23 февраль куни Шавкат Мирзиёев ёшлар бандлигини таъминлаш масаласида йиғилиш ўтказди. Унда ёшларни ишга жойлаштириш, замонавий касб-ҳунарлар ва тадбиркорликка жалб этиш бўйича режалар муҳокама қилинди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 2024 йилда «ёшлар баланси» бўйича 925 минг йигит-қизнинг бандлигини таъминлаш зарур. Шунингдек, коллеж, техникум ва олий ўқув юртларини 300 минг ёш битиради.

Йиғилишда Ёшлар ишлари агентлигининг «Ибрат фарзандлари» лойиҳаси орқали 1 млн нафар ўғил-қиз хорижий тилларга бепул ўқитилиши ҳақида айтиб ўтилди. Мактаблардаги бўш синф хоналари чет тили репетиторлари ва ўқув марказлари учун бепул ижарага берилади. Қишлоқ жойлардаги ўқувчиларнинг ўзлаштириши юқори бўлган 100 та хусусий ўқув марказининг ижара харажатлари 6 ойгача компенсация қилинади.

Шунингдек, хусусий курсларда ўқиб, C1 сертификатини олган ёшларга ўқиш харажатлари, немис, француз, корейс, япон ва хитой тиллари бўйича эса B2 даражаси сертификатини олиш харажатлари қопланади. Шунингдек, 2024 йилда сертификат олишдаги имтиҳон харажатидан ташқари 6 ойлик ўқиш пули ҳам тўлаб берилади.

«Устоз» лойиҳаси доирасида 250 минг нафар ёшлар маркетинг, реклама, электрон савдо, IT дизайнер каби 30 та замонавий касбга ўргатилади.

Қолаверса, оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи бизнес учун имкониятларга йўналтирилади. «Ёш тадбиркор» танловлари ўтказилиб, ғолиб бўлган бизнес лойиҳа ва ғоялар эгалари хорижий давлатларга малака оширишга юборилади.

Мутасаддилар янги саноат лойиҳаларида 100 минг, хизматлар соҳасида 150 минг, иш ўринларини легаллашитириш ва ўзини ўзи банд қилиш орқали 200 минг нафар йигит-қиз бандлигини таъминлаш тўғрисида ахборот берди.

Шунингдек, бу йил ахборот технологиялари соҳасида 70 минг ёшни банд қилиш режалаштирилган. Бунинг учун ҳокимлар қобилиятли йигит-қизларни аниқлаб, IT касблар ва хорижий тилларни ўрганишига кўмаклашади.