаларидаги ҳоким ёрдамчилари сони — таҳр.) кўпайтирса, қанча одам бир ойда иш билан таъминланади», — деди у.

Шавкат Мирзиёев ижтимоий соҳани барқарор ривожлантириш учун йил охиригача «маҳалла еттилиги» билан ишлашни ўрганиш зарурлигини таъкидлади. «2024 йилга яхши тизим билан кирамиз. Одамлар рози бўлади», — деди у ишонч билдирди.

Маҳаллаларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича республика, вилоят ва туман (шаҳар) кенгашлари жорий этилади. Республика кенгашига — бош вазир, ҳудудий кенгашларга эса ҳокимлар раҳбарлик қилади. Кенгашлар «маҳалла еттилиги» қўйган масалаларга ечим топади, молиявий манбаларини ҳал қилиб беради.

«Биз фаолиятимизнинг биринчи кунларидан ҳамма ишни маҳаллада, халқимиз билан биргаликда ташкил қилиб келаяпмиз. Бу тизимни босқичма-босқич ривожлантирдик. Энди яна қўшимча куч, имкониятлар бериляпти. Бу ҳам ваколат, ҳам масъулият дегани. Маҳаллалар — давлатимизнинг энг катта замини», — деди Шавкат Мирзиёев.